
Минг афсуски, ҳар йили, ҳар онда дунё бўйлаб болалар йўқолиб туради ва ота-оналар бахтига уларнинг аксарияти топилади. Лекин бир нафар бедарак кетган ёки жасади топилган бола ҳам оммани титратиб ташлайди. Ҳамма ғазабга минади, қотилга энг олий жазо, қийноқлар қўллаш талаб қилина бошлайди.
Афсуски, маълум муддат диққат марказида турган мавзу аста-секин эътибордан туша боради ва ҳамма эҳтирос билан таклиф қилган эҳтиёт чоралари ҳам навбатдаги бола йўқолгунга қадар деярли унутилади.
Ота-она учун фарзандидан ажралиш энг оғир азоб бўлса, жигаргўшасининг бедарак йўқолиши ақлдан оздиргудек мавҳумлик, даҳшатли аросат экани ҳаммага аён. Аммо минг афсуски, болалар турли сабабларга кўра барибир йўқолиб туради, аксарияти кейинчалик топилса-да, айримлари мутлақ бедарак кетади...
Дунё бўйича бу борадаги статистика билан танишиб, даҳшат ва ҳайратдан ёқа ушлаймиз: жаҳонда ҳар йили ўрта ҳисобда 8 миллион нафар бола йўқолар экан. Ахир бу йирик мегаполис ёки ўртача бир давлат аҳолиси билан тенг. Қолаверса, бедарак кетганларнинг норасида гўдак экани ва ҳимоясиз қолиши мумкинлиги вазиятни янада чигаллаштиради.
Бу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, давлатнинг ривожлангани ва бойлиги, шунингдек, полициянинг самарали ишлаши болалар йўқолмаслигининг кафолати эмас. Масалан, Европа Иттифоқида ҳар йили 250 000 нафар, яъни ҳар икки дақиқада биттадан бола йўқолади. АҚШдаги маълумотлар эса янада қўрқинчли. Ҳар йили полицияга фарзандини йўқотган ота-оналардан 450 000 тадан 800 000 тагача мурожаат келиб тушади. Россияда ҳар йили 15 000 бола йўқолгани рўйхатга олинади ва уларнинг кўпчилиги нотинч оилаларнинг фарзандлари экани қайд этилади.
Бу борадаги энг оғир ҳолат Африка ва Осиёнинг баъзи давлатларида кузатилади. Гарчи уларда аниқ статистика юритилмаса-да, вазият оғирлиги кўпчилик ташкилотлар томонидан қайд этилган.
Хитойда болалар ўғирлиги ҳолати акс этган қуйидаги видеолавҳа кишини чуқур ўйга толдиради.
Дунё бўйича бедарак йўқолган болаларнинг кўпчилиги одатда адашиб қолиб, ўз ота-онасини буткул унутиб юборади, жиноий гуруҳлар томонидан фарзандсиз оилаларга сотилади ёки янаям даҳшатлиси – аъзолар учун пулланади. Албатта, бундай ҳолатлар кўп эмас, лекин бола ўғирлаш билан шуғулланувчи халқаро жиноий гуруҳлар борлиги аллақачон ўз исботини топган. Лекин йўқолганидан кейин 15 йил ўтиб топилган ёки улғайганидан кейин ўзи ота-онасини суриштириб келганлар ҳам учрайди. Шу боис бедарак кетган болаларнинг ота-оналари ҳадик билан бирга умид билан ҳам яшайдилар.

















