Ўзбекистон | 18:43 / 06.02.2023
6638
10 дақиқада ўқилади

Ноу-хао – тижорат сирлари нега ҳимоя қилиниши керак?

Юридик тадқиқотчи Моҳинур Баҳромова ушбу мақоласида иқтисодиёт ривожида ноу-хаулар ҳимоясининг аҳамияти ва бу борада Ўзбекистон қонунчилигидаги бўшлиқлар ҳақида сўз юритади.

Иқтисодий ривожланиш учун интеллектуал мулк, хусусан ноу-хаудан самарали фойдаланиш – долзарб масала. Ўзбекистоннинг бу соҳада турли ривожланган давлатлар ҳамда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорлиги муҳим ва кечиктириб бўлмасдир. Ҳуқуқ тизими ривожланган мамлакатларининг ҳуқуқ нормалари ва суд амалиётини, халқаро тажрибани ўрганиш керак.

Номоддий активлар саналувчи интеллектуал мулк объектларининг ижтимоий ҳаётимизда тутган ўрни ортиб бормоқда. Миллий иқтисодиёт тармоқларига ақлий фаолият натижаларини ва илғор ғояларни амалда жорий қилиш механизмларини такомиллаштириш, маҳаллий ва халқаро брендларни яратиш, контрафакт маҳсулотларнинг айланмасига чек қўйиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ва самарали ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмини яратиш борасида қатор ишларни амалга ошириш зарурати бор.

Мамлакатнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида интеллектуал мулк соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Шунга мувофиқ қабул қилинган 2022–2026 йилларда Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси бу соҳадаги давлат бошқарувини, қонунчиликни, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш, уларни яратиш жараёнларини, махсус интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш каби асосий йўналишларни ўз ичига олади.

Қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши интеллектуал мулк объектларини юридик жиҳатдан ҳимоя қилиш, бу соҳада кузатилаётган ҳуқуқбузарликларни мониторинг ҳамда таҳлил қилиш орқали уларни олдини олиш, зарур бўлган вақтда қонуний чора кўриш, ҳуқуқ эгаларининг ва бошқа муаллиф-ижодкорларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, чет эл компанияларининг мамлакат ҳудудида интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби йўналишларда мавжуд долзарб муаммоларнинг ечиш имконияти яратиб беради.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, интеллектуал фаолият натижалари фуқаролик ҳуқуқлари объектлари ҳисобланади, бу Фуқаролик кодексининг 81-моддасида белгиланган. Фуқаролик ва бошқа қонунчиликка мувофиқ, интеллектуал мулк билан боғлиқ белгиланган ҳолларда ва тартибда жисмоний ёки юридик шахснинг мутлақ ҳуқуқи эътироф этилиши белгиланган. Булар интеллектуал фаолиятнинг аниқ ифода этиладиган натижалари ёки унга тенглаштирилган воситалар, хизматлар, ишлар, маҳсулотлар, фирма номи, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва бошқалар бўлиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг икки боб (59-60) ва 35 моддадан (1031-1073) иборат иккита бўлими интеллектуал мулк масалаларига бағишланган. Кодексга мувофиқ ошкор этилмаган маълумотлар, тадқиқот объекти ҳисобланувчи ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау) интеллектуал мулк объекти ҳисобланади. Юридик адабиётларда ҳам, олимларнинг қарашлари ҳамда мавжуд қонунчиликда ҳам интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси уларни яратганлик факти билан ҳамда қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган давлат ваколатли органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза ҳужжати берилиши оқибатида юзага келади. Фуқаролик кодексининг 1032-моддасида ошкор этилмаган ахборотга нисбатан ҳуқуқий муҳофаза қилиш шартлари келтириб ўтилади.

Шундай қилиб, миллий қонунчилигимизга кўра ноу-хау инсон ақлий фолияти билан боғлиқ интеллектуал мулк объекти каби таснифланади ва шунга мос равишда интеллектуал фаолиятнинг қонун билан ҳимояланган натижалари ҳисобланади. Ошкор этилмаган ахборотни ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилиш Фуқаролик кодексининг 64-бобида белгиланган.

Фуқаролик кодексининг 1096-моддасида ошкор этилмаган ахборотдан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик тартиби белгиланган. Ошкор этилмаган ахборотни қонуний асоси бўлмай туриб олган ёки тарқатган ёхуд ундан фойдаланаётган шахс бу ахборотга қонунан эга бўлиб турган шахсга ахборотдан ноқонуний фойдаланганлик натижасида етказилган зарарни тўлаши шарт.

Ошкор этилмаган ахборотдан ноқонуний фойдаланаётган шахс бу ахборотни уни тарқатишга ҳуқуқи бўлмаган шахсдан олган бўлса, ахборотни қўлга киритувчи шахс бундан бехабар бўлса ва буни билмаслиги керак бўлса (ахборотни инсофли эгалловчи), ошкор этилмаган ахборотнинг қонуний эгаси ахборотни инсофли эгалловчи ахборотдан фойдаланаётгани ноқонуний эканлигини билиб қолганидан сўнг ошкор этилмаган ахборотдан фойдаланганлик натижасида етказилган зарарларни қоплашни ундан талаб қилишга ҳақлидир.

Хорижий мамлакатларда “knоw-hоw” (АҚШ, Буюк Британия, Германия) атамаси билан бир қаторда “trade secret” (тижорат сири) (АҚШ), “secret de fabrique” (ишлаб чиқариш сири), “savoir-faire” (ноу-хау) (Франция), тушунчаларини очишда дастлаб чет эллик олимлар ва ҳуқуқшунослар сезиларли даражада ёки қисман фарқ қиладиган маънони оладилар.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айтиш жоизки, ошкор этилмаган маълумотларга, шу жумладан ишлаб чиқариш сирларига (ноу-хау) мутлақ ҳуқуқнинг амалга оширилиши ва батафсил тартибга солиниши ихтиродан фойдаланишни тартибга солишга ўхшаш тарзда амалга оширилади.

