Жаҳон | 21:39 / 17.02.2023
50524
17 дақиқада ўқилади

Россия колоннаси яксон этилгани акс этган кадрлар — Вуҳледар остонасида ўзи нима бўлган?

Россия ҳарбий колоннаси Вуҳледар остонасида тор-мор бўлиши ва ўттиздан ортиқ зирҳли техникалар яксон этилиши Россиянинг Украинадаги навбатдаги йирик юриши бошланганидан буён энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу бўлмоқда. Бу жанг видеоёзувлари ижтимоий тармоқларга тарқалганидан бир неча кун ўтиб ҳам Вуҳледар атрофида рўй берган воқеа бўйича қатор саволлар очиқ қолмоқда. BBC рус хизмати шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Maxar Technology / Reuters / Scanpix / LETA

Колонна яксон этилгани акс этган кадрлар Россия тарафидаги блогерлар ва ҳарбий экспертларнинг танқидларига сабаб бўлди. Уларнинг айримлари буни Россия армиясининг Украинадаги уруш бошидан буён энг йирик мағлубиятларидан бири деб атаган ва 2022 йил май ойида Шимолий Дон дарёси кечувидан ўтиш вақтидаги жанг билан таққослаган. Ўшанда Россия қўшини дарёни кечиб ўтишга бир неча бор уриниш чоғида шахсий таркиб ва техникада катта йўқотишларга учраганди.

Шу билан бирга, видеода акс этган техникаларнинг барчаси бир куннинг ўзида йўқ қилинганини тасдиқловчи ишончли маълумот йўқ: кадрларда нафақат танклар ва жанговар пиёдалар машиналари зарбага учраётгани, балки шунчаки турган машиналар ҳам акс этган, назарий жиҳатдан улар бунгача ҳам жанг майдонида турган бўлиши мумкин. 31 та техника йўқ қилингани ҳақидаги маълумот ҳам роликни таҳлил қилиш орқали олинган, аммо бу кадрлар бир кунда олингани ва бир неча тасвирлар монтаж қилинмаганига юз фоизлик кафолат йўқ.

Шунга қарамай, россиялик ҳарбий блогерлар бу воқеалар чиндан ҳам бир кунда рўй берганини таъкидлаб, буни айнан «жанг» деб аташган.

Украинлар дрони объективига тушиб қолган жанг Вуҳледар учун катта юришнинг бир эпизоди бўлган. Бу шаҳар Донецк области жанубида жойлашган. Россия қўшини қўшни мамлакатга бостириб кирилган илк кунлардан бери уни эгаллаш учун муваффақиятсиз уриниб келмоқда.

Фронтдаги ҳозирги кескинлашув давомида, буни кўпчилик Россиянинг катта юриши бошланиши деб ҳисобламоқда, Вуҳледар ҳудуди шиддатли жанглар ўчоқларидан бирига айланди. Россия армияси Авдийивка, Бахмут, Креминна ва Купянск ҳудудларида ҳам олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда.

Жанг қачон ва қаерда бўлган?

Январ ойи охирида Вуҳледарни яна катта куч билан штурм қилиш бошланган. Украина дронлари камераси объективига тушиб қолган муваффақиятсиз ҳужумдаги Россия армиясининг йўқотишлари ушбу жангдаги умумий йўқотишларнинг фақат бир қисмидир.

Россияпараст телеграм-каналларнинг сводкаларига кўра, бу штурмда 40-алоҳида денгиз пиёдалари бригадаси, 155-денгиз пиёдалари бригадаси (иккиси ҳам Тинч океани флотига мансуб), «ДХР»нинг «Каскад» қуролли тузилмаси ва Байкалортидан 29-армиянинг 36-мотоўқчилар бригадаси иштирок этган. Бундан ташқари, Conflict Intelligence Team лойиҳаси суриштирувига кўра, штурмга Бош разведка бошқармаси (ГРУ) махсус кучларининг 14-бригадаси жалб этилган.

Аввалига Россия қўшини Донецк областидаги Павливка қишлоғи ва Марийинка шаҳрини боғловчи автомобил йўлига анча тез етиб келишган – бу йўл жануби-ғарбдан шимоли-шарққа томон ўтиб, Вуҳледарнинг асосий қисмини ҳовлилар ва коттежлардан иборат чекка қисмидан ажратиб туради.

Россия қўшини шаҳарнинг ўзига кира олмаган – Украина қуролли кучлари қаттиқ қаршилик кўрсатган, кейин эса захира кучлар ташланган.

