Ўзбекистон | 21:01 / 21.01.2023
19062
3 дақиқада ўқилади

«Док-1 Макс» билан боғлиқ ўлим ҳолатларини деярли тўхтатдик» — вазир

Ўзбекистонда «Док-1 Макс» билан боғлиқ ўлим ҳолатлари деярли тўхтаган, деб маълум қилди соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов. У бу фожиада шифокорларнинг айби йўқлиги, дориларнинг айрим партияси сертификатлари сохталаштирилгани, айбдорлар қонун олдида жавоб беришини айтди.

Фото: ЎзА

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ЎзАга берган интервьюсида «Док-1 Макс» препаратини қабул қилган ўнлаб болаларнинг (камида 20 нафар) вафоти воқеасига фикр билдирди. Вазир бунда шифокорларнинг айби йўқлиги, айбдорларни аниқлаш бўйича текширув ишлари кетаётганини айтган.

«Аниқ айта оламанки, бу биргина шифокорларимизнинг айби эмас. Чунки бу препаратларнинг бошқа давлатлардан бундай ҳолатда кириб келиши, зарарли препарат бўлиб чиққани биз шифокорларнинг айбимиз эмас. Бу масалада ССВда жуда катта ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, чуқур илмий ўрганилмоқда. Четдан келадиган ҳар қандай хавф-хатарга тайёр туришимиз, огоҳ бўлишимиз кераклиги ўзимиз учун ҳам жуда катта сабоқ бўлди. Лекин ҳозирги ҳолатда, мамлакатимизга айнан «Док-1 Макс» препарати ва «Амбронол» сиропларининг қалбакиси кириб келиши, унинг таркибида бундай заҳарли моддалар бўлиши шифокорларимизнинг айби эмас.

Муҳими, бу билан боғлиқ ўлим ҳолатларини деярли тўхтатдик. Бугун ҳақиқатда ушбу доридан заҳарланиб, даволанаётган болаларимиз бор. Бу олдинги бошқа заҳарланишлардан тубдан фарқ қиладиган заҳарланиш бўлгани учун ҳам зудлик билан илмий, чуқур ичига кириб, аниқлаш ишлари олиб бориляпти», – деган вазир.

Амрилло Иноятов заҳарли препаратларнинг Ўзбекистонга кириб келишида ўша пайтда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари сифатида ўзининг ҳам масъул бўлганини инкор этмаган.

«Албатта, масъулмиз. Бунинг учун бизда Фармагентлик ташкилоти бор. Ушбу Фармагентлик бугун ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан чуқур текшириляпти. Бугун мамлакатимизга кирган айрим партия препаратлари сертификатлари сохталаштирилгани тўғрисида фактлар аниқланган. Бу учун жавобгарлик бор. Айбдорларнинг ҳаммаси қонун олдида ҳам, халқ олдида ҳам албатта, жавоб беради», – деган у.

Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» дори воситаларининг зарари ҳақида илк марта Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Маматқул Азизов вазирлик мутасаддиларига хабар берганди. Кейинроқ у собиқ вазир Беҳзод Мусаев топшириғига кўра болалар ўлими ҳақида кеч хабар берганлик айби билан ишдан бўшатилганди.

Азизовга қўшиб, шифохонанинг гемодиализ бўйича мутахассиси Б.Ғаниев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари С.Мўминов, оналик ва болалик саломатлигини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси С.Расулов, Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Олмазор ОШП мудири Х.Музаффаров, ушбу ОШПнинг оилавий шифокори У.Маҳмудов ва доя ҳамшираси М.Сиддиқова ҳам лавозимидан озод этилганди.

Кейинроқ, 2023 йил 3 январ куни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ушбу шов-шувли воқеа ортидан ишдан олинганлар билан суҳбатлашиб, уларни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни қайтадан кўриб чиқишини айтгани ҳақида Kun.uz ўз манбасига таяниб маълум қилганди.

Мавзуга оид