Ўзбекистон | 14:41 / 18.01.2023
10825
7 дақиқада ўқилади

“Илмий асосланмаган лойиҳалар таклиф этилаётгани хавотирли” – фан доктори Бухорода қурилиши режалаштирилаётган туризм маркази ҳақида

ЎзР ФА Полимерлар кимёси ва физикаси институти лаборатория мудири, кимё фанлари доктори Ноира Воҳидова Бухоро шаҳрида қурилиши кутилаётган туризм маркази режасини пухта ўйланмаган қарор деб атади. Фаолияти давомида археологик объектлар ва музей экспонатлари реставрацияси жараёнида кўп марта иштирок этган олим ЮНЕСКО тасарруфидаги обидаларнинг буфер зонасида жойлашган ҳудудда қурилиш ишларининг олиб борилиши ниҳоятда катта маданий-тарихий йўқотишларга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.

Фото: "Подслушано в Бухаре" Telegram-канали

ЎзФА Археологик тадқиқотлар институтининг ҳисоблашича, Ўзбекистон ҳудудида 5391 та археологик ва 279 та архитектура ёдгорликлари жойлашган бўлиб, фақат рўйхатдан ўтган 500 га яқин музейлар бор ва уларда турли материаллардан (металл, қоғоз, мато, сопол, керамика, лой ва ҳ.к.) ясалган тарихий-маданий экспонатлар сақланади.

Бироқ кейинги йилларда республикамизда туризмни ривожлантириш, сайёҳларни жалб қилиш мақсадида кўҳна шаҳарларимизда пухта ўйланмаган лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Шаҳрисабз шаҳрида бир неча асрлик қадимий ёдгорликлар бузилиб, улар ўрнига замонавий бино ва иншоотлар ташкил этилди. Бир қатор тарихий ёдгорликлар эса асл кўринишини йўқотиб, ЮНЕСКО талабларига жавоб бермай, зиддиятли вазиятларга олиб келди. Ҳолбуки, уларни асраб кейинги авлодга етказиш бизнинг асосий вазифамиз эди.

Шуни инобатга олиб, аввало шу юрт фарзанди, қолаверса, археологик объектлар ва музей экспонатлари реставрацияси учун кимёвий препаратлар синтези бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган ва республикамиз музейларида олиб борилган реставрация ишларида иштирок этган илмий ходим сифатида Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилаётган Туризм маркази бўйича ўз фикримни билдиришни бурчим деб биламан.

Туризм кенг тушунча бўлиб, унинг экотуризм, зиёрат туризми, даволаниш-соғломлаштириш туризми, спорт туризми, этнографик, экстремал туризм, гастрономик ва саёҳат туризми, тарихий-маданий туризм каби кўплаб турлари мавжуд. Ҳар бир давлат ўз имконияти, географик жойлашувидан келиб чиқиб, туризмнинг у ёки бу йўналишини ривожлантиради. Фақатгина тўғри йўлга қўйилган туризм иқтисодиётга катта наф келтиради.

Ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистонда асосан тарихий-маданий туризм нисбатан ривожланган ва сайёҳларни кўҳна обидалари билан жалб қилади. Кейинги йилларда эса “Зираворлар”, “Хон атлас”, “Шарқ тароналари” каби турли номдаги фестиваллар, анжуманларнинг ташкил этилиши ҳам сайёҳлар эътиборини тортмоқда.

Айтиш жоизки, Бухорода ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинадиган эски шаҳар қисмидан унча узоқ бўлмаган радиусда “Замонавий туризм маркази” нинг ташкил этилиши ҳақидаги хабар ҳақли тарзда катта баҳсларга сабаб бўлди. Бир томондан юртдошларнинг ватанпарварлиги қувонтирса, бошқа томондан мутасаддилар томонидан илмий асосланмаган лойиҳаларнинг таклиф этилаётгани хавотиримизни оширди.

Ҳозирги шароитда туризмни ривожлантириш учун замонавий комплекслар ва сайёҳлар оқимини кўп жалб этаётган қадимий обидаларни бир-бири билан уйғун равишда, уларга зиён етказмасдан барпо этиш масалаларида янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур.

Воқеалар тадрижи шуни кўрсатмоқдаки, бизда туризм маркетинги бўйича комплекс таҳлиллар ва прогнозлар мавжуд эмас ёки фақат ҳисоботлардагина қолиб кетяпти.

Бухоронинг эски шаҳар ва замонавий қисмлари туташган, ЮНЕСКО тасарруфидаги обидаларнинг буфер зонасида жойлашган ҳудудда кенг масштабдаги қурилиш ишларининг олиб борилиши ниҳоятда катта маданий-тарихий йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин.

Ернинг турли қатламида намлик даражасининг ошиши, ҳар хил амплитудадаги тебранишлар ғовак структурага эга ғиштдан қурилган қадимий археологик обидаларнинг сақланишига катта хавф туғдиради. Бу лойиҳа учун танланган ҳудуд республикамиз учун нафақат иқтисодий, балки маънавий оқибатларига кўра ҳам ўзини оқламаслиги эҳтимоли катта. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида ҳар бир тарихий даврга хос бўлган архитектуранинг сақланиб қолиниши долзарбдир.

Таклиф этилаётган лойиҳа Бухоронинг шимолий-ғарбий қисмидан 40 км масофада жойлашган, эрамизгача I аср – эрамизнинг XII асри давомида цивилизация маркази бўлган ва ҳозирча сайёҳлар эътиборидан четда қолган, фақатгина илмий экспедициялар олиб бориладиган зона – бухорхудотлар даврида цивилизация маркази бўлган қадимги Варахша ҳудудига яқин жойда ташкил этилса, нур устига аъло нур бўларди! Бу нафақат чўл зонасидаги туризм учун янги йўналиш, балки қўшимча иш жойларининг ташкил этилиши, қишлоқ жойларида замонавий инфраструктуранинг ривожланиши сингари муаммоларга ҳам ечим бўларди.

Ўзбекистон ўз тарихи ва маданияти билан туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, шунингдек, уни янги босқичга олиб чиқиш сингари имкониятларга эга. Бу учун фақат пухта ўйланган, илмий асосланган лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишнинг аҳамияти катта.

Аввало республикамиз иқлим шароитларига мос, қадимий археологик объектлар ва музей экспонатларининг консервация ва реставрацияси учун барча талабларга жавоб берувчи консервантлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш талаб этилади. Бугунги кунда очиқ осмон остидаги музейлар юртида бирорта кимёвий модда саноат миқёсида ишлаб чиқарилмайди!

ЎзР Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институтида полибутилметакрилат препарати ишлаб чиқилган бўлиб, бу кимёвий модда тарих фанлари доктори, ЎзР хизмат кўрсатган Фан Арбоби А.Абдураззоқов ва Геология музейи директори А.Аҳмедшоевлар раҳбарлигида 2013 йилда Тошкент вилояти Овжазсой ҳудудидан топилган қадимий мамонтларнинг аждоди – архидискодон қолдиқларини таъмирлашда қўлланган.

Шу билан бирга, Самарқанддаги Археологик тадқиқотлар илмий-текшириш институти лаборатория мудири М.А.Реутова томонидан Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи экспонатлари, Фаёзтепа, Мунчоқтепадан топилган ёдгорликларни таъмирлашда мазкур консервант яхши самара берган. Полибутилметакрилат препарати турли материалдан қилинган экспонатлар реставрациясида ишлатилиши мумкинлиги билан ажралиб туради.

Шунингдек, ҳунармандлар томонидан республикамиздаги ноёб музей экспонатлари ва ёдгорликларининг кичик макетларини ясаш, очиқ осмон остидаги музейларга эътиборни кучайтириш, онлайн-музейлар ташкил этиш, аудио ва видеогидлар учун махсус мобил иловалар яратиш ва энг асосийси Ўзбекистонимиздаги барча музейларнинг омборхоналарида сақланаётган минглаб экспонатлар реставрациясини йўлга қўйиш сингари тадбирлар, шубҳасиз, юртимиз тарихий маданиятига қизиқиш уйғотади ва унинг туризм салоҳиятини оширади. Бутун Ўзбекистон бўйлаб, авиасаёҳатларнинг ташкил этилиши эса нафақат ташқи, балки ички туризм учун ҳам янги горизонтларни очиши табиий.

Ноира Воҳидова,
кимё фанлари доктори

Мавзуга оид