Қишнинг совуғида шамоллаб шифохонага тушиб қолдим. Тайинланган хонага кирсам, у ерда ёши етмишлардан ошган бир отахон ҳам даволанаётган экан.

Отахон узоқ туманлардан биридан экан. У анча киришимли одам бўлиб, тезда минг йиллик қадрдонлардай бўлиб кетдик.

Бир кун отахон «Бир неча кундан буён кузатаман, ҳеч нарса чекмас экансиз. Тарбия берган отангизга раҳмат. Тамаки ва нос инсон саломатлиги учун жуда зиён. Кўпчилик буни билса ҳам уларга ружу қўйган. Энди гиёҳванд моддаларни гапириб ўтирмай, улар инсонни бевақт ўлимга етаклайди», деб хўрсиниб қўйди.

Синчковлигимга бориб отахонда бир дард бор-ов деб ўйладим ва уни гапга тутдим. Отахон ҳам тўлиб турган экан, бошидан ўтказган кунлар ҳақида гап бошлади.

Маълум бўлишича, отахон анча йиллар аввал гиёҳванд моддаларга ружу қўйган ёлғиз ўғлидан айрилган экан. «Ўзим ҳаётимда ҳеч нарса чекмаганман. Ёшликда анави шайтон сувидан бир-икки марта олганимни айтмаса маст қилувчи ичимликлардан ҳам узоқ юрганман. Аммо эътиборсизлигим ортидан нашаванд бўлиб қолган ўғлимни асраб қололмадим», деб отахон ҳикоясини бошлади.

«Гиёҳванд моддаларнинг номи ўчсин, не-не йигитлар жувонмарг бўлиб, айни кучга тўлган норғул ёшида ўлиб кетишига сабабчи бўлди. Бу балони етиштириб тарқатаётганлар инсонларни заҳарлаб, уларнинг ҳаётига зомин бўлаётганини билмасмикан?

Совет даврини яхши эслайман, айрим чоллар шифобахш ўсимлик сифатида фойдаланиш учун 4-5 туп кўкнори экишарди. Ўша пайтларда қорадори деган нарсани ҳеч ким билмас, кўкнори экадиганлар уни фақат қуритиб олиб қўйишарди.

Нафақат маҳалламизда, бутун музофотимизда ҳам ҳеч ким гиёҳванд моддаларга ружу қўймасди. Аммо 1980-йиллар бошида вазият ўзгарди.

Афғон уруши бошлангач у ерда жангларда қатнашиб уйга омон қайтган йигитларнинг айримлари банги ёки нашаванд бўлиб қайтишди.

Кейин билсак Афғонистонда қон кечган йигитларга командирлари банг ва кўкнори ширасини истеъмол қилишга қўйиб беришар, йигитлар шу тарзда гиёҳванд моддаларга ружу қўяр экан.

Ўша пайтда афғондан қайтган йигитлар ўзимизда наша тополмай анча қийналганларини, айримлари бу дардни енгиб чиққанини, бошқалари эса иродаси бўшлик қилиб ароққа ружу қўйганларини ҳам гувоҳи бўлдик.

1980-йиллар охирига келиб СССРнинг Афғонистон билан чегараси ҳам яхши қўриқланмай қолди шекилли, биз томонларда илк бор кўкнори шираси – қорадори пайдо бўлди.