Жаҳон | 21:33 / 10.02.2023
48624
1 дақиқада ўқилади

Туркияда Ҳатайдаги қулаган турар жой мажмуаси пудратчиси ҳибсга олинди 

Антокия туманидаги 12 қаватли 250 хонадонли Rönesans Rezidans турар жой мажмуаси «Жаннат бурчаги» деб реклама қилинган эди. 

Фото: Haberturk

Ҳатайдаги зилзиладан кейин қулаб тушган Rönesans Rezidans турар жой мажмуасининг бош пудратчиси Меҳмет Яшар Жўшқун Туркияни тарк этмоқчи бўлганида аэропортда ҳибсга олинди. Бу ҳақда Haberturk хабар берди. 

Ғозиусмонпошо прокуратураси талаби билан ҳибсга олинган Жўшқун полиция бўлимига олиб кетилган. Унга қандай айблов қўйилгани маълум эмас. 

Ҳатай шаҳридаги Rönesans Rezidans турар жой мажмуаси 12 қаватли, 250 хонадонли бўлиб, «жаннат бурчаги» сифатида реклама қилинган эди. Зилзила оқибатида мажмуа бутунлай вайрон бўлган. Унда истиқомат қилувчи одамлар орасидаги қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Фото: Haberturk
Фото: Haberturk

6 феврал куни Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳри, Пазаржиқ минтақасида 7,7 магнитудали ва Элбистон вилоятида 7,6 магнитудали иккита вайронкор зилзила содир бўлди. 

10 феврал ҳолатига зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 20 мингга яқинлашди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид