Ўзбекистон | 09:33 / 31.01.2023
7120
2 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати соҳасидаги асосий принципларга ўзгартиришлар киритиляпти

Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, турли қоидабузарликлар содир этилиши, инсонлар ўлими билан боғлиқ мудҳиш ҳолатлар олдини олишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Қонун лойиҳасида йўл ҳаракати соҳасидаги асосий принципларга ҳам ўзгартиришлар киритилаётган бўлиб, эндиликда йўлларда хавфсизликни таъминлашда экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг устуворлиги, маҳаллий аҳоли ва йўл ҳаракати иштирокчилари фикрининг инобатга олиниши ҳам кўзда тутилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлар ҳам қайта кўриб чиқилган бўлиб, Ички ишлар вазирлиги давлат йўл ҳаракати хавфсизлигининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. 

Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, унинг ниҳоятда зарурлигига эътибор қаратди. Фракция аъзолари экстремал иқлим шароитлари, табиий офатлар, авариялар, ёнғинлар ёки техноген хусусиятли бошқа фавқулодда вазиятлар рўй берганда инсонлар ҳаёти ва соғлиғи ҳимояланиши юзасидан таклиф ва тавсияларини бериб, қонун лойиҳасини маъқуллади.

Мавзуга оид