Жаҳон | 11:23 / 18.02.2023
11767
3 дақиқада ўқилади

«ФСБ» немис разведкаси ходими орқали Украина позицияларини аниқламоқчи бўлган

Россия махсус хизматлари немис разведкаси ходими орқали Украинанинг HIMARS ва IRIS-T SLM тизимлари қаерда жойлашганини аниқлашга ҳаракат қилди, деб ёзади Der Spiegel.

Фото: PA

Россия разведка идоралари 2022 йил декабрида Германияда давлатга хиёнат ва жосусликда гумонланиб ҳибсга олинган Федерал разведка хизмати (BND) ходими Карстен Л. орқали Украина армиясининг артиллерия ва ҳаво ҳужумига қарши позициялари ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилган. Бу ҳақда манбаларга таяниб, 17 февраль, жума куни Der Spiegel журнали ёзмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Россия «ФСБ» Карстен Л.дан, жумладан, Германия томонидан Киевга топширилган Американинг HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва IRIS-T SLM зенит-ракета тизимларининг GPS координаталарини сўраган. Терговнинг фикрича, махсус хизматлар бу маълумотни олмаган, чунки гумонланувчининг ўзида ундан фойдаланиш имкони бўлмаган.

Карстен Л. 21 декабрда Берлинда ҳибсга олинган, шу йилнинг январида унинг шериги, Москвадаги икки учрашувда BND махфий материалларини «ФСБ»га топшириши мумкин бўлган Артур Э. Мюнхен аэропортида ҳибсга олинган эди. Ҳар икки гумонланувчи ҳам пул мукофоти учун Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган, деб ҳисоблайди тергов.

Немис оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Карстен Л. Германиянинг махфий техник разведка бошқармасида юқори лавозимда ишлаган. Focus уни «BND'нинг катта қулоғи» деб атаган. 2022 йилда у «Россия махсус хизматларидан бирига» давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни топширган.

Қайд этилишича, Карстен Л. BND билан дўстона разведка идоралари: АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (NSA) ва электрон разведка билан шуғулланувчи Британия ҳукумати алоқа маркази (GCHQ), шунингдек, Франция ва Исроил разведка хизматлари билан алмашилган маълумотларга ҳам эга бўлган. Focus нашрининг ёзишича, немис терговчилари Карстен Л. шу йўл билан олинган маълумотларни россиялик мижозга берганини истисно қилмаяпти.

Унинг шериги Артур Э. терговга Карстен Л. Москвада унинг алоқаларини «ташкил қилгани»ни айтди. Терговчилар, ўз навбатида, ҳаммаси аксинча бўлганини истисно қилишмаяпти: Э. BND ходимини унга Германия разведка хизмати махфий маълумотларини беришга кўндирган ва ўзи Россияда керакли алоқаларни ўрнатган, деб ёзади Der Spiegel.

Мавзуга оид