Танкларнинг айримлари минага тушиб қолган, бошқалари хавфли участкани айланиб ўтган. Фото: UKRAINIAN MOD

Шундан кейин, афтидан, Россия қўмондонлиги шаҳарни шарқдан айланиб ўтиб, манёвр амалга оширишга қарор қилган.

Колонна Россия ҳарбийлари назоратидаги Никольское қишлоғидан чиқиб, кенг далалар ўртасидаги йўл бўйлаб ҳаракатланган. Йўл атрофи дарахтзор бўлиб, бу ҳаракатни маълум даражада яширади, аммо афтидан украин ҳарбийлари дронлар орқали Россия колонналари ҳаракатини аниқ кўриб турган ва уларга қарата ўт очган.

Бу жанг айнан қайси куни бўлиб ўтганини аниқ айтиш қийин. Зирҳли техникалар яксон этилгани, ишдан чиқарилгани ёки ташлаб кетилгани акс этган видеокадрлар украин манбаларида 9 феврал куни кундузи эълон қилинди.

Аммо Вуҳледар остонасида Россия колоннаси ўққа тутилиб, 30 дан ортиқ зирҳли техникалар йўқ қилингани ёки жиддий шикастлангани ҳақида хабар дастлаб 6 феврал куни пайдо бўлганди.

Украиналик блогер Tatarigami_UA Россия армияси бундай йўқотишларга бир штурм вақтида эмас, «ҳужумлар серияси» давомида учрагани ҳақида ёзди.

Дронлар орқали олинган видеокадрларда колоннадаги танк ва зирҳли машиналар бир-бирига жуда яқин жойлашганини кўриш мумкин. Айрим машиналар минага тушиб портлаганида, бошқалари уларни айланиб ўтади ва улар ҳам минага тушиб қолади. Охирида эса бир жойда тўпланиб қолган зирҳли техникаларга артиллериядан ўт ёғдирилади.

Россия мудофаа вазирлиги Вуҳледар атрофида колоннаси яксон этилгани тўғрисида маълумот бермаган. 

13 феврал куни Россия ҳарбий идораси Пречистовка ва Вуҳледар аҳоли яшаш манзиллари ҳудудларидаги украин ҳарбийларига зарбалар берилгани ҳақида хабар қилди: «Жанубий-Донецк йўналишида «Восток» гуруҳи артиллерияси Пречистовква ва Вуҳледар аҳоли яшаш пунктларида Украина қуролли кучларининг жонли куч ва ҳарбий техникаларига ўт очди».

Айрим танклар минадан жиддий шикастланган. Фото: UKRAINIAN MOD

Россиялик ҳарбийлардан бири 500 нафар сафдоши ўлими ҳақида хабар берган

12 феврал куни Украина қуролли кучлари Тавр йўналиши мудофаа кучлари вакили Олексий Дмитрашковский Politico нашрига берган интервюсида Вуҳледар штурмида Россия армияси 155-денгиз пиёдалари бригадасининг сараланган таркибини тўлиғича йўқотган бўлиши мумкинлигини айтган.

«155-бригадани уч марта тўлдиришга тўғри келади. Биринчи сафар Ирпен ва Бучадан кейин; иккинчи сафар улар Донецк яқинида тор-мор этилганди – улар яна тикланди. Энди эса бригада қарийб тўлиғича Вуҳледар атрофида йўқ қилинди», деган Дмитрашковский.

Унинг сўзларига кўра, Вуҳледар атрофида ҳар куни 150–300 нафар денгиз пиёдаси ҳалок бўлган. Бригада таркиби жами беш мингга яқин кишидан иборат бўлган.

155-бригада денгиз пиёдаларидан бири «7×7» нашрига бригада ҳарбийлари Вуҳледарни штурм қилишни 23 январ куни бошлагани ҳақида айтган. Бригада таркибининг 80–90 фоизи сафарбар қилинганлардан иборат бўлган. Унинг сўзларига кўра, катта йўқотишлар туфайли «доим янгилар олиб келинган».

Унинг тасдиқлашича, навбатдаги штурмдан кейин десант-штурм бригадасининг учинчи ротасидан фақат саккиз киши омон қолган. Кўплаб ҳарбий хизматчилар асир тушган.

