Иқтисодиёт | 19:57 / 08.02.2023
30464
5 дақиқада ўқилади
Реклама

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ – “MACLEC”: сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни етказиш бўйича шартнома имзоланди

Фото: Ўзбекгидроэнерго

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэнергетик қувватларни барпо этиш, хусусан, замонавий талаблар асосидаги янги гидроэлектр станцияларни қуриш, модернизация лойиҳаларини амалга ошириш, шу билан бирга, истиқболли саналган микро ва кичик ГЭСларни қуришга катта урғу берилмоқда.

Бугун 8 февраль куни Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди.

Тадбирда Маданий алоқалар бўйича Ҳиндистон Кенгаши президенти Доктор Винай Сахасравудхе, Миллий энергетика корпорацияси, “Tehri Hydro Power Corporation” ҳамда “North-Eastern Electric Power Corporation Limited” корпорациялари раиси ва бошқарувчи директори Шри Р.К. Вишной, “MACLEC technical project laboratory pvt. LTD” компанияси раиси Нараян Бхардвадж, Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дилшод Ахатов ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги делегация қатнашди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Тадбирда тарихий келишувга эришилди. Ҳиндистоннинг “MACLEC technical project laboratory pvt. LTD” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, қуввати 50 МВт бўлган сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни Ўзбекистонга етказиш бўйича шартнома имзоланди. Ушбу ҳамкорликнинг асосий жиҳати шундаки, 1-босқичда гидроагрегатларнинг 60%и маҳаллийлаштирилади ва гидроагрегатлар Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказилади. 2-босқичда ишлаб чиқариш 100% маҳаллийлаштирилади ва ҳиндистонлик инженер-муҳандислар республикамизда доимий ишлаши ва бизнинг маҳаллий мутахассисларимизни гидроагрегатларни ишлаб чиқаришга ўргатиш учун жалб қилинади.

Бу борада Жамият халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, хорижий илғор тажрибани маҳаллийлаштиришга устувор вазифалардан бири сифатида қарамоқда.

Мазкур тадбирда “MACLEC” компанияси раиси Нараян Бхардвадж ҳамда Жамият Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов томонидан ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтилди ҳамда ўзаро миннатдорчилик тилаклари билдирилди.

Тадбир давомида томонлар ўртасида шартнома имзолаш маросими ўтказилди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Ўтган 2022 йилнинг август ойида Ҳиндистоннинг “Масlес” компанияси раҳбарлари билан гидроэнергетика соҳасида янги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида икки томонлама учрашув ўтказилган ҳамда “Made in Uzbekistan” миллий бренди асосида қуввати 500 кВт гача бўлган микроГЭСлар учун гидроагрегатлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув Меморандуми имзоланган эди.

Натижада, тизим ташкилоти ҳисобланган “Сувсаноатмаш” АЖ заводи ҳамда Ҳиндистоннинг “MACLEC” компанияси ҳамкорлигида микроГЭСлар учун гидроагрегатлар “Made in Uzbekistan” ўзбек бренди асосида мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш борасида келишувга эришилган эди. Бу эса, ўз навбатида, хусусий инвесторлар томонидан микроГЭСларни қуришга ва давлат-хусусий шерикчилиги асосида кичик ГЭС қурмоқчи бўлган тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб беради. ГЭС учун зарурий асбоб-ускуналар юртимиздан арзон ва кафолатланган тарзда харид қилиниши имкониятини беради.

Жорий йилнинг 23 январь куни Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси А. Сангинов бошчилигидаги делегация ҳамда “MACLEC” компанияси вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик доирасида ўтказилган навбатдаги учрашувда Жамият томонидан Ўзбекистондаги гидроэнергетик салоҳият, хусусан, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай дарё ва каналлар ҳақидаги маълумотлар, ҳинд компанияси томонидан эса замонавий технологик қурилмалар, хусусан, гидроагрегатлар борасида махсус тақдимот тақдим этилган эди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Натижада қисқа вақт ичида ҳар бир дарё ва каналлар учун индивидуал бўлган гидроагрегатлар моделлаштирилди, уларнинг номинал ўлчамлари ва қувватлари янги технологиялар ёрдамида аниқланди ва шу кунларда ишлаб чиқариш жараёнлари бошланади.

Жамият томонидан бу борадаги ҳамкорлик ишлари узвий давом эттирилиб, Хитой Халқ Республикасининг JINLUN компанияси билан қуввати 15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқарувчи янги замонавий технологиялар билан жиҳозланган заводни қуриш бўйича ўзаро келишувга эришилди. 20 февралга қадар ушбу ҳамкорлик битими имзоланиши ва янги заводга тамал тоши қўйилиши режалаштирилмоқда.

Умуман олганда, маҳаллийлаштириш доирасида самарали лойиҳалар асосида йўлга қўйилаётган, хорижий илғор тажриба асосида ишлаб чиқарилаётган янги қувват қурилмалари ва манбалари янги Ўзбекистон гидроэнергетик салоҳияти ортишига, тоза ва арзон электр энергия манбаини ишлаб чиқариш ҳажми кескин оширилишига, янги иш ўринлари яратилишига, том маънода, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишига муҳим пойдевор бўлади.

Ахборот хизмати

Ҳиндистон. Нью-Деҳли.

Мавзуга оид