Ўзбекистон | 19:31 / 29.01.2023
35078
10 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда астрономияни ривожлантирмоқчиман” – АҚШдаги 4 та олийгоҳга 300 минг долларлик грант ютган қиз

Фарангиз Холматова Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг Ўқчи қишлоғида яшайди. Ҳозирда 17-мактабнинг 11-синфида таҳсил олаётган ўқувчи қиз муддатидан аввал АҚШнинг 4 та университетига қабул қилиниб, 300 минг долларга яқин грант ютди. Kun.uz билан суҳбатида у бу натижага қандай эришгани ҳақида гапириб берди.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, у январ бошида 30 тадан ортиқ халқаро университетларга ҳужжат топширган. Ҳозирча шулардан 4 тасидан ўқишга қабул қилинганлик ҳақида жавоб хатлари келган. Битирувчи қиз АҚШда жойлашган The university of Ozarks (жами грант: $80 000), Seton Hall University (жами грант: $104 500), Hofstra University (жами грант: $112 000) ҳамда University of Delaware каби олийгоҳларга талабаликка тавсия этилган.

Фарангиз Холматованинг айтишича, унинг халқаро университетга кириш учун тайёргарлик вақти айни карантинга тўғри келиб қолган.

“Телефон олиб беришгач, кўп нарсаларни интернетдан ўргана бошладим”

Оилада бир ўғил, икки қизмиз. Энг каттаси акам, ундан кейин опам бор, у турмушга чиқиб кетган, кейин мен. Акам ҳам оилали бир нафар фарзанди бор. Умумий ҳисобда, уйда мен, акам, келинойим, жияним ва ота-онам – жами 6 киши яшаймиз. Энг кичик фарзандман, ота-онам нафақага чиққан.

Айнан биз ўқийдиган йилга француз тили тўғри келиб қолгани учун мактабимизда француз тили ўқитилади. 5-синфдан бери француз тилини ўқиб келамиз. Инглиз тилини 8-синфда нолдан бошлаб ўрганишни бошлаганман, ўқув марказида 6 ой ўқидим. Ундан кейин 9-синфга ўтганимда карантин бошланиб қолди, шу сабаб бу дарсларим тўхтаб қолди. 10-синфга ўтаётганимда Фарғонада президент мактаби очилиши керак эди, президент мактаблари – хориж университетларига кириш учун катта рағбат берадиган маскан бўлгани учун шу ерга киришни истагандим. Ўзим “self study” қилиб, тайёрланиб юрдим. Ўша вақтда ҳам карантин давом этаётганди. Ота-онам онлайн дарс қилишим учун телефон олиб бергач, кўп нарсаларни интернетдан ўргана бошладим. Президент мактаби имтиҳонидан ўтиш учун математикани You tube’дан ўргандим (Сардорхон Урфонхоновнинг You tube’да оқ тўпламдан ўтган дарслари бор). Кейин мактабга кириш учун тестларни топширдим, биринчи босқичдан ўтдим ҳам, лекин иккинчи босқичда озгина балл етмай қолди.

Президент мактабига киролмагач, ҳужжатларимни Тошкентдаги 5 та лицейга топшириб қўйгандим, ҳаммасига кирдим, шундан Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги академик лицейни танладим. Бориб бир муддат ўқидим ҳам, аммо молиявий сабаблар туфайли Фарғонага қайтиб кетишга мажбур бўлдим, кейин 17-мактабимда ўқишни давом эттирдим.

Фарғонага қайтиб борганимдан кейин ўқитувчиларим яхшигина қўллаб-қувватлашди. Шахсий компютерим йўқ пайтларда устозларимиз ўзининг компютерини бериб, вақтларини ажратишди. Хориж университетларига ҳужжат топшириш жараёнида ўқитувчиларнинг ҳам ўрни жуда катта. Уларнинг номидан тавсияномаларни юклаш керак бўлади. Шунда ҳам ҳеч ким йўқ демади, мени яхши биладиган ўқитувчиларим номидан бемалол тавсиянома ташлашга муваффақ бўлдим. Мана шу томондан айниқса катта ёрдам беришди.

