Жаҳон | 13:33 / 25.01.2023
7465
2 дақиқада ўқилади

ЕК ноқонуний мигрантларни депортация қилиш бўйича янги режани эълон қилди

Бу йўналишда бир неча йиллардан бери саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Аммо чиқариб юборилган ва ватанига қайтарилган муҳожирлар улуши камайишда давом этмоқда. 

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Европа комиссияси 24 январь, сешанба куни эълон қилинган депортация бўйича янги стратегия билан Европа Иттифоқида ўсиб бораётган ноқонуний муҳожирларга қарши курашмоқчи. «Халқаро ҳимояга муҳтож бўлмаганлар ўз ватанларига қайтишлари керак», деди Европа Иттифоқининг ички ишлар бўйича комиссари Илва Йоханссон Брюсселда. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда Европа Иттифоқига 300 мингдан ортиқ ноқонуний мигрантлар келган. Уларнинг аксарияти бошпана олиш ҳуқуқига эга эмас. 

Европа Иттифоқи бир неча йиллардан бери репатриация даражасини оширишга муваффақиятсиз уриниб келяпти. Бироқ, чиқариб юборилган ва репатриация қилинган муҳожирлар улуши камайиб бормоқда: агар 2019 йилда Европа Иттифоқини тарк этиши керак бўлганлар умумий сонидан 29 фоизи чиқиб кетган бўлса, 2021 йилда – атиги 21 фоиз. 

Депортациянинг янги стратегияси «хавфсиз ва ноқонуний миграцияни камайтиришга ёрдам берадиган тўхтатувчи восита бўлиб хизмат қилиши керак», дейилади Европа комиссияси баёнотида. Стратегия Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида яқин ҳамкорликни, маълумотлар алмашинувини ва қарорлар қабул қилиш жараёнларини тезлаштиришни назарда тутади. 

Бундан ташқари, Еврокомиссия Европа Иттифоқи ҳамкорлик ўрнатган ва бунинг учун «ҳеч қандай сиёсий тўсиқлар» бўлмаган мамлакатларга мигрантларнинг қайтиши сонини оширишни кутмоқда. 

2022 йилда Европа Иттифоқи давлатлари орасида бошпана сўраб мурожаат қилганлар сони бўйича Германия етакчилик қилди. Шу билан бирга, мурожаатлар сони 2021 йилга нисбатан 57 фоизга ошган. Мурожаат қилганларнинг аксарияти Сурия, Афғонистон, Туркия, Ироқ ва Грузия фуқароларидир. 

Германиядан кейин Франция, Испания, Австрия ва Италия боряпти. Ўтган йили Европа Иттифоқи давлатлари орасида энг кам бошпана сўралган мамлакатлар орасида Латвия, Словакия ва Венгрия бор.

 

Мавзуга оид