Ўзбекистон | 08:55 / 15.01.2023
22664
3 дақиқада ўқилади

Ҳозирги ҳарорат Ўзбекистон тарихидаги энг кучли совуқ эмас — «Ўзгидромет»

«Ўзгидромет» мамлакат гидрометеорологик кузатувлар тарихидаги совуқ қиш мавсумлари тўғрисида маълумот берди.

Фото: Kun.uz

Метеорологик кузатувлар тарихида Ўзбекистонда кўплаб совуқ қишлар бўлган. Жумладан, 1968—1969 йиллар қиши энг совуқ келган. Ушбу қиш мавсумида республиканинг кўплаб ҳудудларида минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекордлари қайд этилган эди.

Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида метеорологик кузатувлар тарихидаги энг паст ҳаво ҳароратлари 1972 ва 1977 йилларда кузатилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг шимолида ушбу йилларда ҳаво ҳарорати -33 дан -36 даражагача ва Устюрт платосида -38 дан -40 даражагача совуқ кузатилган.

Сўнгги 50 йил ичида энг узун ва совуқ қиш мавсуми 2007—2008 йилларда қайд этилган бўлиб, совуқ давр декабрь охиридан февраль ойининг ўрталарига қадар давом етган. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат -17 дан -22 даражагача совуқ, баъзи жойларда -24 дан -26 даражагача совуқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларида -30 дан -33 даражагача ҳаво пасайган.

Тошкент шаҳрида 1969 йил қишда термометр устуни -23,1 даражагача совуқ тушган бўлса, минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекорди 1930 йил декабрь ойида -29,5 даража совуқни ташкил этган.

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, текислик ҳудудларда барқарор қор қопламининг шаклланишига имкон берадиган кучли қор ёғиши кам учрайди. Натижада иқлимнинг кескин ўзгариши (бирдан совиб кетиши ва унинг ортидан исиб кетиши) қор тушганда ҳосил бўладиган қор қопламининг узоқ вақт давомида ер юзасидан турмаслиги ва бир неча кун ичида эриб кетишига олиб келади.

Бироқ 1969, 1972, 1974, 1982, 1984, 2006 ва 2008 йилларда қиш фаслининг совуқ келиши билан бирга қор ёғиш давомийлигининг ортиши кузатилган. Оқибатда ушбу йилларда текислик ҳудудларда паст ҳароратнинг узоқ муддат сақланиб қолиши қорнинг тўлиқ эришига имкон бермасдан қор қоплами тўпланишига сабаб бўлган. Жумладан, республиканинг шимолий (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) ва жанубий, жанубий-ғарбий (Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий вилоятлари) ҳудудларида қор қопламининг баландлиги 15-25 сантиметрни, марказий (Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари) ва шарқий (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари) ҳудудларда 30—65 сантиметрни ташкил этган.

Республиканинг тоғли ҳудудларида қорнинг максимал баландлиги 140—180 сантиметрга етган.

Тошкентда қор қопламининг максимал баландлиги 1969 йил кузатилган 54 сантиметр жорий йил январда қор баландлиги 26 сантиметрни ташкил этган.

«Бугунги кунда мамлакатда давом этаётган совуқ кунлар гидрометеорологик кузатувлар тарихидаги энг кучли совуқ эмаслигини қайд этиб ўтамиз. Жорий йилнинг 12 январдан 13 январга ўтар кечаси кузатилган совуқ ҳарорат юртимизга антитциклон таъсирида кириб келган совуқ ҳаво оқимларининг энг юқори нуқтаси эди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, антитциклон маркази 13 январдан Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари орқали шарққа томон силжимоқда, бироқ унинг периферияси таъсирида бў‌лган Ўзбекистон ҳудудида совуқлар кучсизланган ҳолда келаси ҳафтага қадар сақланиб қолади.

Мавзуга оид