Ўзбекистон | 16:36 / 21.02.2023
8675
3 дақиқада ўқилади

“Ўғит меъёри ва муддатини белгиловчи қонун лойиҳаси тайёрланади" – вазирлик Kun.uz’даги интервью бўйича муносабат билдирди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир муддат аввал Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ўғит сарфи бўйича Kun.uz сайтида эълон қилинган интервью юзасидан муносабат билдирди.

Интервьюда жумладан, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Мурод Каримов экинларга берилаётган ўғитларнинг самарасиз ва нотўғри қўлланаётганини танқид қилган эди.

Мурод Каримов

“Интервьюда кўтарилган масалаларга мувофиқ, республика қишлоқ хўжалиги экинларига талаб этиладиган ҳамда ишлаб чиқарилаётган ва ажратилаётган минерал ўғитлар миқдори таҳлил қилиниб, қуйидагиларни маълум қиламиз.

Изоҳ: Илмий асосланган талаб дейилгани бу экилаётган ҳар бир қишлоқ хўжалиги экинининг вегетация даврида ёки ҳосилни йиғиштириб олгунга қадар, экинларни тупроқдан олиб чиқиб кетадиган минерал ўғит миқдорлари дегани.

Шунга мувофиқ, 2023 йил ҳосили учун экиладиган қишлоқ хўжалиги экинларини минерал ўғитлар билан илмий асосланган меъёрлари бўйича озиқлантириш учун соф ҳолда 1 млн 28 минг тонна (гектарига 206 кг) азотли, 727 минг тонна (гектарига 146 кг) фосфорли ва 358 минг тонна (гектарига 72 кг) калийли ўғитлар талаби мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг “2023-2025-йилларда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш баланси тўғрисида”ги фармойиши лойиҳасида қишлоқ хўжалигига маҳаллий кимё корхоналари томонидан соф ҳолда 875 минг тонна (талабга нисбатан 85 фоиз яъни гектарига 175 кг) азотли, 157 минг тонна (21 фоиз яъни гектарига 31 кг) фосфорли ва 80 минг тонна (22 фоиз яъни гектарига 16 кг) калийли минерал ўғитлар ажратилиши назарда тутилган.

Юқоридагилардан кўринмоқдаки, қишлоқ хўжалиги экинларидан белгиланган режадаги ҳосилни етиштириш учун илмий асосланган талабга мувофиқ, минерал ўғитлар табақалаштирилган ҳолда белгиланган муддатларда киритилиши ҳисобидан режалаштирилган ҳосилни етиштиришга эришилади. Акс ҳолда ялпи ҳосил миқдори камайиб, сифат кўрсаткичлари пасайишига олиб келади”, – дейилади вазирлик муносабатида.

Унда шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларига берилаётган минерал ўғитлар миқдорини босқичма-босқич камайтириш бўйича қилинаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилган.

“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўз тизимидаги илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда, ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинларига берилаётган минерал ўғитлар миқдорини босқичма-босқич камайтириб боришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, пахта-ғалла-дуккакли, пахта-беда, сидерат экинларини экиб, эрта баҳорда кўк ўғит сифатида ерга шудгор қилиб ташлаш лозим. Шунингдек, шудгор остига гектарига 25-30 тонна маҳаллий ўғит киритиш ҳамда тупроқ хусусиятини яхшилашга микробиологик препаратлардан қўллаш чоралари кўрилиб борилмоқда.

Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги экинларига минерал ўғитларни кластерлар ва фермер хўжаликлар томонидан белгиланган меъёр ва муддатларда қўллаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда”, – дейилади муносабатда.

Kun.uz сайтида эълон қилинган интервьюни тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид