Жаҳон | 23:13 / 15.11.2024
672
2 дақиқада ўқилади

Россиялик ҳакерлар Европа сунъий йўлдошларига ҳужум қилмоқда

Нидерландия ва яна бир нечта давлат, жумладан, Украина ҳам РФнинг бу каби ҳаракатлари устидан Халқаро электр алоқалари иттифоқига шикоят қилди.

Фото: Fotolia

Россия охирги бир неча ой ичида Европа давлатларига тегишли камида олтита сунъий йўлдошга ҳакерлик ҳужумларини амалга оширди. Уларнинг тўрттаси Франциянинг Eutelsat компаниясига, биттаси эса Люксембургнинг SES компаниясига тегишли.

Қайд этилишича, россиялик ҳакерлар Европа сунъий йўлдошларини бузиб кириб, уларнинг сигналларини блоклаяпти ёки ташвиқот видеоларини тўсиб қўймоқда.

Ҳакерлик ҳужумларининг охиргиси ноябр бошида, биринчи эса ўтган баҳорда содир бўлган — ўшанда BabyTV болалар телеканалининг Нидерландия ва бошқа Европа давлатларидаги эфири кутилмаганда Россия пропагандаси, жумладан, ватанпарварлик концертлари кадрлари билан тўсиб қўйилган. Шу куни бундай ҳолат Украинанинг FreedomTV телеканали билан ҳам юз берган.

Ҳар икки телеканал ҳам Франциянинг Eutelsat компаниясига тегишли сунъий йўлдошдан фойдалади. Нидерландиялик журналистларга кўра, РФга алоқадор ҳакерлар сунъий йўлдош сигналини тутиб олган ва уни янада кучлироғига алмаштирган. Бу каби ҳужумлар март охири ва апрель ўрталарида ҳам амалга оширилган, Россия пропаганда роликлари яна BabyTV эфирида пайдо бўлган.

Кейинроқ Россия Европа сунъий йўлдошларига қарши ҳужумни сигналларни тўсиб қўйиш билан чекланмай, уларни фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга олиб келган. Зарар кўрган сунъий йўлдошлар нафақат телевизион сигналларни узатади, балки улар ҳукумат, ҳатто ҳарбий алоқа тизимиларига ҳам хизмат кўрсатади.

Нидерландия ва яна бир нечта давлатлар, жумладан, Украина ҳам РФнинг бу каби ҳаракатлари устидан Халқаро электр алоқалари иттифоқи (ХEАИ) — сунъий йўлдош коммуникацияларини назорат қилувчи БМТ ташкилотига шикоят қилди. Ташкилотнинг собиқ ходими Лилиан Жантига кўра, БМТда Россия ҳужумларини тўхтатиш имконияти йўқ. Россия ХEАИнинг шикоятига жавобан ўзининг ушбу ҳужумларга алоқаси йўқлигини билдирди.

Мавзуга оид