«Ким омон қолса, дезертирлик қилишганини айтишади. Асирга тушиб, қайтмасам ҳам майли эди. Муносабат [катта эҳтимол билан, гап Россия қўмондонлигининг бригаданинг омон қолган жангчиларига муносабати ҳақида кетмоқда] максимал даражада ёмон. Аллақачон 500 киши ҳалок бўлган, балки кўпроқдир. Бригада командири биз уйга фақат 200-чи [ҳалок бўлганлар] ёки 300-чи [ярадор] сифатида қайтишимиз мумкинлигини айтган», дея унинг сўзларини келтирган «7×7».

«7×7» нашрига кўра, 3 февралдан буён асир тушганларнинг 13 нафари 155-бригада денгиз пиёдалари бўлишган.

Қандай йўқотишлар бор?

Блогерлар ва OSINT гуруҳи фаоллари видеоёзувлар асосида Вуҳледар атрофидаги жанг майдонида қолган 31 дона зирҳли техникани санашган. Шундан 10 дан ортиғи танклар ҳисобланади.

Украина мудофаа вазирлиги эълон қилган видеоларда колоннадаги танклар тиғиз жойлашган 

Машиналар ҳолатига бу кадрларга қараб баҳо бериш қийин. Уларнинг бир қисми буткул яксон этилган, аммо катта эҳтимол билан айрим танк ва зирҳли машиналар жиддий шикастланмаган ва уларни таъмирлаб, тузатиш мумкин. Шунингдек, айрим машиналар экипаж томонидан шунчаки ташлаб кетилгани ҳам истисно этилмайди.

Бу жанговар машиналар – Вуҳледар учун жангда берилган йўқотишларнинг фақат бир қисми бўлиши ҳам мумкин. Якшанба куни янгилик сайтлари очиқ маълумотлар асосида фронтнинг икки томонидаги кучларнинг йўқотишларини ҳисоблаб борувчи Oryx гуруҳининг разведка бўйича мутахассисларига таяниб, 8-10 феврал кунлари Россия Вуҳледар ва Авдийивка атрофида гўёки 103 дона зирҳли техникасидан, жумладан 36 танкдан айрилгани ҳақида ёзди. Россия мудофаа вазирлиги бу маълумотларга муносабат бермади. Шу маълумотларга кўра, бу ҳудудлардаги жангларда Украина армиясининг йўқотишлари 20 дона техника (шундан иккитаси танк)ни ташкил этган.

Вуҳледар остонасидаги бу жангда қурбон бўлганлар сони ҳақида ҳам маълумот йўқ. Британия мудофаа вазирлиги якшанба куни ўз ҳарбий разведкаси маълумотларга асосланиб, Россия «сўнгги икки ҳафтада катта эҳтимол билан босқиннинг илк ҳафтасидан буён энг кўп йўқотишларга учрагани» ҳақида маълум қилди.

Шу билан бирга, Британия ҳарбий идораси бунда Украина мудофаа вазирлиги маълумотларига таянган ва уларни текшира олмаслигини қайд этган. Шунга қарамай, британиялик ҳарбий таҳлилчилар Украина томони баёнотларини акс эттирувчи тенденцияни «катта эҳтимол билан аниқ» деб ҳисоблайди.

Британия разведкаси Украина қуролли кучларининг йўқотишлари тўғрисида маълум қилмаган. Украина (худди Россия каби) анъанага кўра бундай маълумотларни очиқламайди, аммо Британия разведкасида таъкидлашларича, Украина қуролли кучларининг йўқотишлари ҳам катта бўлмоқда.

BBC рус хизмати «Медиазона» ҳамда кўнгиллилар билан ҳамкорликда Украинага босқин давомида ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчилар рўйхатини юритиб келмоқда. Унга кўра, йил бошида тасдиқланган ўлим ҳолатлари сони ўса бошлаган.

«2022 йил давомида Россиядаги манбалар ҳар ҳафта ўртача 250-300 қурбон ҳақида хабар беришарди. Ҳозирда эса биз бу ҳафтада камида 600 фамилияни аниқладик, январ ойи охиридан эса бу миқдор ҳафтасига ўртача 700 кишига тенг бўлган. Ва бу фақат биз очиқ манбалар орқали текширган ва тасдиқлаган маълумотлар, яъни йўқотишлар бўйича ҳақиқий рақамлар анча катта бўлади. Агар некрологлар ва фронтдан келаётган хабарлар солиштирилса, бу ҳарбийларнинг аксари юриш ҳаракатлари давомида ҳалок бўлгани англашилади», деб ҳисоблайди BBC рус хизмати мухбири Ольга Ившина.

Юриш қандай амалга оширилади?

Бир вақтда берилган юқори йўқотишлар россиялик ҳарбий блогерларнинг кескин танқидига учради, улар ҳарбий қўмондонликни штурмни ёмон ташкиллаштириш ва тайёрлашда айблашди.

Билдирилган шарҳларга кўра, Россия танк колоннаси очиқ майдондан қочиб, дарахтзор билан ўралган йўлдан ҳаракатланган.

Бундай тарзда ҳужумга ўтишнинг икки сабаби бор - очиқликда зирҳли техника яхши кўзга ташланади. Бундан ташқари, бундай участкалар миналаштирилган бўлади. Натижада эса танклар барибир миналарга тушиб портлаб кетди ва сийрак дарахтлар орасида кўзга ташланиб турди.

Танк колоннаси юриш қилиш вақтида минали майдонга тушиб қолмаслиги ва рақибга яққол кўриниб турмаслиги учун муҳандислик разведкаси ўтказилиши керак эди.

Аммо украин дронлари томонидан олинган кадрларда кўриш мумкинки, танклар миналанган майдонда рақиб кўз ўнгида турган. Бу дронлар катта эҳтимол билан разведка билан шуғулланган ва украин артиллерияси учун нишонларни белгилаб берган.

Колонна тор-мор этилгани акс этган видеоёзувлардан билиш мумкинки, дронлар колонна устида эркин парвоз қилиши мумкин бўлган. Дронлар юриш қилаётган қисмлар устида ҳаракатланмаслигини таъминлаш учун радиоэлектрон кураш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари мавжуд. Биринчиси дронлардан фойдаланишга халақит беради, иккинчиси уларни уриб туширади.

Россия мудофаа вазирлиги 13 феврал куни «Тор-М2У» зенит ракета мажмуаси «махсус амалиёт ҳудуди»да дрон уриб тушираётгани акс этган видеони эълон қилди. Аммо Вуҳледар атрофидаги колонна устидан учган дронлар уриб туширилмаган ёки уларнинг барчаси уриб туширилмаган. Бу дронлар олган кадрларда россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кўринмайди.

Россия мудофаа вазирлиги намойиш этган «Тор-М2У» зенит ракета мажмуаси дронларни муваффақият билан уриб тушириши мумкин

«ДХРнинг собиқ мудофаа вазири», 2014 йилда Малайзия «Боинг» самолёти уриб туширилиши бўйича ишда айбланиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Игорь Стрелков (Гиркин) ўз телеграм-каналида «техниканинг бир қисми Вуҳледардаги кўп қаватли уйлардан учирилган ПТУР (танкка қарши бошқарилувчи ракета) билан йўқ қилингани, қолган қисми - рақибнинг жуда аниқ зарбалар йўллаган артиллерияси томонидан ўққа тутилгани» ҳақида ёзди.

Колонна томон артиллериядан ўт очилганини жанг майдонида ҳосил бўлган ўралар ҳам тасдиқлайди.

Ҳарбий илмга кўра, бундай вазиятларда юриш қилувчи қўшинларни артиллерия билан қўллаб-қувватлаш лозимлиги кўрсатилган. «Бу артиллериянинг ўз қўшини юриши бошланишида ва давомида уларнинг тўхтовсиз олдинга ҳаракатланиши учун шароит яратиш мақсадида душманнинг фронт чизиғи ва қанотлардаги позицияларига узлуксиз, кетма-кет ўт очиши билан боғлиқ ҳаракатдир», дейилган Россия мудофаа вазирлиги сайтидаги маълумотнома материалларида.

Артиллерия қўллови муваффақиятли чиқиши учун юриш бошланишидан олдин артиллерия разведкаси ҳам ўтказилиши керак бўлади.

Гиркиннинг сўзларига кўра, россияликларнинг артиллерия зарбалари фақат «хато борган».

Унинг бу сўзлари, шунингдек, Украина артиллерияси рақиб шунчалик катта йўқотишга учрашига эришганидан келиб чиқилса, Россия томони ёки артиллерия разведкасини етарлича яхши ўтказмаган ёки бундай амалиёт умуман бўлмаган.

Вуҳледардаги воқеани Шимолий Дон кечувидаги мағлубият билан тенглаштириш мумкинми?

2022 йил майида Россия қўшини Билогоривка посёлкаси яқинида Шимолий Донни кечиб ўтишга бир неча бор уринган эди. Ўшанда Украина артиллерияси кечиб ўтиш ҳаракатидаги қисмларга ўқ ёғдирган, бу эса РФ армияси ҳарбийлари орасида катта йўқотишларга олиб келганди.

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти Россия армияси ўшанда шахсий таркибдан 400 дан ортиқ кишини йўқотгани, шунингдек 80 дан ортиқ ҳарбий техника бой берилганини маълум қилганди. Forbes эса 70 дона турли техникалар зарбага учрагани ҳақида ёзган.

Бир томондан, Вуҳледардаги Россия колоннаси мағлубияти ҳақидаги хабарлар чиндан ҳам қайсидир жиҳатдан ўша воқеани эслатади. Икки ҳолатда ҳам, мавжуд хабарларга кўра, Украина разведкаси Россия кучлари ҳаракатини илк босқичдаёқ фош этган. Юриш бошланганида эса, ҳужум қилинаётган қисмга зарбалар йўлланган. Шу билан бирга, россиялик ҳарбийларнинг аксилбатарея кураши ҳеч қандай муваффақият келтирмаган.

Бошқа томондан сув тўсиқларини кечиб ўтиш энг мураккаб манёврлардан бири саналади. Бу амалиёт муҳандислик бўлинмалари, артиллерия воситалари (ва иложи бўлса авиация ҳам), қўллаб-қувватлов, разведка, радиоэлектрон кураш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг юқори даражада мувофиқлаштирилишини талаб этади. Бундай амалиёт учун қўшинни тайёрлаш ва режалаштиришга қўйиладиган талаблар мураккаб табиий тўсиқлар бўлмаган ҳолатда юриш қилишдагидан юқорироқ бўлади.

Ким айбдор?

Ҳужумни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан артиллерия, муҳандислик ва анъанавий разведка, радиоэлектрон ва ҳаво ҳужумига қарши кураш ҳарбий гуруҳда тегишли куч ва воситалар мавжудлигига боғлиқ. Қолаверса, шахсий таркиб улардан оқилона фойдалана олиши ҳам керак.

Яъни бу ҳам амалиётни ташкил этиш ва тайёрлаш, ҳам жанговар ҳаракатларни бажариш учун шахсий таркибни тайёрлаш масаласидир. Биринчиси учун штаб ва командирлар, иккинчиси учун ҳарбий хизматчиларни тайёрлашга масъул бўлганлар жавоб беради.

Вуҳледар масаласида билдирилган фикрларда Россия қўмондонлиги лаёқатсизлиги тўғрисидаги айбловлар ҳам янграган ва ушбу россиялик ҳарбий хизматчилар ҳарбий ҳаракатлар олиб боришга тайёр бўлмагани ҳам тахмин қилинган.

«Аввал қилинган хатолар намунали кўринишда такрорланди», дейди 2014 йилдан буён Украинада террорчи ҳисобланадиган Гиркин ўз телеграм-каналида.

«Ҳа, шубҳасиз, биз ҳам душманга зарба берамиз вм мағлубиятга учратамиз, аммо рақиб намойиш этган кадрлар қўшинлар қўмондонлиги ва жанговар бошқарувдаги штаб-квартира даражасидаги инқирозни кўрсатиб қўйди», дейилади «Вагнер»га яқин ҳисобланган Grey Zone каналидаги хабарда.

2014 йилдан буён «ДХР» томонида жанг қилиб келадиган «Восток» батальони командири Александр Ходаковский телеграм-каналида ёзишича, «ахборий фон» ва «вагнерчилар»нинг алоҳида участкалардаги муваффақиятлари» россиялик ҳарбийларнинг шу каби тайёргарликсиз ҳужумларига сабаб бўлмоқда.

Урушларни ўрганиш институти обзорида Россия ҳарбийларининг Украинадаги юришларидаги муаммоларнинг бир қисми аскар ва зобитларнинг тайёргарлик даражаси пастлиги билан изоҳланиши мумкинлиги айтилади.

«Биз кузатган барча тузилмаларнинг жанговар қобилияти урушнинг дастлабки босқичларида пасайиб кетган ва катта эҳтимол билан уларнинг шахсий таркибдаги йўқотишлари сафарбар қилинганлар билан тўлдирилган. Афтидан, россиялик ҳарбийлар сафарбар қилинган кучларини ўтган қисқа муддат ичида қуруқликда механизациялашган қисмларнинг юришларини самарали ўтказиш учун тайёрлай олмаган», дейилади маълумотномада.

Ва ниҳоят, юриш қилишга буйруқ бераётган қўмондонлик ўзидан юқоридаги ҳарбий раҳбарият босими остида ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид