Ўзбекистон | 12:50 / 20.02.2023
14210
2 дақиқада ўқилади

Метро бекатларига савдо шохобчалари қайтмоқда

Тошкентда, “Новза” метро бекатининг пиёдалар ўтиш йўлагида тажриба-синов тариқасида савдо шохобчалари ташкил этиляпти. Карантин сабаб фаолияти тўхтатилган бу дўконларнинг қай тартибда тадбиркорларга ижарага берилиши ҳозирча аниқ эмас.

Фото: KUN.UZ

“Тошкент метрополитени” ДУК матбуот котиби Тўйчи Мирзаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, илгари ҳам метро бекатларида савдо шохобчалари бўлган. Мисол учун, “Алишер Навоий” бекатидан “Пахтакор”га ўтаверишда канцелярия моллари ва ширинликлар савдоси ташкил қилинган эди.

“Пандемия, карантин сабабли уларнинг фаолияти тўхтатилди. Эндиликда метрополитен фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида хизмат кўрсатиш, савдо ва реклама фаолияти тизимини тиклаш жараёни кетмоқда. Бу жараёнда хавфсизлик, шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талаблари инобатга олинади”, – деди метрополитеннинг расмий вакили.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирча бу шохобчалар тадбиркорларга қандай тартибда ижарага берилиши ва яна қайси бекатларга дўконлар қурилиши аниқ эмас.

Тўйчи Мирзаевга кўра, савдо шохобчалари ижарасидан тушган маблағлар метрополитенни ривожлантириш мақсадларига сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 16 октябрдаги “Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 8 июлдаги “Тошкент шаҳар жамоат транспорти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида метрополитен фаолияти самарадорлигини ошириш чоралари белгиланган эди.

Мавзуга оид