Спорт | 21:44 / 29.01.2023
49588
2 дақиқада ўқилади

Нодирбек Абдусатторов Нидерландиядаги турнирни 2-ўринда якунлади

Абдусатторов ҳал қилувчи баҳсда ютқазиб қўйди.

Фото: tatasteelchess.com

Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида «Tata Steel Chess-2023» турнири якунига етди. 29 январ куни бўлиб ўтган турнирнинг сўнгги, 13-турида Нодирбек Абдусатторов мезбон шахматчи Йорден ван Форестга қарши баҳс юритиб, имкониятни бой берди. 

Шу тариқа, турнир давомида пешқадам бўлиб келган ўзбекистонлик шахматчи ўзини дуранг ҳам қониқтириши мумкин бўлган ҳолатда ютқазгач, мусобақани 8 очко билан 2-ўринда якунлайдиган бўлди. Сўнгги турдаги муваффақияти эвазига 8,5 очко жамғарган нидерландиялик Аниш Гири эса Masters гуруҳи ғолибига айланди.

Абдусатторов турнир давомида бирор марта мағлубиятга учрамай, 4 баҳсда ғолиб бўлган, 5-турдан буён пешқадамликни ҳеч кимга бермай келаётганди. Ўзбекистонлик шахматчи Раппорт, Парҳам, Магнус Карлсен ва Аржун Эригаисини мағлуб этиб, қолган рақиблари билан дуранг қайд этганди. 

Challengers гуруҳида эса ўзбекистонлик яна бир шахматчи Жавоҳир Синдоров сўнгги турда нидерландиялик Томас Беердсенни мағлубиятга учратиб, 8,5 очко билан 3-ўринни эгаллади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид