Фан-техника | 00:20 / 31.01.2023
58005
2 дақиқада ўқилади

iPhone'лар «авариялар» ҳақида нотўғри сигналлар юбораётгани маълум бўлди

Чанғида ва каруселда учиш ҳолатлари iPhone 14 ва янги Apple Watch томонидан йўл-транспорт ҳодисаси сифатида қайд этилмоқда.

Фото: Apple

Сентябр ойида тақдим этилган iPhone 14 ва янги Apple Watch йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш учун мўлжалланган муҳим янгиликни олган эди. Қурилмалар ўз сенсорларига таяниб, йўл ҳаракати ҳодисасини аниқлаш ва махсус хизматларга автоматик тарзда хабар юбориш функциясига эга бўлди. Бироқ, инновация ҳали ҳам мукаммалликдан йироқ экани айтилмоқда. Autoevolution маълумотларига кўра, смартфонлардан кўплаб ёлғон хабарлар юбориляпти.

Хусусан, Япония ҳуқуқ-тартибот идоралари чанғи учаётган одамларнинг чўнтагида ётган iPhone'дан кўплаб нотўғри хабар келаётганидан шикоят қилмоқда. Кескин ҳаракатлар ва қорга сирпаниб йиқилиш ҳолатлари смартфон томонидан йўл-транспорт ҳодисаси сифатида қайд этиляпти ва фавқулодда хизматларга «авария юз бергани» ҳақида хабар жўнатилмоқда.

Мисол учун, 2022 йил 16 декабрдан 2023 йил 13 январгача Кита-Алпс Нагано ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан олинган 919 та хабарнинг камида 134 таси ёлғон бўлиб чиққан. Улар яқин атрофдаги чанғи курортларидан жўнатилган. Гужо шаҳрида ҳам iPhone'дан жўнатилаётган бундай «спам»дан шикоят қилишган: хабарномаларнинг 40 фоизи ёлғон бўлиб чиққан.

Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият органлари смартфон эгаларидан функцияни ўчиришни талаб қила олмаслигини тан олишади, чунки у ҳақиқий бахтсиз ҳодиса юз берганда одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Қайд этиш жоизки, смартфон фавқулодда хизматларни чақиришдан олдин таймер орқали ортга ҳисоблашни бошлайди, бироқ чанғи учиш пайтида бунга эътибор қаратилиши даргумон.

Бир неча ҳафта олдин Apple «аварияларни» аниқлаш тизимини такомиллаштириш устида иш олиб бораётганини эълон қилди, чунки у одамлар каруселда учаётганида ҳам қутқарувчиларни чақираётган эди. Компания дастлаб бу тизимнинг юқори аниқликда ишлаши, миллион соатлик тестларда синовдан ўтказилганини даъво қилган эди.

Мавзуга оид