Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Kun.uzʼга 5 йиллик бизнес муҳити таҳлилини тақдим этди. Унда тадбиркорлик субъектлари сони кўрилган чоралар эвазига 1,8 баробарга ошгани ҳақида сўз боради. Институт иқтисодчиси Нодирбек Расуловнинг таъкидлашича, жиддий иқтисодий ислоҳотларга қарамай ҳудудларда бизнес муҳити ўртасида тафовут ҳали ҳам сақланиб қолмоқда: республикадаги тадбиркорлик субъектларининг 20 фоиздан ошиғи Тошкент шаҳрига тўғри келяпти. Президент фармони билан бу фарқни бартараф этиш ишлари бошланган. 

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, 2017-2022 йиллар давомида Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 2000дан зиёд норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Институт норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар натижасидаги асосий ўзгаришлар таҳлилини маълум қилди.  

Институт лойиҳа раҳбари Нодирбек Расуловнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунгача тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 104 та рухсатнома ва лицензиялар бекор қилинган. 33га яқин рухсатнома ва лицензиялар ўрнига хабардор этиш тизими жорий қилинди. 

Бундан ташқари, 13га яқин солиқ турлари 9тага, 13та солиқ текширувлари 3тага туширилди. Маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга олиб келинаётган 3,5 мингга яқин маҳсулотларга божлар, 1100 товарга акциз солиғи бекор қилинди. Шунингдек, хориждан келаётган хомашё қимматга тушиб кетмаслиги учун бож ва акциз билан боғлиқ имкониятлар ҳам берилди. 300га яқин маҳсулотларнинг божлари кескин камайтирилди”, — дейди иқтисодчи.

Фото: Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти 

2017 йилда Ўзбекистонда 283 мингга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, ҳозир уларнинг сони 523 мингдан зиёд. Ўтган даврда тадбиркорлик субъектлари сони 1,8 баробарга ошган. 2021-2022 йилларда президент тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди. 2021 йил августдаги мулоқотда тадбиркорлар томонидан 15 мингдан зиёд, 2022 йилда эса 8,5 минг эътироз ва таклифлар тушган.  

“Агар бу мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, тадбиркорларнинг энг кўп эътирози солиқ, божхона, хусусий мулк ва текширувлар билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни энг муҳим масала сифатида эътироф этяпти. Аммо хориж мамлакатлари билан солиштирсак, ҳали кўп қилинадиган ишлар борлигини кўришимиз мумкин”, — дейди Нодирбек Расулов.