Никос Христодулидис Кипр янги президентига айланди
Кипрдаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичида консерватив сиёсатчи Никос Христодулидис сўл кучлар қўллаб-қувватлаган Андреас Маврояннисни мағлуб этди.
12 февраль, якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида Кипр Республикаси собиқ ташқи ишлар вазири Никос Христодулидис ғалаба қозонди. Сайлов бюллетенларининг 99,5 фоизи санаб чиқилгач, Христодулидис 52 фоиз овоз олди. Унинг рақиби – Кипрнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Андреас Маврояннис 48 фоиз тўплади ва мағлубиятини тан олди.
Консерватив сиёсатчи Христодулидис биринчи турда 32 фоиз овоз олди, сўл кучлар томонидан қўллаб-қувватланган Маврояннис 29,6 фоиз овоз тўплаб, ҳукмрон «Демократик йиғин» (DISY) партияси етакчиси Авероф Неофитуни ортда қолдирди. DISY партияси биринчи турда ўз номзодини мағлуб этганидан кейин кимни қўллаб-қувватлашини ҳал қила олмади, бу эса ҳал қилувчи турда овоз бериш натижаларини олдиндан айтиб бўлмайдиган қилиб қўйди.
2004 йилдан бери Европа Иттифоқига аъзо бўлган Кипр Республикаси президенти халқ овози билан сайланади. У мамлакат ҳукуматини тузади ва унга раҳбарлик қилади. Президент беш йилга сайланади. Ҳозирги давлат раҳбари Никос Анастасиадис 2013 йилдан буён ўз лавозимини эгаллаб келмоқда. Маҳаллий қонунларга кўра, у учинчи муддатга қайта сайлана олмайди.
Сайловда фақат грек-кипрликлар иштирок этиши мумкин эди - тахминан 560 минг киши. Тан олинмаган Шимолий Кипр Республикаси аҳолиси овоз беришда қатнашмади.