СССРда ишлаб чиқарилган ГАЗ-22 универсал автомобили ўша пайтда нега аҳолига сотилмаган?
Ўз шифокоридан: “Фенобарбитал дорисидан ўнтасини ичирса, одамни ўлдиришга етадими?” дея сўраган машҳур ўзбек ким эди? Қадимда тажрибали карвонбошилар саҳродан ўтаётганда нега улоқлар бўйнига қўнғироқ илиб чиққан? – “Заковат” телеўйинининг 2022 йил финалидан репортаж.
2022 йил финалида Жобир Аҳмедов жамоаси иштирок этди.
- Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):
- Темур Мирзаев – туризм эксперти;
- Ҳаётилла Раҳмонов – алоқачи;
- Жобир Аҳмедов – шифокор (жамоа сардори);
- Умид Наримов – файласуф;
- Азамат Қобилов – тарихчи;
- Рушана Ражабова – филолог.
Йил финали ўйинининг 1-раундида марҳум шоира Турсуной Содиқованинг айрим худобехабар аёлларга уларнинг кундошлик билан тенг бўлган ёмон одатини ташлаши бўйича мурожаати ҳақидаги савол ўйналди. Мазкур саволга Жобир Аҳмедов тўғри жавоб топа олди финал билимдонларнинг ҳисобда олдинга чиқиб олиши билан бошланди. Ҳисоб – 1:0.
2-раундда Австралиядаги компания телефон будкалари олдида узун навбатлар ҳосил бўлмаслиги учун қандай чора ўйлаб топгани ҳақидаги савол тушди. Жамоа бу саволга ҳам тўғри жавоб берди ва ҳисоб 2:0 кўринишига келди.
Кейинги раунд саволи Михаил Нестеров картинасидаги ҳарбий амалдор ҳақида бўлди. Билимдонлардан картинадаги воқеалардан келиб чиқиб, унинг номини топиш сўралди. Аммо билимдонлар картина номини тополмади ва ҳисоб қисқарди.
Ҳисоб – 2:1.
4-раундда марий халқига тегишли ажойиб ибора ҳақидаги савол тушди. Муҳокама вақтида жамоа тўғри жавобга анча яқин борган бўлса-да, бироқ дақиқа сўнгида тўғри жавобдан узоқлашиб кетилди. Шундай қилиб, ҳисоб тенглашди – 2:2.
Тенг курашлар остида кетаётган ўйиннинг 5-раундига келиб, телетомошабинлар илк бор ҳисобда олдинга чиқиб олди. Қадимда тажрибали карвонбошилар саҳродан ўтаётганда нега улоқлар бўйнига қўнғироқ илиб чиққани ҳақидаги саволга жамоа жавоб топа олмади. Ҳисоб – 2:3.
Навбатдаги раундда Аркадий Аверченко асаридан олинган, инсон тафаккури маҳсули бўлган вайронкор куч ҳақидаги савол ўйналди. Ўйиндаги энг қийин саволлардан бирига билимдонлар тўғри жавоб бера олмади. Ҳисоб – 2:4.
7-раундда ўзбек шифокори Қутбиддин Низомов ва унинг машҳур мижози ўртасида бўлган суҳбат асосида тузилган савол ўйналди. Мижознинг шифокордан “Фенобарбитал дорисидан ўнтасини ичирса, одамни ўлдиришга етадими?” дея сўрагани ҳақидаги саволни жамоа сардори Жобир Аҳмедов ўз билими ва топқирлиги асосида жамоаси фойдасига ҳал қилди. Ҳисоб – 3:4.
Кейинги раундда Собиқ иттифоқда ишлаб чиқарилган ГАЗ-22 универсал автомобили нега аҳолига сотилмаган, деган мазмундаги савол ўйналди. Ушбу саволга эса билимдонлар жавоб топа олмади ва ҳисоб қалтис кўринишга келиб қолди – 3:5.
9-раунд ўйиндаги сўнггиси бўлиши мумкин эди, бироқ тажрибали билимдонлар ўйинни яна бир раундга узайтиришга муваффақ бўлди. Ушбу раундда жентлменларга бир қоидани эслатиб турувчи ноодатий светофор ҳақида савол ўйналди. Муҳокама жараёнида тўғри жавобга чиройли тарзда етиб борган жамоа ғалаба учун курашиш имкониятини сақлаб қолди. Ҳисоб – 4:5.
10-раундда яна бир суратли савол ўйналди. Рассом Азиза Маматова чизган Алишер Навоий суратида, Навоий нега енглари туширилган ҳолатда тасвирланган, деган саволга, афсуски, билимдонлар жавоб топа олмади ва финал ўйини Жобир Аҳмедов жамоаси учун аламли тарзда мағлубият билан якунланди.
Шунга қарамай, тажрибали жамоа ғалаба учун борини бериб ўйнагани кўплаб мухлислар олқишига сазовор бўлди. Финалларда телетомошабинлар жамоаси ғалаба қозониши анъанаси эса давом этадиган бўлди.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
1-раунд. Савол муаллифи — Умидбек Раҳмонов, Хива шаҳри
Бошловчи: Марҳум шоира Турсуной Содиқова бир мақолаларида айрим худобехабар аёлларга қарата шундай ёзадилар: Бу қилиқнинг отини нима деб аташни ҳам билмайман. Бу кундошлик билан тенг нарса. Азиз аёллар, бу шармандаликдан ўзингизни эҳтиёт қилинг. Аёл шаънига яхши иш эмас бу.
Диққат савол: Шоира уйдаги, хонадондаги қандай ёмон, таърифлаб бўлмайдиган иллат ҳақида ёзган?
Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Қайнонанинг ўз ўғлини келиндан қизғаниши.
Жамоа тўғри жавоб берди
Ҳисоб: 1:0
Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Савол муаллифи - Дилбар Чориева, Музработ тумани
Бошловчи: Мобил телефонлар бўлмаган пайтлари кўчалардаги телефон будкалари жуда оммабоп бўлган. Бир марта пул тўлаб соатлаб гаплашиш мумкин бўлган. Ташқарида одамлар навбат кутиб ўтираверишган. Австралиядаги телефон компанияларидан бири тирбандликни камайтириш мақсадида бир ҳийла ўйлаб топади.
Диққат савол: Бир дақиқадан кейин компания бунга қандай эришганини топинг.
Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Телефон трубкасини оғирлаштириб қўйишган ва гаплашаётган одам чарчаб қолган.
Жамоа тўғри жавоб берди
Ҳисоб: 2 - 0
Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
3-раунд. Савол муаллифи - Ферузбек Ҳаётов, Бухоро шаҳри
Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.
Суратда Михаил Нестеровнинг номи икки сўздан иборат сурати. Суратда амалдорнинг уйи тасвирланган. Хона ичидаги мундирлари унинг амалдорлигини билдиради. Атрофидаги икки аёл унга хўмрайиб қараб туришибди.
Диққат савол: Деталлардан хулоса ясанг ва сурат номини топинг.
Жавобни Азамат Қобилов беради: Чақирув (повестка) келди
Тўғри жавоб: Уй қамоғи
Ҳисоб: 2:1
Савол муаллифи Ферузбек Ҳаётов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
4-раунд. Савол муаллифи – Сардор Қодиров, Учқудуқ тумани, ўрнига Нурмуҳаммад Абдужабборов иштирок этади.
Бошловчи: Марий халқ иборасини тингланг: агар биринчи жойда меҳмон бўлсанг, столга яқинроқ ўтир. Агар иккинчи жойда меҳмон бўлсанг, эшикка яқинроқ ўтир.
Диққат савол: Бир дақиқадан кейин биринчи ва иккинчи жой қаерлигини топинг.
Жавобни Умид Наримов беради: Биринчи жой – тўй, иккинчи жой – аза маросими.
Тўғри жавоб: Ўғлингнинг уйига борсанг, столга яқинроқ ўтир, чунки у ўзингники.
Қизингнинг уйига борсанг, эшик ёнида ўтир, чунки у ўзингники эмас.
Ҳисоб: 2 - 2
Савол муаллифи Сардор Қодиров 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
5-раунд. Савол муаллифи – Ҳувайдо Холиқова – Чуст шаҳри. Ўрнига синглиси Масъума Холиқова иштирок этади.
Бошловчи: Немис ёзувчиси Вилли Майнкнинг “Марко Полонинг ғаройиб саргузаштлари” асарида Лоп саҳросидан ўтаётганларида кекса тажрибали карвонбошилар ҳар бир улоқнинг бўйнига қўнғироқча осиб қўйишни буюриши айтилади. Йўловчилар бу тарақа-туруқ нега керак, деб сўрашганда, унинг вазифасини тушунтириб беради.
Диққат савол: Нега уловлар бўйнига қўнғироқчалар илишган?
Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Қум бўрони кўтарилганда, кўриш имконияти пасаяди, саф бузилмаслиги, карвон тарқаб кетмаслиги учун овозидан топиб олишган.
Тўғри жавоб: Карвонбошилар бу ишни саробга тўла саҳрога кишининг ҳушёр тортиб туриш учун қилишади. Сароб одатда хаёл чалғиганда пайдо бўлади, йўқса, йўлдан адашиб қолиш мумкин.
Ҳисоб: 2 - 3
Савол муаллифи Ҳувайдо Холиқова 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд. Савол муаллифи — Элёр Ҳасанов, Тошкент шаҳри.
Бошловчи: Аркадий Аверченкода бир қисса бор. Унда шундай мисралар бор: дарёлар оқиши, магнит кучи, электр токи, радиотўлқинлар. Булар сизга яхши таниш бўлган кучлар. Лекин инсон ақлининг маҳсули бўлган яна бир шундай куч борки, у барча табиат кучларидан устун туради. Юқорида тилга олинган табиат кучларидан ҳеч қайсиси у каби вайрон қила олмайди, кулини кўкка совурмайди.
