Жаҳон | 23:17 / 04.02.2023
18834
3 дақиқада ўқилади

Саккиз нафар республикачи 2024 йилги сайловда Трамп билан рақобатлашиши мумкин 

Улар орасида «оғир вазнли» сиёсатчилар бор ва Трампга осон бўлмайди. 

Рон ДеСантис ва Доналд Трамп / Фото: Getty Images

АҚШ Республикачилар партиясининг камида саккиз нафар таниқли вакили праймеризда собиқ президент Доналд Трамп билан рақобатлашиши мумкин, деб ёзди The Hill газетаси. Ҳозирча у президентликка номзодини қўйиш ниятини эълон қилган ягона сиёсатчи ҳисобланади.  

Жумладан, Қўшма Штатларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги собиқ элчиси Никки Ҳейли президентликка номзодини қўйишини истисно этмаяпти ва бу ҳақда 15 феврал куни расман эълон қилиши мумкин.  

Яна бир номзод Флорида штати губернатори Рон ДеСантис бўлиши мумкин. У сайловда қатнашиш ниятини расман эълон қилмаган, аммо жуда машҳур. Кўплаб сўровлар натижаларига кўра, Трамп эмас, айнан ДеСантис республикачилар тарафдорларининг хайрихоҳлиги бўйича етакчилик қилган.  

Яна бир «оғир вазнли» сиёсатчи, АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс ҳам номзодини қўйиши мумкин. Аввалроқ у яқин ойларда бир қарорга келишини айтган эди. Бироқ, сўнгги кунларда унинг номи махфий ҳужжатлар билан боғлиқ можаролар фонида матбуотда тез-тез тилга олинмоқда. Ҳатто тинтувлар Пенснинг уйида ҳам ўтказилиши мумкин. 

Собиқ давлат котиби Майк Помпео декабр ойида ўз режаларини 2023 йилнинг баҳорида эълон қилишини айтган эди. Сўнгги пайтларда у президентликка номзодини қўйиши мумкинлигини англатувчи ҳаракатларни амалга оширмоқда. Хусусан, у ўз хотираларини эълон қилди ва ижтимоий тармоқларда собиқ раҳбари Трампга қарши кескин «ҳужумлар» қилди. 

Шунингдек, Арканзас штатининг собиқ губернатори Аса Ҳатчинсон, Виржиния губернатори Гленн Янгкин, Мэриленд штатининг собиқ губернатори Ларри Ҳоган ва Жанубий Каролина сенатори Тим Скотт президентликка даъвогарлик қилиш ниятини эълон этиши мумкин. Уларнинг ҳар бири, деб ёзади нашри, турли вақтларда бундай имкониятни жиддий кўриб чиқишга тайёр эканлигини эълон қилган. 

АҚШда президентлик сайлови 2024 йилда бўлиб ўтади. Ундан олдин демократлар ҳам, республикачилар ҳам ўз номзодини танлаб олиши керак бўлади. 

Мавзуга оид