Иқтисодиёт | 19:45 / 16.01.2023
22152
5 дақиқада ўқилади

«Манипуляцион механизм». Нега ҳокимлар бюджет прогнозларини камроқ кўрсатишга ҳаракат қилишади?

2022 йилнинг 9 ойи давомида давлат бюджетининг Тошкент шаҳри бўйича даромадлари 21,3 трлн сўмни ташкил этган. Бу прогнозга нисбатан 12 фоизга кўп. «Ҳоким бюджетда солиқлар бўйича қанча камроқ прогноз олса, шунча кўп қўлига бюджет пули тушади», дея таъкидламоқда иқтисодчи.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2022 йилнинг дастлабки 9 ойи якунлари бўйича бюджет сарҳисобини эълон қилди. Бу ҳақдаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори E-qaror’га жойлаштирилган

Маълум қилинишича, ҳисобот даврида Тошкент шаҳар бюджети даромадлари 21 трлн 345 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган 19 трлн 30 млрд сўм прогноз 12 фоизга ёки 2 трлн 315 млрд сўмга ошириб бажарилган.

Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 трлн сўмга кўп бажарилиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида жами 2 трлн 225 млрд сўм маблағлар қолдирилган.

Пойтахт бюджети бўйича муҳим рақамлар:

  • 2022 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети даромадлари 5 трлн 22 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган 4 трлн 316 млрд сўм прогноз 16 фоизга ёки 706 млрд сўмга ошириб бажарилган;
  • маҳаллий бюджетлар ихтиёрида жами 2,2 трлн сўм (ўтказиб бериладиган даромад билан бирга) маблағлар қолдирилган. Жумладан, Миробод туманида 28,6 млрд сўм, Олмазор туманида 24 млрд сўм, Юнусобод туманида 22,9 млрд сўм, Мирзо Улуғбек туманида 19,2 млрд сўм, Чилонзор туманида 18,8 млрд сўм, Яшнобод туманида 23,6 млрд сўм ва Сергели туманида 10,9 млрд сўм;
  • ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун пойтахт маҳаллий бюджетидан 2 трлн 515,7 млрд сўм ёки умумий харажатларнинг 31,5 фоизи сарфланган. Ушбу маблағларнинг асосий қисмини таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатлари (376,5 млрд сўм) ва соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилган харажатлар (1 трлн 269,8 млрд сўм) ташкил этган;
  • «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2022 йил 1- ва 2-босқич якунларига кўра, жами 314 та лойиҳа «ғолиб» деб топилиб, уларга 171,2 млрд сўм ажратилган;
  • солиқ тушумлари бўйича энг кўп солиқ мол-мулк солиғи ҳиссасига тўғри келди - 810 млрд сўм. Бу йўналишда кейинги ўринни айланмадан олинадиган солиқ тўлови бўйича тушумлар эгаллаган – 620 млрд сўм;

Сарҳисобда яна бир қизиқ рақам шуки, режага нисбатан энг юқори ўсиш жисмоний шахслар даромад солиғидан тушумлар ҳиссасига тўғри келади – прогнозга нисбатан 56 фоиз кўпроқ ёки 440 млрд сўмни ташкил қилди.

Шу билан бирга, режага нисбатан камроқ тушумлар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи (прогноздан 2 фоизга кам) ва маҳаллий солиқлар ва йиғимлар (26 фоиз) ҳиссасига тўғри келган. 

Туманлар миқёсида энг кўп фойда Олмазор тумани ҳиссасига тўғри келди - 125 млрд сўм, кейинги ўринларда Юнусобод (120 млрд сўм) ва Чилонзор (114 млрд сўм).

 «Бу пулларни ҳисобсиз ва назоратсиз ишлатиш мумкин бўлган манипуляцион механизм»

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, ҳокимлар солиқлар бўйича қанча камроқ прогноз олса, шунча кўп бюджет пули уларнинг ихтиёрида қолади.

«Янги даврда барча солиқлар бўйича прогнознинг ошириб бажарилган қисми вилоятлар маҳаллий бюджетига қайтариладиган бўлди. Мазкур қоида амалда прогнозни имкон қадар камроқ тасдиқлатиб олишга рағбатларни яратди. Яъни ҳоким бюджетда солиқлар бўйича қанча камроқ прогноз олса, шунча кўп қўлига бюджет пули тушадиган ва бу пулларни ҳисобсиз ва назоратсиз ишлатиш мумкин бўлган манипуляцион механизм ишлаб келди.

Мана қаранг. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича прогноз 156 фоизга бажарилган. Бу энг осон прогнозланадиган солиқ. Табиийки, кам прогноз ҳисобига 158,2 млрд сўм ҳоким ихтиёрида қолган. Республика солиқлари бўйича айтмай қўя қолай.

Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлар бўйича даромадлари 5 трлн сўмдан ошган, бу прогнозга нисбатан 706 млрд сўмга кўп дегани. Маҳаллий солиқлар бўйича энг кўп ошиқча бажарилиш юридик шахслардан мол-мулк солиғи бўлган ( 178,7 млрд сўм). Таркиби очилмаган бошқа тушумлар 239,6 млрд сўмга ошириб бажарилган», – дея таъкидламоқда иқтисодчи.

Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, 9 ойлик даврда ҳам Тошкент бюджетини ижро қилишда ижтимоий соҳада тежаш сиёсати давом этган. Жами 172 млрд сўм тежаб қолинган бўлса, шунинг, 76,3 млрд сўми таълим, 75,3 млрд сўми тиббиёт йўналишидан иқтисод қилинган.

Метрополитен учун компенсация (271,4 млрд сўм), шаҳар транспорти зарари (266,1 млрд сўм), иссиқлик таъминотига субсидиялар (358,5 млрд сўм), фуқароларга етказилган зарарларни қоплаш (32,5 млрд сўм) харажатлари прогнозга нисбатан 100 фоизга ишлатилган.

Иқтисодиёт йўналишда энг катта харажатни ободонлаштириш харажатлари ташкил этган (1 трлн 135,7 млрд сўм). Тошкент шаҳар бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан қурилишга 347 млрд сўм, йўллар қурилишига 238,6 млрд сўм, марказий кўчаларни асфальтлашга 42,1 млрд сўм сарфланган. Таркиби ёпиқ ҳолда қолдирилган бошқа харажатлар 880,9 млрд сўмга етган.

Аввалроқ, пойтахтда энергетика инқирози юзага келиши ортидан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олингани хабар қилинганди. Унинг ўрнига Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Мавзуга оид