2022 йилда Хитой аҳолиси 60 йил ичида биринчи марта қисқарди
2022 йилда Хитойда 1,411 миллиард киши истиқомат қилган, бу бир йил аввалгига нисбатан 850 минг кишига кам.
Ўтган йилнинг декабрь ойи охирида дунёда энг кўп аҳолига эга бўлган Хитойда 1,411 миллиард киши истиқомат қилган, бу бир йил аввалгига нисбатан 850 минг кишига кам. Бу ҳақда 17 январь, сешанба куни Хитой Халқ Республикасининг Пекиндаги Давлат статистика бошқармаси маълум қилди. Шундай қилиб, 2022 йилда мамлакат аҳолиси сўнгги олтмиш йилда биринчи марта камайди, дея таъкидлади dpa агентлиги.
Туғилиш даражаси ҳар 1000 кишига атиги 6,77 туғилишни ташкил этди, бу охирги ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткичдир.
2022 йилда туғилганлар сони (9,56 миллион) ўлганлар сонидан (10,41 миллион) кам бўлди. Бунгача 1960 ва 1961 йилда саноатлаштиришнинг фалокатли оқибатларидан кейин кучли очарчилик фонида пасайиш қайд этилган.
Мутахассисларнинг фикрича, Хитой узоқ вақтдан бери туғилишнинг кескин камайиши ва аҳолининг қаришидан азият чекмоқда. 2015 йилда мунозарали демографик сиёсатнинг бекор қилиниши («Бир оила - бир бола») кўрсаткичларнинг ошишига олиб келди - лекин фақат бирозга ва қисқа вақт ичида.
Мутахассисларнинг фикрича, бунга Хитойда уй-жой, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларининг қимматлиги, шунингдек, аҳолининг турмуш қуриш истагининг пасайиши сабаб бўлган. Пандемия ушбу салбий тенденцияни янада кучайтирган кўринади.
2021 йилда турмуш қурган хитойлик жуфтликларга уч нафаргача фарзанд кўришга рухсат берилди. Таълим харажатлари бироз қисқартирилди. Оналик ва туғуруқ таътилини бериш осонлаштирилди.
Шу билан бирга, ҳар бешинчи Хитой фуқароси 60 ёшдан ошган. 15 ёшдан 59 ёшгача бўлган меҳнатга лаёқатли аҳоли қатлами қисқаришда давом этмоқда.
1979 йилда Хитойда туғилишни назорат қилиш кампанияси бошланди. Унинг мақсади аҳоли сонини чеклаш эди. 2013 йилда турмуш ўртоқлардан бири оилада ягона фарзанд бўлган эр-хотинларга, баъзи этник озчиликлар вакилларига, шунингдек, бир қатор вилоятларнинг қишлоқ аҳолисига, агар оилада биринчи фарзанд қиз бўлса, иккинчи фарзанд кўришга рухсат берилди.
Шу билан бирга, пандемия фонида сўнгги ойларда Хитой касалхоналари тўлиб кетди, крематорийлар жасадларни ёқишга улгурмаяпти. Расмий маълумотлар узоқ вақтдан бери Хитойдаги эпидемиянинг ҳақиқий кўламини акс эттирмайди, деб таъкидлади dpa агентлиги. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Хитойда юз минглаб одамлар COVID-19'дан вафот этган.
Мавзуга оид
11:38 / 25.10.2024
Вилоятлар орасида энг зич аҳоли Андижонда яшаши маълум қилинди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
08:10 / 23.10.2024
БМТ: Уруш бошлангандан бери Украина аҳолиси 8 млнга камайди
16:19 / 09.10.2024