Суҳбатдошларимиз – Қувайтдаги “Ал-жабр ал-Аҳмад” шифохонаси реаниматологи Жаҳонгир Жўраев, Англияда умумий амалиёт шифокори бўлиб фаолият юритаётган юртдошларимиз Ниҳола Мадалиева ва Умиджон Мадалиев.
“Муаммонинг кўтарилиши бундан кейинги ўлимларнинг олдини олади”
Умиджон Мадалиев, Буюк Британия Қироллик қошидаги Умумий амалиёт шифокорлар уюшмаси аъзоси, шифокор:
— Юртимиздаги бу ҳолатни эшитиб қайғуга тушдик. Фарзандларини йўқотган ота-оналарга чуқур таъзия билдирамиз. Фарзанд йўқотиш ниҳоятда оғир, лекин нажот кутиб турган боласига бу дорини ўз қўли билан берган ота-оналар аҳволини тасаввур қилишимиз қийин. Бу халқимиз учун трагедия.
Бу ҳолатга олиб борувчи факторлар бир нечта: аввало Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизими нотўғри ишлаётгани, дориларга жудаям берилиб кетиш, билиб-билмасдан ҳар қандай дорини истеъмол қилиш, Ўзбекистонга кираётган дорилар етарлича текширувдан ўтказилмаётганида деб биламан.
Жаҳонгир Жўраев, Қувайтдаги “Ал-жабр ал-Аҳмад” шифохонаси реаниматологи:
— Бу фожиада шифокорларни айблаш нотўғри деб ҳисоблайман. Бу фармацевтика соҳасидаги масъулларнинг ўз ишига масъулиятсизлигидан дейиш мумкин. Болаларнинг ўлими билан шу муаммо кўтарилди. Яхшиямки муаммо кўтарилди – кўтарилмаслиги ҳам мумкин эди. Муаммони кўтарган шифокорларимизга тасанно айтган бўлардим. Шу кунгача бунақа муаммолар Ўзбекистон тиббиётида кўтарилмасди. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетиши мумкин эди. Муаммо кўтарилиши – бундан кейинги ўлимларнинг олди олинишининг белгиси.
Лекин бу муаммони кўтарган шифокорларни жазолаш ёки қарама-қарши фикр билдириш, уларни ишдан бўшатиш келгусида юз бериши мумкин бўлган муаммолар ёпилиб кетишига олиб келади.
“Ўзбекистон телеканалларида дорилар рекламасини кўриб ҳайратда қолдик”
Ниҳола Мадалиева, Буюк Британия Қироллик қошидаги Умумий амалиёт шифокорлар уюшмаси аъзоси, шифокор:
— Бундан 15 йил аввал Ўзбекистонда ишлаганимда дориларга бу қадар ўчлик йўқ эди. Дорихоналар бизнеси ҳам бунчалик гуллаб-яшнамаган эди. Буни рағбатлантираётган, кўпайишига сабаб бўлаётган нарса – дорилар назоратсиз, эркин ҳолатда Ўзбекистон бозорига кириб келиши деб ўйлайман. Шифокорлар дори ёзганда битта эмас, бир нечта дорини ёзади, кўп ҳолларда томчи дорилар ҳам бўлиши шарт. Бу ўз-ўзидан дорихоналар қўзиқориндай кўпайишига олиб келди.
