“Қозоғистонга бориб, имтиҳон топшириш осон эмас экан, бунга ота-онамни кўндириш қийин бўлди”

Чет эл университетларига киришим учун IELTS имтиҳонига ҳам тайёрланишим керак эди. Биз томонда бу бўйича мутахассислар йўқ, бунинг устига ўш пайтда пандемия бошланганди. Бутун бошли Қўқонда SAT’дан ҳам дарс берадиган ўқитувчини топиб бўлмайди, яшаётган жойимни айтмаса ҳам бўлади. Менда ўқиб, тайёрланиш учун етарлича ресурслар йўқ эди, шунинг учун You tube ва Google’дан излаб IELTS ва SAT имтиҳонига ўзим тайёрланишга мажбур бўлдим. Интернетдан манба қидиришга ҳам ҳаракат қилдим, хорижда ўқийдиган талабалар билан боғланиб, улардан ҳам маълумот олдим. Ундан кейин IELTS’га имтиҳон топширдим, яхши тайёрланишга улгурмагандим, шунинг учун 6,5 балл олдим.

Бу натижа менга ёмонроқ таъсир қилди, кейин SAT’дан қаттиқ тайёрланишни бошладим. Ўзбекистонда SAT’дан имтиҳон топшириш мумкин бўлган 2 та ўқув маркази бор эди, ҳозир энди 4 та бўлди. Улар тўлиб қолганидан кейин Қозоғистонга бориб топшириш мумкин эди холос. Айни шу йўналишда мутахассис Ҳасанхўжа Муҳаммад Содиқ деган устоз бор, мана шу одам ҳар сафар имтиҳон топширувчиларни Қозоғистонга олиб-бориб келади. Шу одамнинг Telegram-каналини кузатаётганимда шундай эълонни кўриб қолдим, кейин зудлик билан рўйхатга қўшилиш учун сўров жўнатдим. Тўловини қилдик ва барча бориш-келиш, транспортлар, овқатланишни ташкил қилиб беришди.

Қозоғистонга бориб, SAT’дан имтиҳон топшириш осон эмас экан, бунга ота-онамни кўндириш қийин бўлди. Рўйхатдан ўтганимдан кейин ҳам уйдагиларимга қўшни давлатга боришимни айтмагандим, улар мени Тошкентга бориб келади деб ўйлашаётганди. Кейин секин-аста вазиятни тушунтирдим, шунда ўқитувчининг олдига етиб боргунимча ота-онам кузатиб қўйишди.

Имтиҳонга кириб чиқдим ҳам, жами 1600 баллдан 1230 баллни тўпладим. Бу – яхши натижа эди. Менимча, мактабда математика яхши ўргатилгани ва онлайн дарсларни кузатганим учун SAT’дан энг юқори баллни айнан математикадан олдим. Аслида инглиз тили фанидан ҳам яхшигина шуғуллангандим, аммо математикадан олган билимим жуда катта ёрдам берди, деб ўйлайман.

“Бизда қишлоқ шароити бўлгани учун вақтимизни жуда кўп ўқишга сарфлаш қийин”

Уй юмушларидан ташқари, дарс қилишга ёзда иссиқ, қишда эса совуқ халал берар эди. Имтиҳон, ҳужжат топшириш муддатлари яқинлашгани сари одам қаттиқроқ тайёрланишни бошларкан, кечаси ухламасдан бўлса-да, дарс қилардим. Кечки соат 8:10 ларда ухлаб, ярим тундан кейин соат 2 ларда туриб, бомдодгача дарс қилардим. Чунки кечки 2 дан кейин менга уйқу келмайди, автоматик уйғонавераман, миямда “brainstorming” бошланади. Бомдод намозидан сўнг, дарсларимни тушгача давом эттиравераман. Дарс қилишни ҳам ярим-ярим соатдан инглиз тили ва математикага ажратганман, шунга қараб ўрганаман. Ундан кейинги вақтимни уй ишларига сарфлайман. Бизда қишлоқ шароити бўлгани учун вақтимизни жуда кўп ўқишга сарфлаш қийин.

