Ўзбекистондан Туркияга инсонпарварлик ёрдами ортилган 5-самолёт етиб борди
Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудлари аҳолиси учун юборилган инсонпарварлик юки чодирлар, тўшак қоплари, электр иситкичлар, фонарлар, кийим-кечак, пойабзал, болалар овқатлари ва шахсий гигиена воситаларидан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси 12 февраль куни Туркияга навбатдаги инсонпарварлик юки етказилгани ҳақида хабар берди. Бу 6 февраль куни рўй берган зилзиладан сўнг юборилган бешинчи ёрдам ҳисобланади.
Бош консулхона Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдами ортилган 5-самолёти Туркиянинг Адана аэропортига етиб борганини маълум қилган.
11 февраль куни ҳам зилзиладан жабрланган турк халқига Ўзбекистондан инсонпарварлик ёрдами етказилганди. Аҳолидан йиғилаётган маҳсулотлар Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси билан ҳамкорликда махсус штаб томонидан сараланиб, қадоқланмоқда.
Юборилаётган ёрдам ичидаги зарур нарсалар рўйхатига болалар ва катталар учун қишки кийимлар, чодир, ётоқ, иситиш воситалари, генераторлар, чидамли озиқ-овқат консервалари, чақалоқлар бўтқаси ва тагликлари, тозалаш ва гигиена воситалари киритилган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига ташриф буюриб, қардош турк халқига чуқур ҳамдардлик билдирганди.
Ўзбекистон раҳбари билан учрашувда турк элчиси Олган Бекар ҳозирда зилзиладан азият чекаётган Туркияга кўмак зарурлиги, кўплаб ўзбекистонликлар турк халқига инсонпарварлик ёрдами юборишни истаётгани, аммо юкларни жўнатишда қийинчиликларга учраётгани, Туркия элчихонаси мамлакатимизда йиғилаётган бу юкларни жамлаш ва тегишли манзилларга етказиш бўйича етарли даражада имконияти мавжуд эмаслигини билдирганди.
Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра “Tashkent INDEX” мажмуаси Туркияга юбориладиган инсонпарварлик ёрдами кўринишида ҳаётий зарур восита ва маҳсулотлар жамланадиган асосий базага айлантирилди.
Мавзуга оид
20:48 / 25.12.2024
Эрдўған Суриядаги курд қуролли гуруҳларини «дафн этиш»га ваъда берди
17:38 / 24.12.2024
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
17:52 / 17.12.2024