Жамият | 17:35 / 16.10.2024
5452
7 дақиқада ўқилади

“Бу ерда талабанинг янги билимларни ўзи хоҳлаб ўрганиши биринчи ўринда туради” — Ню-Йорк университетининг ўзбекистонлик талабаси

Зуҳриддин Мансуров ҳозир 19 ёшда. У Қатар ва БААдаги икки университетдан жами 630 минг долларлик грантни қўлга киритган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни хориж ОТМга ўқишга тайёрловчи лойиҳа муаллифи. Зуҳриддин Kun.uz билан суҳбатда ҳозир ўзи таълим олаётган Абу Дабидаги Ню-Йорк университетидаги ўқитиш тизими, талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.

Комфорт зона шахсий ривожланишни чеклайди

Наманган шаҳридаги президент мактабида 9-синфни битирганимдан кейин Тошкентда халқаро Вестминстер университети лицейида ўқишни давом эттирганман. Икки йилдан сўнг Қатардаги Жоржтаун университетига дипломатия ва халқаро иқтисод йўналишига қабул қилинганман. Ушбу университетдан 300 минг доллар грант ютганман. Тўрт йил давомида 75 минг доллардан маблағ ажратилар, барча харажатлар қоплаб бериларди. Талабалар турар жойида беш юлдузли меҳмонхонада яшагандек ҳаёт кечирардик: ҳар бир талабага биттадан хона, унинг ичида дарсхона, ётоқхона, ошхона, санузел, барчаси алоҳидадан бўлар эди.

Талабалар сони бошқа университетдагиларга нисбатан камроқ бўлгани учун ҳар бир шахсга индивидуал ёндашилган ҳолда дарс ўтиларди. ОТМ Қатарда бўлса ҳам Америкадаги университет билан бир хил даражада таълим бериларди, ҳатто баъзи бир Америкада ўқиб келган талабалар Қатардаги ўқишни қийинроқ деб баҳолашарди. У ерда таълим ва яшаш юқори даражада қулай эди, айни шу туфайли ўзимда кучли шахсий ривожланишни кўрмадим ва ўқишимни бошқа олийгоҳга кўчиришга қарор қилдим. Фикримча, комфорт зонада доимий яшаш одамни ўсишдан тўхтатиб қўяди.

Абу Дабида ўқиш “Америка орзу”сини парчалади

Жоржтаун университетида ўқиётган вақтим 20 та нуфузли ОТМга ҳужжат топширдим, уларнинг орасидан Абу Дабидаги Ню-Йорк университетига 330 минг долларлик грант ютдим. Ҳозирда ушбу таълим даргоҳида молия йўналишида 2-босқичда ўқияпман.

Болаликдан орзум Америкада ўқиш эди. Бироқ Абу Дабидаги молиявий муҳитнинг ривожланаётгани ва бу ерда ўз соҳам бўйича катта тажриба майдони яратилгани ичимдаги “Америка орзуси”ни бутунлай парчалаб ташлади. Ҳозирда халқаро банклар ўз инвестицияларини Абу Дабига кўчирмоқда, олимлар тадқиқотларига кўра, бу шаҳар яқин 5-6 йил ичида дунёнинг молиявий марказига айланади.

Фанлар танлови кенг, факултет алмаштириш имконияти бор

Ню-Йорк университетида бир семестрда 400 га яқин курс тақдим этилади, уларнинг орасидан қизиқишингизга қараб 3 ёки 4 та курсни танлайсиз. Фанларни ўз хоҳишингизга кўра саралайсиз, бу борада ҳеч ким сизга босим ўтказмайди. Университетда талабанинг янги билимларни ўзи хоҳлаб ўрганиши биринчи ўринда туради. Асосий ракурс талабанинг шахсий фалсафасини кашф қилишга қаратилади.

26 та факултет бор, дастлабки, икки йил давомида бир факултетдан бошқа факултетга ўқишни кўчириш мумкин. Ушбу тизимдан кўзланган мақсад талабанинг “ички оловини ёқадиган” йўналишини топа олишига имкон яратиш. Масалан, биринчи курсда ўзим IT ва иқтисод соҳасида ўқишни танлаганман. Шу фанларнинг ичига кириб ўқиб кўрганимдан сўнг бу йўналишда кета олмаслигимни тушунганман.

Профессорлар талабалар билан ҳисоблашишга мажбур

Университетимизда кучли профессорлар дарс ўтади, уларнинг орасида Нобел мукофотини қўлга киритганлар ҳам бор. Вақтини аввалдан режалаштирсангиз, индивидуал дарслар ҳам ташкиллаштирилади. Мабодо бирор фандан паст балл олсангиз, профессор сизни ёнига чақириб, руҳий ҳолатингиз, муаммоларингиз ҳақида гаплашади, паст баҳо олишингизга сабаб бўлаётган ҳолатга ечим беришга ҳаракат қилишади.

Агар дарсларда ўз идеологиянгиз профессорникидан устунлигини аниқ фактлар билан исботлаб бера олсангиз, профессор сизга қарши чиқиб, ўз қарашида туриб олмайди. Бу тизим талабаларда танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради.

Ҳар семестрда саёҳат учун 1000 доллар

Университетнинг ўзига хос томони шундаки, талабаларга ҳар семестрда бошқа давлатларга саёҳат қилиш учун 1000 доллар маблағ ажратилади. Бу талабаларнинг глобал дунёқарашга эга шахс сифатида шаклланиши учун ишлаб чиқилган тизим ҳисобланади. Шахсан ўзим бир йил ичида Грузия, Туркия, Уммон давлатларига бордим ва соҳам бўйича тажриба тўплаб қайтдим.

Талабанинг соғлиғи энг муҳим омил

Ню-Йорк университетида талабаларга овқатланиш учун катта миқдорда пул ташлаб берилади. Ушбу маблағдан фақат таом сотиб олиш учун фойдаланиш мумкин. Иқтисодий салоҳияти паст мамлакатлардан келган талабаларнинг кўпи овқат учун берилган пулни уйга жўнатишларини билган ҳолда университет раҳбарияти маблағ фақат таом харид қилишга йўналтирилган тизим яратган. Университет ошхонасидан тезпишар таомлар (фаст-фуд)ни топиш қийин, биринчи ўринда талабаларнинг соғлом ва тўйиб овқатланишига эътибор қаратилади. Ҳар бир овқат идишига калория ва ёғ миқдори ёзилган бўлади, шу асосида таомланишингизни тартиблаб олишингиз мумкин.

Бир соат ишлаганга 11 доллар маош

Университетда биринчи курсдан ўқишдан ташқари ишлашни бошладим. Карерани ривожлантириш марказида маслаҳатчи бўлиб фаолият юритдим. Ҳар соат ишлаганимга 11 доллардан пул тўлашди. Вазифам талабаларнинг резюмеларини тўлдириш, уларни ишга жойлашиш бўйича интервюларга тайёрлашдан иборат. Ҳафтада 14 соатдан ишлардим ва бир семестрда жамғарган маблағим $2000 дан ошган.

Тажрибаларимни Ўзбекистонда қўлламоқчиман”

Университетимизнинг 12 та давлатда ўз филиали мавжуд. Исталган бирида талабалар бир семестр ўқиб келиши мумкин. Ўзим 2025 январ ойида Лондон ва Ню-Йоркда таълим олиш имкониятини қўлга киритдим.

Абу Даби, Лондон ва Ню-Йоркда ўрганган билим ва тажрибаларим орқали Ўзбекистоннинг молиявий салоҳиятини оширишни мақсад қилганман. Маҳаллий компанияларда амалиёт ўташ жараёнида сездимки, мамлакатимизда кунлик акциялар сотилиши миқдори жуда кам, инвестицияларни жалб қилиш борасида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар ҳали кўп.

Тўлиқ интервюни Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Операторлар: Зияддин Маматжонов, Шерзод Эгамбердиев
Монтаж устаси: Жавоҳир Ғайратов

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери