Жаҳон | 20:53 / 04.02.2023
12593
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Россиянинг нефт маҳсулотлари нархи чегарасини тасдиқлади 

Бензин ва дизел ёқилғиси учун энг юқори нарх бир баррел учун 100 доллар қилиб белгиланди. 

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи Кенгаши (ЕК) Россиядан келадиган нефт маҳсулотлари нархининг юқори чегарасини расман тасдиқлади. 

Бензин ва дизел ёқилғиси учун энг юқори нарх бир баррел учун 100 доллар, чегирма билан сотиладиган маҳсулотлар учун эса 45 доллар этиб тасдиқланди. Бу ҳақда ЕИ кенгаши пресс-релизида маълум қилинди. 

Чекловлар 5 февралдан кучга киради. Ушбу муддатдан олдин сотиб олинган ва юкланган Россия нефт маҳсулотларини ташувчи кемалар учун 55 кунлик ўтиш даври белгиланади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Кенгаши март ойининг ўрталаридан бошлаб хом нефт нархини чеклаш механизмини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Ушбу чекловни ҳар икки ойда мунтазам равишда кўриб чиқиш режалаштирилган. 

Шунга ўхшаш чекловлар эртадан бошлаб Қўшма Штатлар томонидан жорий этилади. Аввалроқ, G7 давлатлари ва Австралия расмийлари худди шу чора ҳақида келишиб олган эди. Уларнинг барчаси бир баррел учун 100 доллар ва 45 доллар нарх чегараларини жорий қилади. Бундан ташқари, 5 февралдан ЕИ ҳам Россия нефт маҳсулотларига эмбарго жорий қилишни режалаштирган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид