Россия Украинада катта юриш бошлаши кутилмоқда. Бу қандай бўлиши мумкин?
Россия Украинада яқин ҳафталар ичида навбатдаги катта юришни бошлашга тайёргарлик кўрмоқда. Сўнгги вақтларда Украина ва Ғарбдаги расмий шахслар шундай огоҳлантиришлар билан чиқишди, бундай мазмундаги хабарлар аноним манбаларига таянган нашрларда ҳам берилган. Фронтдаги воқеалар ривожи қандай кечиши мумкин?
Агар Украинадаги расмийлар ва ОАВдаги маълумотларга ишонилса, бир вақтнинг ўзида бир неча йўналиш хавф остида қолган: Донецк областининг жанубий қисми, Мелитопол ҳудуди, бунгача ҳам шиддатли жанглар кечаётган Бахмут ва Вуҳледар шаҳарлари атрофи, шунингдек Луҳанск областидаги Украина армияси кузги қарши ҳужум вақтида озод этган Лиман шаҳри.
«Босқинчилар февралда қандайдир рамзий қадам ташлашни хоҳлаётгани ҳақида кўплаб хабарлар мавжуд. Улар ўтган йилги мағлубиятлари учун жавоб қайтаришга ҳаракат қилишади. Биз буни фронтнинг турли йўналишларида босим кучайганида, шунингдек ахборот майдонидаги босимда кўряпмиз», деганди Украина президенти Володимир Зеленский.
Россия катта ҳужум бошлаши ҳақида ўтган ҳафтада Украина мудофаа вазири Олексий Резников ҳамда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Олексий Данилов ҳам огоҳлантирганди. Улар юриш 24 феврал куни бошланиши мумкинлигини айтишган - шу куни Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганига бир йил тўлади.
Financial Times нашри эса номини ошкор қилмасликни сўраган «Украина армияси маслаҳатчиси»га таянган ҳолда, Киев юриш яқин 10 кун ичида бошланиши мумкинлиги тўғрисида «жуда ишончли маълумот» олгани ҳақида хабар тарқатди.
Юриш қаерда бошланиши мумкин?
Россия армияси бир неча йўналишларда фаоллашгани ҳам катта юришга тайёрланаётганининг билвосита белгисидир.
«Украинская правда»га берган интервюсида Украина мудофаа вазири Олексий Резников ҳозирда мамлакат шарқи ва жанубида Россиянинг энг жиддий гуруҳлари жойлашганини айтган.
Донецк областидаги фронт чизиғида бир неча йўналишда Россия позициялари олдинга туртиб чиққан: ноябр ойидан буён фаол ҳарбий ҳаракатлар кечаётган Вуҳледар ҳудудида; Донецк яқинидаги Авдийивка шаҳри атрофида; Россия кучлари «Вагнер» ёлланма жангчилари билан қуршаб олиб, эгаллашга ҳаракат қилаётган Бахмут шаҳрида.
Бу бўртиқларнинг ҳар бири шу йўналишлардаги шаҳарларни қуршаб олиш билан якунланиши мумкин, аммо Россия қўшинларининг Донецк областидаги ҳаракатлари шу вақтгача жуда секин кечаётганди. Бу ҳудудлар урушга қадар йиллар давомида мудофаа учун тайёрланган.
Бошқа томондан Донбасснинг эгалланиши - Россия раҳбарияти томонидан қўйилган сиёсий вазифа ва юриш айнан шу ҳудудда бошланиши эҳтимоли анча юқори, бу ҳақда Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов ҳам Washington Post газетасига берган интервюсида айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда Россия бор эътиборини айнан Донецк ва Луҳанск областларини тўлиқ эгаллашга қаратади.
Иккинчи хавфли йўналиш - Запорижжя области. Бу ерда фронт чизиғи Федоровка, Камиш-Заря ва Волноваха орқали ўтувчи темирйўл тармоғига жуда яқин жойлашган. Бу линия Украина жанубидаги Россия қўшинлари таъминоти учун ўта муҳим ва фронт чизиғини шимолга суриш ғояси россияликлар учун жуда жозибали кўриниши мумкин.
Financial Times нашри украиналик ҳарбий манбага асосланиб ёзишича, Россия Донецк области жанубида ўз гуруҳини кучайтириб, босиб олинган Мариупол шаҳри атрофидаги қишлоқларга қўшимча кучлар жойлаштирмоқда.
Луҳанск области ғарбидаги Креминна шаҳри атрофида ҳам таҳдидли вазият юзага келган - яқингача бу шаҳар Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми учун асосий нишон бўлиб турганди, аммо бу шаҳарни қайтариб олишнинг имкони бўлмади. Ҳозир бу ҳудудда жанглар кетмоқда ва Россия қўшини украинлар кузда озод этган Лиман шаҳри томонга юриш бошлаши мумкинлигини истисно этиб бўлмайди.
«Бу ҳафта Россия босқинчи қўшинлари барча кучларини Бахмут атрофидаги мудофаа чизиғини ёриб ўтиш учун ташлади, шунингдек, Лиман йўналишида кучли ҳужум бошланди», деган Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр.
Шунингдек, Беларус томондан Украина пойтахтига ва Россиянинг Брянск, Курск ва Белгород областларидан давлат чегараси орқали бостириб кириш йўналишлари ҳам мавжуд, лекин умумий баҳоларга кўра, бунинг эҳтимоли анча кам. Чегара бўйидаги аҳоли яшаш манзиллари вақти-вақти билан ўққа тутиб турилади, аммо ҳозирча бу ҳудудда Россия армиясининг фаоллиги паст даражада қолмоқда.
Юришга қандай тайёргарлик кўрилади?
Ҳужум қилиш ҳимояланишдан кўра қийинроқ. Ҳужумга тайёргарлик кўришда ҳар қандай армия штаби анча мураккаб вазифаларга дуч келади. Бир томондан зарба бериш учун куч тўплаш керак, чунки сон жиҳатдан устунлик - муваффақият учун муҳим омилдир. Бошқа томондан - буни шундай қилиш керакки, рақиб захира кучларини олиб келишга улгурмаслиги ва ҳужум тузоққа тушиш билан якунланмаслиги керак.
Шу билан бирга нафақат бостириб борувчи кучларни йиғиш, балки бошқа тайёргарлик ишларини ҳам амалга ошириш талаб этилади: ёнилғи ва ўқ-дори захиралари ғамланиши, дала ҳоспиталлари ташкил этилиши керак.
Замонавий урушлар шароитида буни махфий равишда қилишнинг имкони йўқ - икки томон ҳам дронлар, радарлар, сунъий йўлдош тасвирлари ва бошқа разведка воситаларидан фаол фойдаланади, булар эса ҳужум қилувчи гуруҳни жойлаштириш вақтидаёқ аниқлаш имконини беради.
Махфий жойлаштириш орқали қўққисдан ҳужум қилиб, рақибни доғда қолдириш мумкин бўлади. Россия армияси 2021 йилда Беларусда ўтказилган машғулотларда ҳам шундай усулни қўллаб кўрган. Лекин бунда барчаси кўламга боғлиқ бўлади - ҳатто фронт чизиғидан анча ичкарида ҳам йирик гуруҳни махфий жойлаштириш қийинчилик туғдиради.
Украина қуролли кучлари август ойи охирида қарши ҳужум бошлашдан олдин ҳужум қилувчи гуруҳларни махфий жойлаштиришни уддалаганди, аммо бу юриш у қадар катта кўламда эмасди.
Юриш қилаётган кучларга устунлик берадиган яна бир жиҳат - чалғитувчи зарбалар бериб, рақибни захира кучларини турли нуқталарга бўлиб юборишга мажбур қилишдир.
Юриш қилаётган томоннинг йўқотишлари ҳимояланувчи томоннинг йўқотишларига нисбатан 3 га 1 нисбатда бўлиши нормал ҳолат ҳисобланади. Шунга кўра, зарбдор гуруҳ сон жиҳатдан уч баробар устун бўлиши, шу билан бирга мудофааланувчиларга қўшимча кучлар етиб келишининг олдини олиши ҳам муҳимдир.
Ёз охирида Украина қуролли кучлари аввалига Херсон йўналишида фаол ҳаракат қилиб, Россия қўмондонлиги эътиборини ўзига қаратган ва кейин бутунлай бошқа жойда - Харкив областида зарба берган, асосий ҳарбий ҳаракатлар Донецк областига кўчганида, кейин яна Херсон атрофида ҳужумга ўтганди.
Бир неча йўналишда аломатлари кузатилгани Россия томонидан янги ҳужумга тайёргарлик кўрилаётганидан дарак беради.
Бу қандай характерга эга бўлишини баҳолаш янада қийин. Агар Россия фронт чизиғини ёриб ўтиб, анча ичкаридаги Украина қуролли кучлари гуруҳларини ўраб олишни мақсад қилган бўлса, буни фақат кучлар нисбатидаги бир неча баробар устунлик билан амалга ошириш мумкин.
Назарий жиҳатдан Россия армияси бунча кучни бир жойга йиға олади, аммо бундай ёриб ўтиш муваффақиятли бўлиши учун юриш максимал даражада махфий олиб борилиши керак, лекин ҳозирги разведка даражаси ҳисобга олинса, бу деярли имконсиз ишдир.
Бошқа вариант - муайян участкада ёки бирданига бир неча участкада қўшинларни кучайтириш ҳисобига аста-секин олдинга ҳаракатланиш тактикаси давом эттирилиши. Бундай вазиятда Россия жонли куч, зирҳли техника, авиация ва артиллерия борасидаги умумий устунлигидан фойдаланиши мумкин. Аммо секин ҳаракатланиш Украинага захира тўплаш ва босимни тўхтатиб туриш имконини бериши мумкин.
Қачон?
Кўпчилик Россия янги ҳужумни бошлаши мумкинлигидан хавотирланаётган рамзий 24 феврал санасидан ташқари, Россия Бош штабини ҳужумни режалаштиришга ундаши мумкин бўлган яна икки ҳолат бор. Бу об-ҳаво ва Украинага етказиб берилиши бошланадиган Ғарб қуроллари.
Сўнгги ҳафталарда Украинага ҳарбий ёрдам дастурида ҳақиқий кўтарилиш бўлди - Украинага асосий жанговар танклар, оғир жанговар пиёдалар машиналари, артиллерия тизимлари, юқори аниқликдаги ўқ-дорилар, зенит-ракета мажмуалари ва бошқа кўплаб қуроллар.
Ғарб ваъда қилинган қуролларнинг айримлари Украинага тезроқ етиб келса, айримлари - секинроқ. Етказиб бериш жараёни бир неча ойга чўзилиши мумкин. Аммо Leopard 2 танкларининг биринчиси Украинага ўтган шанба куни олиб келингани маълум. Шу куни Британия армияси Challenger 2 танкларининг украин экипажи машинани жанг майдонида қўллашни ўрганишга киришгани ҳақида хабар берди.
Яқин вақтлар ичида Украина қуролли кучлари янги техникаларни қабул қилишни бошлайди ва уларнинг кичик миқдори ҳам Украина армиясини кучайтиради.
Вақт Россияга ҳам ёрдам беради - вақт уларга кузда сафарбар этилганларни имкон қадар яхшироқ тайёрлаш учун керак. Ҳозирда, Кирилл Будановнинг ҳисобларига кўра, Россия фронтда 326 мингга яқин ҳарбийга эга.
Украиналик ҳарбий маслаҳатчи анонимлик шарти билан Financial Times учун берган интервюсида россияликларнинг юришига катта эҳтимол билан сараланган бўлинмалар бошчилик қилишини айтиб ўтган. «Бу ҳақиқий механизациялашган бригадалар, ҳатто уруш бошидаги каби жанговар ҳолатда бўлмаса ҳам. Улар ҳаво-десант қўшинлари бўлинмалари ва денгиз пиёдалари кучайтирилган. Булар автобус ҳайдовчиси ёки ўқитувчилар эмас», дея унинг сўзларини келтирган газета.
Ва ниҳоят, об-ҳаво омили. Апрелда лойгарчилик бошланади, бу эса йўлсиз ҳудудларда енгил гусеницали техникалар ҳаракатланишини ҳам қийинлаштиради. Россия армияси босқин бошида ҳам бундай муаммо билан тўқнашганди. Шу туфайли юриш бошлаш учун «метеорологик ойна» кун сайин кичрайиб бормоқда.
Тавсия этамиз
"Ҳусанов тезроқ инглиз тилини ўрганишига умид қиламан. Унинг жисмоний кўрсаткичлари ажойиб" – Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида
Спорт | 23:12 / 22.01.2025
Катанец кетди. У Ўзбекистонни ЖЧга яқинлаштирганди
Спорт | 21:24 / 22.01.2025
“Охирги сўзни Олий суд айтади” — таҳлилчилар Трампнинг антимиграция чоралари ҳақида
Жаҳон | 16:10 / 22.01.2025
Байден оила аъзолари ва Капитолийга ҳужум терговчиларини олдиндан афв этди. Бу нима учун керак?
Жаҳон | 15:46 / 22.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
БМТ бош котиби 2025 йилдаги асосий таҳдидларни санади
Жаҳон | 21:11 / 22.01.2025
-
Тошкентда 5 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Жамият | 17:42
-
FT: Киев Ғарбдаги иттифоқчилари Украинага 50 минг ҳарбий юборишига умид қилмоқда
Жаҳон | 17:28
-
Қозоғистон ўртача маош миқдори бўйича Марказий Осиёда етакчи деб топилди
Жаҳон | 17:16
Мавзуга оид
17:28
FT: Киев Ғарбдаги иттифоқчилари Украинага 50 минг ҳарбий юборишига умид қилмоқда
23:00 / 22.01.2025
Давос форуми: дунё сиёсатчилари нималарни гапирмоқда?
21:40 / 22.01.2025
Трамп Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди
21:10 / 22.01.2025