Жаҳон | 19:06 / 31.01.2023
21188
3 дақиқада ўқилади

Санкция остидаги товарлар Ўзбекистон орқали Россияга етказилаётган бўлиши мумкин – Euromonitor

Беларус, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон Европа Иттифоқининг санкция остидаги товарларини Россияга етказиб бераётган бўлиши мумкин.

2022 йил мартидан ноябригача Европа Иттифоқидан Россияга товарлар экспорти 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 47 фоизга (36,3 миллиард еврогача) камайди.

Шу билан бирга, Россияга қўшни бўлган МДҲ давлатларига (Беларус, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга) Европа товарларини етказиб бериш 48 фоизга ошган (20,3 миллиард еврогача).

Бу ҳақда Euromonitor International маълумотларни ўрганиш бўлими раҳбари Вайдотас Землис-Балевичус тадқиқотига таяниб, РБК ёзмоқда.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқидан баъзи товарларни Россияга етказиб беришга чеклов ўрнатилганидан кейин, товарлар экспорти 71 фоизга камайган. Бироқ, айнан шу товарларни Россияга қўшни бўлган олти давлатга экспорт қилиш 95 фоизга ошган.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқидан Беларус, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга ноябр ойида санкцияланган товарлар етказиб бериш тахминан 1,5 миллиард еврони ташкил этган бўлса, бир йил аввал ойлик ҳажми атиги 500 миллион еврони ташкил қилган.

Землис-Балевичюс товарларнинг салмоқли қисми Россияга йўналтирилаётгани эҳтимолини тан олиб, санкциялар иш бермаётганини таъкидламоқда.

Қайд қилинишича, Швеция ва Малтадан ташқари Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари Россиянинг қўшниларига товар экспорти ҳажмини кўпайтирган. Улар орасида Кипр, Люксембург, Эстония, Литва ва Руминия энг кўп миқдорда (100-350 фоизга) экспортни оширган.

Шунингдек, мутахассис алоҳида товарлар бўйича «санкция аномалиялари» борлигини аниқлаган. Масалан, 2021 йилда Чехиядан Қозоғистонга бирорта смартфон етказиб берилмаган бўлса, 2022 йилда 164 миллион евролик смартфон етказилган. Грециядан Грузияга авиакеросин экспорти деярли нолдан 75,5 миллион еврога, Чехиядан Қозоғистонга ноутбуклар экспорти 280 фоизга ўсган.

Европа Иттифоқининг санкция режими «иккиламчи санкциялар»ни қўллашни назарда тутмайди. Бироқ, 2022 йил октябр ойида Европа ҳукуматлари россияликларга санкцияларни четлаб ўтишда (шу жумладан, ЕИ мамлакатларидан тақиқланган товарларни олишда) ёрдам берувчи учинчи мамлакатларга қарши санкцияларни қўллаш қоидасини биринчи марта жорий қилган эди.

«Ренессанс Капитала» компаниясининг бош иқтисодчиси София Донец Россия ва қўшни давлатлар ўртасидаги тўлов баланси статистикаси ўзаро товар алмашинуви миқдори ошганини кўрсатаётганини тан олади.

«Бироқ, МДҲ давлатлари санкциялар режимини бузмаяпти ва иккиламчи санкциялар эҳтимоли паст. Шунчаки, логистика ва бизнес-алоқалар қайта ташкил этилмоқда. Россиялик тадбиркорлар ўз бизнесини бошқа давлатларга кўчирмоқда», деди у.

Мавзуга оид