Таътилда ҳам вақтимни кўпроқ дарс қилишга кетказишим керак эди, вақтида дугоналарим айланишга, кўнгилхушлик учун сайрга таклиф қилишарди. Бу нарсалар бўлиши керак, аммо таклифларни асосан рад этишимга тўғри келган. Бундай вақтда чекланишга мажбур бўлганман. Ҳатто, уйимга чиқиб, сўраб келганларга: “мени йўқ деб юборинглар”, дер эдим. Чет эл ОТМга кириш учун қишлоқда умуман “йўқ бўлиб қолишга” мажбур бўлганман.

Хориж университетларига ўқишга кириш учун тайёргарликни олдинроқ бошлаш керак экан. Айтайлик, 7-8-синфлардан. Чунки бунда абитуриентнинг IELTS, SAT сертификатларидан ташқари, мактаблардаги баҳолар, ютуқлар, танловларга қатнашгани, унинг фаоллиги, халқаро клубларга аъзолиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

“Мақсадим – Ўзбекистонда астрономияни ривожлантириш”

Тўғрисини айтсам, бошида менда хорижга топшириш фикри умуман йўқ эди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари ёки Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларига кираман деб юргандим. 9-синфгача шу хаёл билан ўқиб юравердим. Шу синфлардан бошлаб астрономияга қизиқа бошладим. Биласиз, Ўзбекистонда бу йўналишда ОТМ ҳам йўқ. Кейин астрономия ва шу йўналишдаги олийгоҳлар қаерда борлигини интернетдан қидирдим. Ўшанда You tubeʼда Ҳарвард университети ҳақидаги, ўқув биноси ичида олинган видеони кўриб қолдим. Менда АҚШдаги университетларда ўқишга қизиқиш пайдо бўла бошлади. Ўзим география фанидан олимпиадаларга чиқиб юраман, Американи географик томондан ҳам ўргандим. Олийгоҳлари билан танишиб чиқдим. Менга Америкада ўқиш қандайдир қулайроқ туюлди. Шунинг учун айнан астрономия йўналиши учун у ерга ҳам ҳужжат топширдим. Бу университетлардан ташқари, ТОП олийгоҳларга “regular deicison deadline”(бу – хориж университетларига 1 январда ҳужжат топшириб, қабул қилинган ёки аксилигини мартнинг охири апрелнинг бошида билиш мумкин бўлган муддат)га топширдим, яна 30 тача университетлардан жавобларни кутяпман, улар орасида бошқа давлатларнинг ОТМлари ҳам бор. Ҳамма жавобларни олгач, университет мавқейи ва берган грантига қараб визани олиб, ўқишга кетаман.

Аввалига бу қароримни эшитган ота-онам ўйланиб, “қиз боланинг ўзини жўнатиш тўғрими ёки йўқ?” – дейишди, лекин кейин шу 4 та университетлар қабул қилганини эшитиб, одамлар менга ишонаётганини кўргач “майли, қизим, ҳаракатингни қилавер, бу ердан пулнинг ҳаракатини қилиб, ўзинг хоҳлаган университетингга кирганингдан сўнг рухсатни бераверамиз”, дейишяпти. Яхши университетга кириб, ишончларини оқласам, албатта, жўнатишади.

Ҳозирча астрономия йўналишида қайси касб эгаси бўлишимни ҳал қилганимча йўқ, чунки хорижга боргач компютер технологиясида ҳам ўқишни ният қилганман. Лекин аниқ бир мақсадим бор, бу – Ўзбекистонга қайтиб келиб, астрономияни ривожлантириш ва илм-фан, тадқиқотлар билан шуғулланиш учун обсерваториялар қуриш.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид