Украинага ажратилган пуллар нотўғри ишлатилмаган — АҚШ
АҚШ Молия вазирлиги текширувлардан сўнг шундай хулосага келди.
Қўшма Штатлар томонидан Украинага ажратилган молиявий ёрдам нотўғри ишлатилмаган. Бироқ, Вашингтон коррупциянинг олдини олиш учун зарур бўлган кафолатларни таъминлаш мақсадида Киев билан яқин ҳамкорликни давом эттиради.
Reuters агентлигининг ёзишича, АҚШ Молия вазирлиги шундай изоҳ берган. Бу сўнгги ҳафталарда Украинада авж олган коррупция можаролари фонида департаментнинг биринчи баёнотидир.
«Бизда АҚШ маблағлари Украинада нотўғри ишлатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Биз Украина расмийларининг АҚШ ёрдами кўзланган манзилга етиб боришини таъминлаш учун тегишли кафолатлар бериш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз», деди ғазначилик вакили Меган Аппер.
Унинг сўзларига кўра, вазирлик Жаҳон банки билан АҚШ молиявий ёрдамини кузатиб бориш бўйича ҳамкорликни давом эттиради.
Ўтган ҳафталарда журналистик суриштирувлар натижасида Украинада ҳарбий қисмлар учун генераторлар ва озиқ-овқат сотиб олиш бўйича коррупцион схемалар фош қилинган эди.
Ҳарбий хизматга мажбур амалдорларнинг чет элга кетиши ҳақидаги маълумотлар ҳам катта резонансга сабаб бўлди. Шундан сўнг Украина Вазирлар Маҳкамаси тегишли тақиқни киритди, лекин баъзи истиснолар билан.
Жанжаллар фонида лавозимдан четлатиш тўлқини кузатилди. Украина Мудофаа вазири ўринбосари Вячеслав Шаповалов, Ҳудудларни ривожлантириш вазири ўринбосари Вячеслав Негода ва 5 вилоят раҳбари ўз лавозимидан айрилди.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс бунга муносабат билдириб, Вашингтон Зеленскийнинг коррупцияга қарши курашда «тезкор ва қатъий ҳаракатини олқишлайди» деди.
Мавзуга оид
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024
Россия колоннаси Купянскка ёриб кирган, аммо Украина уни яксон қилганини айтмоқда. Нималар маълум?
19:22 / 15.11.2024
Америкалик ҳарбий хизматчилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортди
10:11 / 15.11.2024