Жаҳон | 12:21 / 13.01.2023
5831
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи аҳолиси нархларнинг ошишидан хавотирланяпти

Озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг кўтарилиши европаликларнинг 93 фоизини ташвишга солмоқда. Кейинги ўринда қашшоқлик, иқлим ўзгариши ва уруш ташвишлари. Бу -  Европарламент томонидан ўтказилган сўров натижалари.

Фото: AP

Озиқ-овқат ва энергия нархининг ошиши Европа Иттифоқи аҳолисининг аксариятини ташвишга солмоқда. 12 январь, пайшанба куни натижалари эълон қилинган Европарламент томонидан ўтказилган "Евробарометр" сўровида респондентларнинг 93 фоизи шундай жавоб берди.

Европаликлар қашшоқлик ва ижтимоий табақаланишдан ҳам хавотирда (83 фоиз). Иқлим ўзгариши ва Украинада уруш авж олиш хавфини респондентларнинг 81 фоизи билдирган.

Германияда озиқ-овқат ва энергия нархларининг ошиши хавотири биринчи ўринда (93 фоиз), аммо Украинадаги урушнинг бошқа мамлакатларга тарқалиши (80 фоиз) ва иқлим ўзгариши (79 фоиз) билан боғлиқ хавотирлар мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларда туради. Германия аҳолиси учун қашшоқлик муаммоси умумевропа натижалари билан солиштирганда унчалик долзарб эмас: Германияда бу масала респондентларнинг 76 фоизини ташвишга солмоқда.

Европаликларнинг фикрича, Европарламент қашшоқлик ва ижтимоий табақаланишга қарши кураш (37 фоиз), соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш (34 фоиз) ҳамда иқлимни муҳофаза қилиш ва янги иш ўринлари яратиш (ҳар бири 31 фоиз) чораларига эътибор қаратиши керак.

Германияда устуворликлар турлича: биринчи навбатда – демократия ва ҳуқуқ тизими (41 фоиз), кейин иқлимни муҳофаза қилиш (37 фоиз) ва қашшоқликка қарши кураш (36 фоиз). Қадриятлар ҳақида гапирганда, немислар Европарламент биринчи навбатда демократияни (48 фоиз), қонун устуворлигини (34 фоиз), Европа Иттифоқи ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини (32 фоиз) ва сўз эркинлигини (31 фоиз) ҳимоя қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид