Кечаги кун муҳокамаси

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ректор ва проректорлар билан ўтказган йиғилиш муҳокамаларга сабаб бўляпти. Йиғилишда ректор ва проректорлар “ишга жойланмаган битирувчилари сони кўп бўлган нодавлат ОТМ сифатсиз таълим бераётган муассаса деб топилиши ва келажакда уларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилиши ҳақида” огоҳлантирилган.

Ижтимоий тармоқ фаоллари ОТМга қўйилаётган бу талаб ҳақида танқидий постлар эълон қилишмоқда.

“Авторитар режимга хос таҳдид...”

“Бу нормал жамият вазири эмас, “авторитар режим”га хос жамият мулозимининг таҳдиди. Янги вазиримиз ҳам автократия йўлидан кетмоқда.

Тўғриси, мен бирорта ҳам норматив ҳуқуқий ҳужжатда ОТМ битирувчиларни ишга жойлаштиришга мажбурлиги ҳақидаги қоидани кўрмаганман. ОТМ вазифаси сифатли таълим бериш ва агар тегишли таълим даражага эга бўлса битирувчига диплом тутқазиш. Тамом – вассалом”, деб ёзади Қонунчилик Палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев.

“Жуда борса, бир-биримизни алдаб қўямиз...”

Таълим соҳасида тадбиркор Бектош Ҳотамов таржимонлик йўналишида ОТМни битираётган пайтда ундан ҳам уч томонлама шартнома сўрашганини ва ўшанда балиқчилик корхонасидан шартномага имзо қўйдиришга мажбур бўлганини эслади.

“Бир авторитар қонун қоида чиқади, уни бажариш учун бошқа авторитар қоида ишга тушади, масалан, ҳамма олийгоҳлар талабаларини ишга жойлаштиришга мажбур деган қоида чиқади, кейин эса олийгоҳ қоғозда кўрсатиш учун мана шунақа уч томонлама шартномалар сўрайди.

Бир-биримизни алдаймиз, вазир президентни алдайди, биз вазирни алдаймиз, талабалар бизни алдашади ва ҳаммамиз ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз.

Янги олий таълим вазири талабалари ишга жойлашмаган нодавлат олийгоҳларни ёпиш билан таҳдид қилибди. Биринчидан, талабаларни ишга жойлаш билан таълим сифати белгиланмайди. Иккинчидан, яна ўша ўйин бошланади, бир-биримизга кўзбуямачилик ўйини. Учинчидан, вазирнинг гапи бирор бир ҳуқуқий асосга эга эмас...

Шундай экан, қадрли талабалар, ортиқча хавотирга ўрин йўқ, жуда борса, бир-биримизни алдаб қўямиз холос”, деб ёзди Бектош Ҳотамов.