Жаҳон | 21:09 / 08.02.2023
41777
9 дақиқада ўқилади

Россия Бахмутни қуршаб олаётганини айтди. Фронтнинг энг қайноқ участкасида аслида нималар бўлмоқда?

Донецк областининг Соледар шаҳри эгаллангач, Россия қўшини қўшни Бахмут атрофидаги ҳалқани торайтира бошлади. Ҳозирда ушбу аҳоли яшаш манзили – РФ армиясининг асосий мақсади бўлиб турибди. Айни вақтда Бахмутда нималар бўлмоқда ва украин ҳарбийлари уни яна қанча вақтгача ушлаб тура олади?

Фото: SOPA IMAGES

Сешанба куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Бахмутдаги вазият (Россия ҳукумати уни эски номи – Артемовск билан атайди) Россия қўшинлари учун муваффақиятли кечаётганини айтди.

Воқеа жойидан келаётган хабарларга кўра, Бахмутдан атиги олти километр шимолда жойлашган Соледар эгаллангач, РФ армияси ҳарбийлари ва «Вагнер» гуруҳининг ёлланма жангчилари аста-секинлик билан украинларнинг позициялари томон ҳаракатланишда давом этган.

Шойгунинг тасдиқлашича, Россия қўшини Блаҳодатное ва Подгорное посёлкаларини эгаллаган. Бу аҳоли яшаш манзиллари Бахмутдан шимолроқда, шаҳарни Северск ва Словянск билан боғловчи трасса бўйида жойлашган.

Аммо Шойгунинг сўзлари Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси томонидан қисман рад этилди. «Қайд этиш керакки, Соледар шаҳридан Украина қўшини 25 январдаёқ, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги бу ҳақда расман эълон қилишидан олдинроқ олиб чиқилган. Бошқа аҳоли яшаш пунктларига келадиган бўлсак, айни вақтда улар душман томонидан эгаллангани тасдиқланмаган. Украина мудофаа кучлари кўрсатилган барча йўналишларда ҳимояланишда давом этмоқда», дейилган баёнотда.

Украина ҳарбийлари Шойгу айтган йўлдан қуроллар ва ўқ-дори захирасини тўлдириш, жангчиларни ротация қилиш учун фойдаланмоқда.

Бахмут шимолидаги Россия қўшини Константиновка шаҳрига олиб борувчи трассага яқинлашмоқда. Шойгунинг сўзларига кўра, РФ армияси ушбу трассадан тўрт километр жанубдаги Клешчиевка посёлкасини эгаллаган.

Бахмутдан чиқувчи учта йўлдан иккитаси тўсиб қўйилганми?

Украина қуролли кучлари Бош штабининг 6 феврал куни эрталабки сводкасида айтилишича, Украина қўшини россияликларнинг Северскка кетувчи трассадан шарқда жойлашган Зализнянское қишлоғига қилинган ҳужумини қайтарган. Шунингдек, бош штаб маълумотларига кўра, Ивановскоега қилинган ҳужум ҳам қайтарилган (аввал Червоное деб аталган бу қишлоқ Клешчиевкадан ғарбда, Константиновкага борувчи трасса бўйида жойлашган).

Бу маълумот шуни кўрсатадики, РФ армияси айни вақтга келиб бошқа ҳудудларни Бахмут билан боғловчи учта логистик маршрутдан иккитасини кесиб қўйган ёки шунга яқин.

Аммо 7 феврал куни кечқурун Украина қуролли кучлари Бош штаби РФ армияси Бахмут йўналишида бошқа жойлар (Зализнянское, Красная Гора, Бахмут, Ивановское, Миколайивка, Ступочки, Курдюмовка, Нью-Йорк ва Веселое) қатори Клешчиевкани ҳам ўққа тутгани ҳақида хабар берди. Бу эса шуни англатадики, Клешчиевка ҳамон украин ҳарбийлари назоратида қолаётган бўлиши мумкин.

Феврал ойи бошида Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Россия барча кучларини Бахмутни қуршаб олиш учун ташлагани ҳақида айтганди.

Украина қўшинлари Шарқий гуруҳи расмий вакили BBC нашрининг ушбу йўналишдаги вазият бўйича сўровига жавоб бермаган.

Мудофаа тутиб туриладими ёки чекиниладими?

Бахмутдаги мураккаб вазият ҳақида шаҳарда бўлиб турган украин ҳарбийлари ҳам хабар беришган.

Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский Бахмутни эгаллаб бўлмайдиган қалъа даб атаган

Украин бўлинмаларидан бирининг командири Денис Ярославский душанба куни «Настоящее время» телеканалига россияликлар Бахмутнинг учдан икки қисмини эгаллаб тургани ва шаҳарда вазият украинлар учун жуда оғирлашганини айтганди.

«Душман шаҳарнинг бир қисмини эгаллаган – саноат зонаси ва дарё бўйидаги хусусий секторни. Улар фронтнинг кичик участкасини ёриб ўтиб, бизнинг позицияларимизга яқинлашиб келмоқда. Ҳозирда шаҳар мунтазам равишда душман миномётларидан ўққа тутилмоқда», деган Ярославский.

Бахмутка дарёси шаҳарни икки нотенг қисмларга ажратиб туради. Дарёнинг шарқий соҳилида асосан хусусий турар жойлар, унинг шимолроғида эса саноат зонаси жойлашган. Бир неча ойдан буён мазкур ҳудудда шиддатли жанглар кечаётганди.

Шаҳарнинг Бахмуткадан ғарбдаги қисми нисбатан каттароқ майдонни эгаллайди, шаҳар маъмурий маркази ҳам шу томонда. Масалан, Бахмут шаҳар кенгаши биноси дарё қирғоғидан олти юз метр ғарбда жойлашган.

Россия қўшинлари ва «Вагнер» ёлланма жангчилари кўп ойлардан буён Бахмутни эгаллай олмаяпти
Фото: ANADOLU AGENCY

Денис Ярославскийнинг сўзларига кўра, россияликлар Украинанинг бошқа ҳудудларидан Бахмутга келувчи иккита асосий йўлга зарба бериш даражасида яқинлашиб келган ва шаҳарни таъминотдан узил-кесил узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда.

Украиналик офицер шунингдек, Бахмутни энди вагнерчилар эмас, балки Россия армиясининг мунтазам қисмлари штурм қилаётганини айтиб ўтган.

«Улар ҳарбийларнинг профессионал тилида сўзлашмоқда. Барча мезонлар бу Россия Федерациясининг мунтазам армияси эканини кўрсатади. Ҳа, улар яхши таълим кўрган - буни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Агар буларнинг бир қисми сафарбар қилинганлар бўлса ҳам, кўпроқ қисми мунтазам армия аскарлари», дея тан олади Ярославский.

Яқинда Украина қуролли кучлари Қуруқлик қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Олександр Сирский ҳам Бахмутдаги вазият ҳақида айтиб ўтганди. Унинг таъкидлашича, айнан шу ҳудуд узоқ вақт давомида мудофаага тайёргарлик кўрган, бу ерда муҳандислик тўсиқлари тизими барпо этилган, қолаверса, рельеф ҳам мудофаа амалиётлари учун қулай ҳисобланади.

«Муҳандислик тўсиқларининг пухта ўйланган тизими табиий ландшафт билан биргаликда бу ҳудудни чинакамига яқинлашиб бўлмайдиган қалъага айлантирди, унинг деворлари остида минглаб душманлар ўлим топди. Биз душманнинг энг яхши бўлинмаларини йўқ қилиш учун ҳар қандай имкониятдан – ҳам муҳандислик, ҳам табиий имкониятлардан фойдаланамиз. Жанг давом этади», деган украиналик қўмондон.

Сирский шу кунларда Бахмутга келган ва бевосита жанг кетаётган ҳудудларда бўлган.

«Вақтдан ютиш»

Шаҳар мунтазам равишда Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилади. Фото: ANADOLU AGENCY

Аммо хориж разведкаси ва таҳлилий марказлар ҳисоблашича, Украина қуролли кучлари яқин вақтлар ичида Бахмутдан чекинишга мажбур бўлиши мумкин.

Хусусан, Эстония разведка бошқармаси раҳбари Марго Гросберг 3 феврал куни украин ҳарбийлари шаҳарни тарк этиши мумкинлиги, чунки бундан буёғига мудофаани давом эттириш ресурсларни асоссиз сарфлаш ҳисобланишини айтди.

«Бахмутни тутиб туриш орқали, Украина кучлари Краматорск ва Словянск каби бошқа шаҳарлар ва аҳоли яшаш манзилларини ҳимоя қилиш мақсадида янги мудофаа чизиқларини барпо этиш учун вақтдан ютди. Яқин кунлар ичида Украина кучлари Бахмутдан кетиши мумкин. Барчаси янги мудофаа чизиқларининг тайёрлик даражасига боғлиқ. Қайсидир паллага бориб шаҳарни тутиб туриш учун ресурсларни сарфлашда давом этишдан маъно қолмайди», деган Гросберг.

Гросбергнинг фикрича, Бахмут РФ назоратига ўтиши фронтда қандайдир жиддий ўзгаришга олиб келмайди, аммо Россия учун ахборот операцияларида зарур бўлган руҳий ғалаба бўлади.

Донецк области маъмурияти раҳбари Павел Кириленко ҳам Бахмут россияликлар қўлига ўтиши мумкинлигини истисно этмаган, аммо уларнинг бутун Донецк областини эгаллаш режалари амалга ошиши имкон доирасидаги иш эканига шубҳа билдирган.

«Ҳеч қандай сценарийни истисно этиб бўлмайди. Аммо биз фақат вертикал бўйича ҳаракат қиламиз. Барча ҳарбийлар мудофаа чизиқларида турибди. Ва бу рўй бермаслиги (Бахмут бой берилмаслиги) учун барча чоралар кўрилади», деган Кириленко «Озодлик радиоси»га берган интервюсида.

Област маъмурияти раҳбари ҳукумат украин аскарларидан «тўп еми» сифатида фойдаланмоқчи эмаслигини таъкидлаб ўтган. «Ҳозирча Бахмут дош бермоқда. Биз имкон қадар кўпроқ душманни йўқ қилиб, уларнинг ҳужумга ўтиш шижоатини сўндириш учун барча ишни қиламиз», деган Кириленко.

Зеленский Бахмут куч етган қадар ҳимоя қилинишига ваъда берган. Фото: CHRIS MOGRATH

Украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовецнинг ҳисоблашича, Бахмут атрофидаги воқеаларнинг кейинги ривожи кўп жиҳатдан Украина қуролли кучлари Константиновка трассаси (Т-0504 йўли) атрофидаги позицияларини ушлаб қолишига боғлиқ.

«Агар душман Т-0504 йўлига чиқса ва Часив Яр учун жанг бошласа, шунингдек Берховский сув омборига ёриб кирса..., бу ҳолда Бахмутни ташлаб чиқишга тўғри келади», деб ҳисоблайди эксперт.

Президент Зеленский ҳам Бахмутдаги вазиятни оғир деб атаган, аммо «имкон қадар кураш давом эттирилиши»ни ваъда қилган.

Мавзуга оид