Амалиётда ноу-хау муаллифининг шахсий номулкий ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари ҳам юз бермоқда. Бироқ, ноу-хау ва тижорат сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларида шахсий номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг аниқ ва махсус қоидалари мавжуд эмаслиги ноу-хау муаалифининг бузилган шахсий номулкий ҳуқуқларни квалификaция қилишда қийинчиликларни вужудга келтиради.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, бузилган интеллектуал ҳуқуқларни, ҳам мулкий, ҳам номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг етарли даражада самарали фуқаролик-ҳуқуқий усуллари белгилаб берилди.

Интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг умумий фуқаролик-ҳуқуқий усуллари Фуқаролик кодексининг 11-, 1032-, 1040-моддалари ҳамда 64-бобида (1095-, 1096-, 1097-моддаларда) келтирилган. Ноу-хау интеллектуал мулк ҳуқуқининг объектлари жумласига киради, шунинг учун унга нисбатан интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг барча умумий фуқаролик-ҳуқуқий усуллари қўлланилади. Бироқ, Фуқаролик кодексининг нормаларида ноу-хауга бўлган бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай тушунтиришлар ёки қўшимча чоралар мавжуд эмас, уларни аниқ белгилаш зарурати бор.

Бу ҳолатда энг муҳим чора – зарарни коплаш (ундириш) ўрнига, компенсaция тўловларини йиғиш имкониятидан фойдаланиш хисобланади. Зарарни қоплаш – жабрланувчининг мулкий манфаатлари тўғридан тўғри мулкий йўқотишларни пул компенсaцияси ҳисобидан қондириладиган бундай ҳимоя тури зарарни қоплаш ҳисобланади.

Маълумки, фуқаролик ҳуқуқида йўқотишлар деганда ҳуқуқи бузилган шахснинг мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек, агар ҳуқуқ бузилмаган бўлса, бу шахс нормал айланма шароитида оладиган даромад (бой берилган фойда) тушунилади.

Шу муносабат билан, ноу-хауни ҳимоя қилиш бўйича қоидаларни жабрланувчига зарарни қоплашдан ташқари, ҳуқуқбузардан компенсaция тўловларини ҳам ундириш имконини берадиган норма билан тўлдириш мақсадга мувофиқ.

Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг маъмурий усуллари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ амалга оширилади. Кодекс қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни назарда тутади:

– Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш (1771-модда);

– Ихтирога, фойдали моделга ва саноат наъмунасига бўлган ҳуқуқларни бузиш (1772-модда).

Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ноу-хауга бўлган мутлақ ҳуқуқни бузганлик учун алоҳида жавобгарлик назарда тутилмаган.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи ҳуқуқбузарликлар профилактикаси доирасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор қилиш” асослари келтирилган 46-моддасида “Тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк оперaциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш” учун жавобгарлик белгиланган, аммо ушбу қоиданинг мақсади ва объекти ошкор этилмаган маълумотлар ёки ишлаб чиқариш сирларини (ноу-ҳау) ошкор қилганлик учун жавобгарликни белгилаш билан боғлиқ эмас.

МЖтКнинг 1771, 1772-моддалар бўйича маъмурий жавобгарликнинг мавжудлиги шунга ўхшаш ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини назарда тутади.

Шундай қилиб, Жиноят кодексининг 149-моддасида назарда тутилган “муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш” интеллектуал мулк объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунига ёки эълон қилингунига қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутади. Шу билан бирга, интеллектуал мулкнинг бошқа объектлари билан боғлиқ ҳуқуқларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган. Турли интеллектуал мулк объектларига нисбатан бир хил бўлмаган бундай ёндашув адолатсиз ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ошкор этилмаган маълумотлар, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау)ни ҳимоя қилиш усуллари ва интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мамлакатимизда бизнес ҳамда тадбиркорлик жадал суръатларда ривожланаётгани, ишлаб чиқариш соҳасида янги техника, технологияларни, билимларни жорий этиш, айниқса, иқтисодиётни рақамлаштириш борасида илғор хорижий инновaцион технологияларни жалб қилиш эҳтиёжи кундан кунга ортиб бормоқда. Келгусида ушбу соҳаларда ноаниқликлар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Фуқаролик кодексида ишлаб чиқариш сирларига (ноу-хау) доир қоидаларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, Фуқаролик кодексига ноу-хау тушунчаси, ноу-хау режими, унинг махфийлиги ва унинг муҳофазаси, ноу-хаунинг шартномавий асослари ҳамда унинг тижоратлаштирилиши каби нормаларни киритиш орқали соҳада юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан тартибга солиш мумкин бўлади.

Ноу-хауга бўлган талабларни бузганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларида аниқ келтириб ўтилиши керак деб ҳисоблаймиз. Мисол учун, ноқонуний ахборотдан фойдаланган шахснинг даъвогар олдида зарарни қоплаш мажбуриятини белгилашда қандай тартиб ва мезонларда белгиланиши очиқ қолган. Биз бераётган таклифга кўра, зарар миқдори ноқонуний ахборотдан фойдаланиб келинган давр муддатини ҳуқуқ эгаси кўрган ҳақиқий зарарни белгиланишида асосий мезон сифатида қайд қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Моҳинур Баҳромова,

ТДЮУ Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори.

Мавзуга оид