2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 41,5 фоизни ташкил қилди.  2017-2022 йиллар оралиғида хизмат кўрсатиш соҳаси 1,9 баробар ўсган. Институт гуруҳ раҳбари Дилфуза Ваҳобовага кўра, ахборот коммуникатив инфратузилманинг яхшиланиши давлат хизматлари турларининг кўпайгани, бизнесни рўйхатга олиш осонлашгани, хизматларни ривожлантириш тўғрисидаги дастур қабул қилингани бунга замин яратган. 

Хизматлар соҳасини 2022-2023 йилларда ривожлантириш прогнозларида соҳа ўсиши 2,2 баробар бўлиши керак эди. Айрим хизмат кўрсатиш турлари прогноз параметрларига мутаносиб тарзда ривожланди. Бунга молиявий хизматлар мисол бўла олади.

Соҳанинг ўсиши прогноздан паст даражада бўлишига имкониятлардан тўла фойдаланилмагани сабаб бўлган. Бундан ташқари, прогнозлар оптимистик сценарийда ишлаб чиқилишини ҳам ҳисобга олиш муҳим. Институт мутахассислари хизматлар соҳасини ривожлантириш учун қандай имкониятлар борлигини таҳлил қилишди.

“Таълим хизматларида ўсиш кутилганидан 0,5 баробар камроқ бўлган. Олий таълим хизматлар соҳасининг 54 фоизини ташкил қилади. Бу жуда катта улуш, демак бизда асосий бой берилган имкониятлар олий таълимда. Тарихан қисқа даврда олий таълимда ҳам таълимнинг бошқа босқичлари каби катта ишлар қилинди. 2018 йилда биттагина хусусий ОТМ бўлса, ўтган даврда кўплаб хусусий университетлар очилди. Хорижий университетлар Ўзбекистонга жалб қилинди, уларнинг сони 30 тага етди. 2017 йилда уларнинг сони 7 та эди. Жаҳон банки кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистондан кетиб ўқиётган талабалар ва бошқа давлатлардан келиб ўқиётган талабалар ўртасида 14 баробар фарқ бор. Демак биздан кетиб четда ўқиётган талабалар 14 баробар кўп. Аҳолининг ичида ҳам олий таълим хизматларига талаб катта, аммо сифат борасида қиладиган ишларимиз кўп”, — дейди Дилфуза Ваҳобова

Соғлиқни сақлаш тизимидаги хизматлар ҳам бой берилган имкониятлар қаторида кўрилмоқда. Бу соҳадаги хизматлар ҳам таълим хизматлари каби кутилганидан 0,4 баробар кам ривожланган. Таҳлилчилар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги хизматлар кутилганидек ривожланмаслигига улар давлат томонидан ҳам кўрсатилгани билан изоҳланиши мумкинлигини айтмоқда. 

“Туризм хизматлари прогнозлардан 0,3 баробар  кам ривожланди. Бой берилган имкониятларимиз бор. Масалан, “Глобал муслим туризми” индексида Ўзбекистон 62 балл билан 9-ўринда туради.