Жаҳон | 08:37
626
2 дақиқада ўқилади

Max мессенджери App Storeʼдан олиб ташланди

Россиянинг “миллий мессенжери” сифатида тарғиб қилинаётган Max иловаси Appleʼнинг App Store дўконидан олиб ташланди. Бироқ дастур аввалдан ўрнатилган iPhone қурилмаларида ишлашда давом этмоқда.

Фото: РИА Новости

Max мессенжери ишлаб чиқувчиси бўлган VK компанияси 3 июнь куни кечқурун илова App Storeʼда мавжуд эмаслигини маълум қилди.

Компания матбуот хизмати Appleʼга расмий сўров юборилганини ва муаммони тезкор ҳал этиш устида иш олиб борилаётганини билдирди. Apple ҳозирча вазият юзасидан расмий изоҳ бермаган.

Россия ҳукумати Telegram мессенжерига нисбатан чекловлар фонида Max'ни унинг муқобили сифатида фаол тарғиб қилмоқда. Бироқ дастур хавфсизлиги бўйича мутахассислар орасида саволлар мавжуд.

Май ойи ўрталарида zarazaex тахаллуси остидаги дастурчи Habr платформасида Max'нинг APK-файли таҳлили натижаларини эълон қилди. Унга кўра, мессенжер телефондаги контактлар рўйхати ва ўрнатилган дастурлар ҳақидаги маълумотларни йиғиши, яширин тарзда овоз ёзиб олиши, экран тасвирларини сақлаши ҳамда айрим хабарларни ўчириш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Тадқиқотда, шунингдек, дастур VPN ёқилган ҳолатда ҳам фойдаланувчининг ҳақиқий IP-манзилини аниқлай олиши айтилган.

30 апрель куни эса Cloudflare хостинг провайдери Max доменини “жосус дастур” сифатида белгилагани ҳақида хабарлар тарқалган. Кейинчалик мазкур белги олиб ташланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид