Ўзбекистон | 19:12 / 06.02.2023
9287
3 дақиқада ўқилади

Электрон ҳукумат ва бошқарув сифати – Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглари қанчалик ўзгармоқда?

2022 йилда Ўзбекистон БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида 193 та давлат орасида 69-ўринни эгаллаб, энг катта поғона юқорилаган мамлакатлар топ-10 талигидан жой олди. Шунингдек, мамлакат учун устувор бўлган 16 та рейтингда ҳам ўсиш кузатилган.

Фото: KUN.UZ

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиб бормоқда. «Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ҳамда амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори асосида республика кенгаши ҳолатни яхшилаш борасида ҳаракат қилмоқда. Жумладан, ҳар йили халқаро рейтинглар форуми ҳамда унинг доирасида семинар-тренинглар ташкил қилинмоқда.

Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши тақдим қилган рақамларга кўра, 2022 йилда Ўзбекистон учун устувор бўлган 16 та рейтингда мамлакатнинг ўрни кўтарилган. Kun.uz буларнинг энг муҳимларини санаб ўтади.

БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон 2014 йилда 100-ўринда бўлган бўлса, 2022 йилга келиб 193 та давлат орасида 69-ўринни эгаллади. Шу билан энг катта поғона юқорилаган мамлакатлар топ-10 талигидан жой олиб, электрон ҳукумат соҳасида юқори ривожланиш босқичидаги мамлакатлар қаторига киритилди.

Глобал инновацион индексда эса Ўзбекистон 2014 йилдаги 128-ўриндан, 2022 йилга келиб 82-ўринга қадар кўтарилди. Бу Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари орасида Ҳиндистон ва Эрондан кейин 3-ўрин ҳисобланади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Инсон камолоти индексида Ўзбекистон 2022 йилда 191 та мамлакат орасида 0,727 кўрсаткич билан 101-ўринга юқорилади. Сўнгги йилларда мамлакат бу индексда 14 поғона кўтарилган.

«Чегара билмас мухбирлар» ноҳукумат ташкилотининг Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон (ҳисоблаш методикаси ўзгаргани ҳисобига) 24 поғона кўтарилиб, 180 та мамлакат орасида 133-ўринни эгаллади. Ўзбекистон бу рейтингда 2015 йилда 166-ўринда бўлган.

Transparency International халқаро ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон ўз ўрнини 14 поғона яхшилаб, 180 та давлат ичида 126-ўринни эгаллади.

2015 йилда Ўзбекистон Жаҳон мамлакатлари демократияси индексида 158 ўринда турган бўлса, 2022 йилга келиб 149-ўринга қадар кўтарилди.

Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари таркибига кирувчи аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик индикаторида Ўзбекистон 2015 йилдан (199) буён 17 поғонага юқорилади – 182-ўрин.

Бошқарув сифати индикаторлари таркибига кирувчи Ҳуқуқ устуворлиги индикаторида нақд 41 поғона ўсиш бўлган. Хусусан, 2010 йилда 202-ўрин, 2015 йилда 185-ўрин бўлса, 2021 йилга келиб, Ўзбекистон 161-ўринга қадар кўтарилган.

Шунингдек, суверен кредит рейтингларида ижобий тенденциялар кузатилиб, «S&P» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон кредит рейтингини «салбий»дан «барқарор»га, Moody's агентлиги эса «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирди.

Мавзуга оид