Диққат савол: Инсон тафаккури маҳсули бўлган у қандай куч?
Жавобни Умид Наримов беради: Пул
Тўғри жавоб: Аркадий Аверченкода худди шу номдаги қисса бор. Асарнинг дастлабки бобида қисса нега шундай номлангани ҳақида изоҳ бера туриб, у шу таърифни берган. Бу таърифнинг ҳам, қиссанинг ҳам номи – “Ёлғон”.
Ҳисоб: 2 - 4
Савол муаллифи Элёр Ҳасанов 8 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
7-раунд. Савол муаллифи — Шокир Химайдинов, Термиз тумани.
Бошловчи: Машҳур ўзбек шифокори Қутбиддин Низомовнинг эслашича, бир куни унга машҳур мижози телефон қилиб, “Фенобарбитал дорисидан 10 тасини ичса, одам ўладими?” деб сўрайди. Шифокор “Нега?” деб сўраганида мижози нега бу саволни берганини тушунтириб, уни тинчлантиради.
Диққат савол: Аниқ айтинг, ушбу мижоз ким эди?
Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Ўткир Ҳошимов.
Бошловчи: адиб шифокорга бу саволни бериш орқали ўзининг энг йирик асари – “Икки эшик ораси” романидаги Мунавварнинг ўлими ҳаққоний чиқишини таъминлаган. Тўғри жавоб – Ўткир Ҳошимов эди.
Жамоа тўғри жавоб берди.
Ҳисоб: 3 - 4
Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
8-раунд. Савол муаллифи — Саидакбар Мақсудов, Тошкент шаҳри.
Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.
Бу СССРда 1962-1970-йиллар давомида ишлаб чиқарилган Газ-22 универсал автомобилининг сурати. Бу автомобил такси, тез тиббий ёрдам ва давлат корхоналарига хизмат машинаси учун ишлаб чиқарилган. Оддий халққа деярли сотилмаган.
Диққат савол: Нега оддий халққа сотилмаган?
Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди
Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради:
Бу машина тез ёрдам машинасига берилгани сабаб, ҳайдовчилик маданиятига биноан уларга йўл берилган. Оддий халқ шундан имтиёз сифатида фойдалана олмаслиги сабаб берилмаган.
Тўғри жавоб: Бу автомобил бизнес қилиш учун жудаям қулай бўлган. СССРда тадбиркорлик ва хусусий бизнес қилиш қатъиян тақиқланган. Ҳукумат бу билан аҳолининг хусусий бизнес билан шуғулланишининг олдини олган.
Ҳисоб: 3 - 5
Савол муаллифи Саидакбар Мақсудов, 10 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
9-раунд. Савол муаллифи — Турсунхон Мамажонова, Тўрақўрғон тумани.
Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.
Ғалати светофор. Жентлменлар светофори деб аташ мумкин. У светофорда бир қоидани ҳам англаш мумкин. Сариқ – баъзан, яшил – ҳар доим, қизил – ҳеч қачон сўзлари билан ифодаланган.
Диққат савол: Жентлменлар светофоридаги сўзлар ниманинг жойлашувига қараб тузилган?
Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Классик костюмда учта тугма бор. Тепасидаги баъзан, ўртадагиси доим ва пастдагиси ҳеч қачон тақилмайди.
Жамоа тўғри жавоб берди.
Ҳисоб: 4:5
Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
10-раунд. Савол муаллифи — Дўстмурод Назаров, Сариосиё тумани
Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.
Азиза Маматованинг 1995 йилда чизган Алишер Навоий сурати тасвирланган. Негадир ҳазрат Навоий бу суратда енглари туширилган ҳолатда тасвирланган.
Диққат савол: Бу нимани билдиради?
Жавобни Жобир Аҳмедов беради:
“Ҳамса” ёзилмасдан аввалги давр
Тўғри жавоб: Аксарият шоир ва ўша давр ёзувчилари мана шу кўринишда юришган. Тиззалардаги китоб сизга ниманидир ишора қилган бўлган бўлиши керак эди. Шарқ адиблари катта бадиий асарни тугаллаганда кўча-кўйда енгларини осилтириб юришган. Тарихни яхши билган рассом Азиза Маматова айнан шу хислатни ўз суратига киритган.
Ҳисоб: 4 - 6
Савол муаллифи Дўстмурод Назаров 12 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Энг яхши савол муаллифи – Элёр Ҳасанов. Ёлғон ҳақидаги саволи учун Элёр Ҳасанов 100 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Финалнинг энг фаол билимдони – Жобир Аҳмедов.
Қуйида ўйиннинг тўлиқ видеосини томоша қилишингиз мумкин:
Мавзуга оид
19:38 / 06.08.2024
“Заковат” Осиё кубогида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди
10:04 / 06.08.2024
Саида Мирзиёева: “Жадидлар ҳам, Алаш ҳаракати ҳам халқни озод қилишга интилган”
22:57 / 05.08.2024
“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар – бутун дунёга намуна” — Саида Мирзиёева
17:39 / 05.08.2024