Бу борада, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали мамлакатимиз гидроэнергетика қувватини ҳамда тоза ва арзон яшил электр энергия манбасини ишлаб чиқаришни янада ошириш йўналишида изчил амалий фаолият олиб борилмоқда.

Бугун, 25 декабр куни Андижон вилояти Хонобод шаҳрида янгидан барпо этилган Хонобод микро ГЭСнинг очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Андижон вилоят ва Хонобод шаҳри ҳокимлиги вакиллари, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ масъул раҳбарлари, ҳудудий фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Хонобод шаҳри Ўнг қирғоқ канали ПК-37да барпо этилган ушбу микро ГЭС Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 17 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сонли қарорига мувофиқ жамиятнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан қурилган бўлиб, буюртмачи тизим ташкилоти ҳисобланган “1-сон Қурилиш дирекцияси” УК бўлди. Яна бир тизим ташкилоти – “Гидропроект” АЖ томонидан асосий лойиҳалаштириш ишлари бажарилди.

Мазкур микро ГЭСнинг қуввати 650 кВт, ўртача йиллик 3,6 млн кВт.соат электр энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Мазкур микро ГЭСда ҳар бирининг қуввати 325 кВтдан бўлган 2 та горизонтал “Каплан” туридаги С-турбинали гидроагрегатлар ўрнатилган. Бу турдаги агрегатлар республикамизда биринчи марта ўрнатилди. Афзаллиги – микро ГЭС 6 м3/с сув сарфи билан тўлиқ қувватда ишласа-да, лекин битта агрегат атига 1 м3/с сув билан ҳам электр энергия ишлаб чиқаради.