Ўзбекистон | 09:41 / 24.01.2023
4215
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ваколати кенгайтирилади 

“Хотин-қизлар масалалари бўйича (катта) инспекторлар ваколатлари кенгайтирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Қонун лойиҳаси билан хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар ваколатини кенгайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 248-моддаси 4-қисмидан кейин хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторларга МЖтКнинг 206-1-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо чорасини қўллаш ваколати берилиши 5-қисми билан тўлдирилиши назарда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан:

хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар томонидан фуқаролар айниқса, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилади, содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан улар аниқланган жойнинг ўзида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш механизмлари соддалаштирилади;

маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати альтернатив масъул мансабдор шахс сифатида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторларига берилиши натижасида, ҳуқуқбузарлик содир этган тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг ортиқча харажат қилиши ва сарсон бўлишининг олди олинади;

ички ишлар органлари томонидан хотин-қизларнинг  қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилади, содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан улар аниқланган жойнинг ўзида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тизими яратилади;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади;

хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, шунингдек уларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид