Дрон-гранаталар — Украина урушидаги янги арзон ва хавфли қуроллар. Улар қаерда ва қандай яратилган?
Бир гуруҳ аскарлар қор билан қопланган жасадлар ёнидан ўтиб кетади. Улар юқоридан кафтдек кўринади. Дрон уларни тинимсиз кузатиб боради, керакли вақтни танлайди ва гранатани ташлайди. Бир неча сониядан сўнг, портлаш кўринади, бир неча аскар йиқилади. Кимдир ҳаракатсиз ётади, бошқалари эса оғриқдан инграниб, қўллари билан судралади.
Аскарлардан бири сафдоши томон югуриб, унинг қўлидан тутиб, дўстини хавфли жойдан олиб кетишга ҳаракат қилади. Дрон уларнинг устига учиб, иккинчи гранатани ташлайди. Портлаш ва уларнинг барчаси ерга қулайди. Дрон олдинга ҳаракат қилади ва бошқа гуруҳга ҳужум қилади. Бу сафарги портлаш муваффақиятсиз тугайди: фақат битта аскар ҳалок бўлади, қолганлар қочади. Дрон уларга етиб олади ва тўртинчи гранатани ҳаракат траекторияси бўйича ташлайди. Портлаш. Яна икки аскар ерга йиқилади ҳамда ўрнида тура олмайди.
Олти нафар аскар махсус чуқурча (воронка) ичида отишмадан яширинмоқда. Дрон уларнинг устига учиб келади ва гранатани қоқ марказга ташлайди. Портлаш, ва бу аскарлар учун афтидан ҳаммаси тугаган.
Ҳар бир йирик уруш янги қуроллар яратилишига олиб келади. Россия-Украина тўқнашуви арзон ва хавфли янги қуролни тақдим қилди — квадрокоптерга ўрнатилган гранаталар.
Гранаталар билан жиҳозланган дрон ҳужумлари акс этган видеоларнинг катта қисми Украина аскарлари томонидан интернетга жойлаштиради, бироқ Россия қўшинлари ҳам ушбу технологиядан фойдалана бошлагани ҳақида хабарлар бор.
Бу қуролни ясаш учун турли ўқ-дорилар ва қурилмалардан фойдаланилади. Энг кўп совет АГС-17 «Олов» гранатомётининг 30 мм.ли ВОГ-17 гранатаси ва Хитойнинг «Мавик-3» квадрокоптери ишлатилади.
Нега айнан бундай ўқ-дорилар?
ВОГ-17 1960-йиллар охиридан ҳозирги кунгача оммавий равишда ишлаб чиқарилади. Ушбу граната ўқ-дориларни навбат билан отувчи гранатомётдан отиш учун мўлжалланган.
Унинг портловчи қисми асосга бирлаштирилган қаттиқ симлардан ташкил топган. Портлаш ўчоғи радиуси етти метрга яқин масофани ташкил қилади. Граната ерга тушганда асосан оёқлар жарoҳaтланади. ВОГ-17’нинг кичик осколкалари танда чуқур кириб борувчи яралар пайдо қилади, уларни олиш жуда қийин. Шу сабаб яраланган аскар узоқ муддатга ёки бутунлай сафдан чиқади. Портлашга яқин бўлган инсоннинг мияси чайқалади ёки зарба тўлқинидан ҳалок бўлади.
Квадрокоптердан гранаталарни ташлаш учун қайта ишлов керак. Қоида бўйича, бу иш қўл меҳнати асосида амалга оширилади. Малакали қўлларда жараён бир неча дақиқадаёқ якунланади.
ВОГ-17’нинг афзалликлари сирасига унинг вазни енгиллиги ва омборларда катта захиралари борлиги киради.
Бундан ташқари янада кучлироқ ўқ-дорилардан ҳам фойдаланилади. Масалан, АҚШнинг 40 мм калибрли М430А1 гранатаси, танкка қарши гранатомёт гранаталари ва ҳатто миномётнинг 82 мм.ли миналари ҳам ишлатилади.
Коптерлар нафақат тирик кучларни, балки зирҳли техникани ҳам нишонга олади. Хусусан, тармоқда оператор гранатани очиқ люк орқали тушириб, пиёдалар жанговар машинасини ёқиб юборишга муваффақ бўлганининг видеоси мавжуд.
Коптерлар билан ҳаммаси жуда оддий эмас
Ўқ-дорилар қанчалик оғир бўлса, дрон шунчалик кўп юк кўтариш қобилиятига эга бўлиши лозим. «Мавик-3» фақат битта гранатани кўтара олади, аммо 4-5 ёки ундан кўпроқ гранаталарни ташишга қодир кучли коптерлар ҳам бор.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам дронни қайта ишлаш керак. Муҳандислар уларга баъзида ўзлари ясаган, баъзида эса заводда ишлаб чиқарилган турли ташлаш тизимларини ўрнатади. Баъзи дрон ишлаб чиқарувчи компаниялар бундай қурилмаларни ҳарбий мақсадларини кўзламасдан ишлаб чиқаради. Ўқ-дориларни ташлаш тизимлари бўлган коптерларни саноат миқёсида ишлаб чиқиш ва уларни Украина армиясига топшириш мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган.
Баъзи ҳолларда, квадрокоптерга қўшимча кузатув камерасини ўрнатиш талаб қилинади, бу операторга гранатани нишонга аниқроқ улоқтириш имконини беради.
Бу дронлар шамолли об-ҳавода самарасиз, уларнинг парвози шамол таъсирида барқарорликни йўқотади ва ташланган гранаталар нишондан узоққа тушади. Тунги ҳужумлар учун дрон инфрақизил нурли камера билан жиҳозланган бўлиши керак, бу эса унинг нархини сезиларли даражада оширади.
Арзон квадрокоптерлар хавфсиз алоқа каналларига эга бўлмайди ва уларни замонавий радиоэлектрон уруш воситалари билан осонгина тутиб олиш мумкин.
Аммо ҳозирча Россия-Украина фронтида Хитойнинг «Мавик-3» русумли квадрокоптери энг кўп қўлланаётган дрон бўлиб турибди.
«Мавик-3»нинг энг юқори нархи чакана савдода тахминан 3 минг долларни ташкил қилади. Бу миқдор анча қиммат кўринади, аммо ҳарбий бюджетлар учун бу арзимас нарх. Масалан, битта F-16 қирувчи самолёти турли ҳисоб-китобларга кўра, 43 миллион доллардан 55 миллион долларгача туради. Бу пулга ҳатто чакана нархда ҳам 14-18 мингта «Мавик» сотиб олиш мумкин.
Дрон билан ҳужум қилувчи томон фақат қурилманинг ўзини хавф остига қўяди. Дрон устига учиб борган душман эса нимани хавф остига қўйиши тушунарли. Коптерлар эса бир нечта рейдларни уюштириши мумкин.
Коптерларни уриб тушириш қийинми?
Оддий ўқотар қуроллардан уларни уриб тушириш қийин. Назарий жиҳатдан мумкин, аммо бу автоматдан учаётган ўрдакни уриш билан бир хил. Бу ерда оптика ёрдам бериши даргумон — осмон фонида тартибсиз ҳаракатланаётган нуқтани винтовка билан нишонда ушлаб туриш деярли имконсиз.
Коптер овчилар фақатгина сочма ўқли патронлардан фойдаланади, чунки уларда катта тарқалиш майдони бор. Яқиндан учувчи дронни милтиқли қуролдан кўра силлиқ стволли қуролдан уриб тушириш осонроқ. Лекин, биринчидан, сочма ов милтиғининг самарали отиш масофаси 50 метрдан ошмайди. Иккинчидан, фронтнинг олдинги чизиғида бундай милтиқни қаердан олиш мумкин?
Шунга қарамай, ҳужум қилмоқчи бўлган дронга ўт очиш мантиқий. Гранаталар муваффақиятли ташланган барча видеоларда аскарлар қаршилик кўрсатишга уринмаган. Улар ёки хавфни кўрмаган, ёки ваҳимага тушиб, қочишга ҳаракат қилган. Эҳтимол, агар улар коптерга ўқ узишни бошлаганда, оператор қурилмани хавф остига қўймай, осонроқ нишон топиш учун йўналишни ўзгартирган бўлар эди.
Олдинги чизиқда ҳаракат қилувчи квадрокоптерларга қарши курашишнинг энг самарали усули электрон уруш тизимлари. Булар сигналларни бостириш, тутиб олиш ва навигация маълумотларини алмаштириш тизимларидир.
Гранатали коптерларни оммавий равишда қўллаш нимани ўзгартиради?
Позициявий уруш шароитида жанговар квадрокоптерлар гибрид функцияларга эга бўлади — улар диверсион-разведка гуруҳи, шунингдек, снайпер ва ҳатто фронт авиацияси сифатида ҳаракат қилиши мумкин.
Душман қўлида кўп сонли бундай дронлар мавжудлиги шахсий таркиб ва техниканинг нафақат ҳаракатини, балки уларнинг фронт чизиғи яқинидаги очиқ майдонда бўлишини ҳам хавф остида қолдиради.
Гранатали коптерларнинг оммавий ҳужумларига қарши туриш учун энг замонавий қуролларга эга бўлган йирик редиоэлектрон тузилмалари керак бўлади. Россия-Украина фронти узунлиги ҳисобга олинса, бу минглаб юқори малакали мутахассислар ва уларни ҳимоя қилиш учун яна ўн минглаб аскарлар керак бўлишини англатади.
Акс ҳолда, олдинги сафдаги ҳарбий хизматчилар исталган вақтда ё осмондан «совға» кутиб олишлари, ёки окопларда чиқмай ўтиришларига тўғри келади. Окоп ёки бошпанада ўтириш эса гранатали дронларга қарши зидди заҳар эмас.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024