Жаҳон | 13:45 / 11.01.2023
4749
4 дақиқада ўқилади

Арманистон ўз ҳудудида КХШТ машғулотларини ўтказишдан бош тортди

Никол Пашинян Туркия-Озарбойжон тандеми машқларни таҳдид деб ҳисоблаши мумкинлиги, бу Арманистон хавфсизлигига таъсир кўрсатишини айтди.

Фото: КХШТ

Арманистон 2023 йилда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) ўқув машғулотларини мамлакатда ўтказишни номақбул деб ҳисоблайди, деб маълум қилди 10 январь, сешанба куни бош вазир Никол Пашинян.

«Арманистон мудофаа вазири КХШТ Бирлашган штабига маълум қилдики, биз ҳозирги вазиятда Арманистон ҳудудида КХШТ ўқув машғулотларини ўтказишни номақбул деб ҳисоблаймиз. Бу йил Арманистонда бундай машғулотлар ўтказилмайди», — дея Пашинян сўзларидан иқтибос келтирган "Интерфакс".

Бош вазирнинг сўзларига кўра, КХШТнинг Арманистондаги эҳтимолий машғулотлари минтақада хавф туғдириши мумкин. «Биз машғулотларни номақбул деб ҳисобладик, чунки улар Туркия-Озарбойжон тандемига хавф туғдиради. Келишади, машғулотлар ўтказишади, кейин эса биз бу таҳдид билан ёлғиз қоламиз», - деди Пашинян Арманистон айнан шу сабабдан КХШТдан минтақадаги масъулият соҳасини аниқлаштиришни талаб қилаётганини таъкидлади. 

«Бу Арманистон бош вазирининг анча янги баёноти, менимча, КХШТдаги ҳамкасблар алоқада бўладилар, улар Арманистон позицияси тафсилотларига ойдинлик киритадилар. Нима бўлганда ҳам, Арманистон бизнинг жуда яқин иттифоқчимиз, биз мулоқотни, жумладан, ҳозир жуда мураккаб бўлган масалалар бўйича давом эттирамиз», - дея изоҳ берди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Пашиняннинг сўзларига. КХШТнинг «Бузилмас биродарлик-2023» машғулотлари Арманистон ҳудудида бўлиб ўтиши керак эди.

Пашиняннинг сўзларига кўра, кўпинча Ғарб давлатлари билан алоқалар чоғида Озарбойжон «ўзининг ҳаракатларини Арманистон ва Россия Озарбойжонга қарши қўшма тажовузкор ҳаракатлар тайёрламоқда, деган хавотир билан оқлайди». Бу баёнотларга қарамай, Украинадаги уруш фонида ушбу тезис Ғарб томонидан қизиқишга сабаб бўляпти, деб маълум қилди Пашинян.

«Биз россиялик ҳамкасбларимизнинг эътиборини шу фактга қаратамиз, улар сукут сақлаётган шароитда Россиянинг Арманистонда ҳарбий жиҳатдан бўлиши нафақат республика хавфсизлигини кафолатламайди, балки аксинча – Арманистон хавфсизлигига таҳдидларни келтириб чиқаради», - деди бош вазир.

Ноябрь ойида Арманистон бош вазири КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши декларациясини ва Ереванга ёрдам кўрсатиш бўйича қўшма чора-тадбирлар лойиҳасини имзолашдан бош тортган эди. У бу қарорини ташкилот томонидан «Озарбойжоннинг Арманистон ҳудудий яхлитлигига қарши тажовузига сиёсий баҳо бермагани» билан изоҳлади.

Ереваннинг даъво қилишича, икки давлат чегарасида Тоғли Қорабоғ бўйича можаронинг кескинлашуви натижасида Озарбойжон 140 квадрат километрга яқин Арманистон ҳудудини эгаллаб олган. 2022 йил сентябрида Арманистон ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида «мавжуд вазиятни баҳолаш» учун Арманистонга миссия юборишга қарор қилинди.

Шундан сўнг Ереван марказида митинг бўлиб ўтди, унда иштирокчилар Арманистоннинг КХШТдан чиқиши ва бошқа иттифоқчилар билан музокаралар бошланишини талаб қилишди. Декабрь ойи бошида Пашинян «Озарбойжон қўшинларининг мамлакатга кириши муносабати билан» КХШТ республикага қандай аниқ ёрдам таклиф қилгани ҳалигача тушунарсиз эканини айтди.

Мавзуга оид