Жамият | 22:20 / 30.01.2023
82916
2 дақиқада ўқилади

Ўқувчи қизларга таҳдид қилган имом ишдан олиниб, 3 суткага қамалди

Тошкент тумани «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов лавозимидан озод этилди ва 3 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда унинг араб тилини ўрганаётган 16 ёшли қизларга таҳдид оҳангида айтган гаплари аудиоёзуви тарқалган эди.

Фото: YouTube

«Сенга ким қўйибди қайси устоз қайси устоздан кучлилигини? … Кеча рўпарамга келганингда бошингни аквариумга тиқмоқчи эдим, кеча жаҳлим чиқиб келгандим. Ўзимни сал босиб олдим бугун. Сўйиб ташлайман сени, юрагингни суғуриб, қўлингга олиб бераман, тушундингми?», деган у аудиоёзувда.

Аудио бўйича Мусулмонлар идораси Ички назорат комиссияси йиғилиш ўтказиб, хулоса тақдим қилган.

«️Йиғилишда бу ҳолат имомлик мақомига мутлақо тўғри келмаслигига алоҳида урғу қаратилди. Айниқса, ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган «фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш» ва «ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш» деган бандларнинг А.Баҳромов томонидан қўпол равишда бузилиши, деб баҳоланди. Шунингдек, А.Баҳромов араб тили ўқув курсларида дарс бериши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасини белгиланган тартибда хабардор этмагани ҳам алоҳида қайд этилди», – дейилади ахборотда.

Маълум қилинишича, Ички назорат комиссияси Авазхўжа Баҳромовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида хулоса қилган.

Шунингдек, Баҳромов маъмурий жазо сифатида 3 суткага қамалган.

Мавзуга оид