Ўзбекистон | 19:42 / 22.09.2025
19867
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ерлари ижарачиларига участканинг бир қисмини бошқа фойдаланувчига ўтказишга рухсат берилди

Ўзбекистонда энди ер ижарачилари қишлоқ хўжалиги ерларининг бир қисмини ижарага бера олади. Президент фармонида бундай ҳолатлар учун участкани ажратиш ва янги чегараларни белгилаш бўйича янги давлат хизмати ишга туширилиши кўзда тутилган.

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги ерларида маҳсулот етиштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармон имзоланди.

Ҳужжатга кўра, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари барча бўш турган қишлоқ хўжалиги ерларининг кадастрга ўз вақтида киритилиши, фойдаланиш ҳуқуқининг бекор қилиниши ва рўйхатга олинганидан кейин 10 кундан кечиктирмай электрон аукционга қўйилиши учун шахсан жавобгар бўлади.

Бундай ерлардан маҳаллий бюджетга тушадиган ижара даромадлари халқ депутатлари кенгашлари қарори билан фақат қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини — ирригация, сувни тежайдиган технологияларни ривожлантириш, янги ва ташландиқ ҳудудларни ўзлаштириш, илмий янгиликларни жорий этиш учун ажратилади.

Ижарачиларга ер участкаларининг бир қисмини (бунгача тўлиқ ёки қисман ижарадаги) минимал майдон талабларига (Ер кодексининг 46−1-моддаси бўйича) амал қилиш ҳамда чегаралар ва мавжуд суғориш тизимларини сақланиб қолиш шарти билан бошқа шахсларга ижарага бериш ҳуқуқи берилди. Бундай ҳолатлар учун участкани ажратиш ва янги чегараларни белгилаш бўйича янги давлат хизмати ишга туширилади.

Фармонда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларига мулкчиликнинг ягона шакли фақат ижара ҳуқуқи экани белгиланди. Мулкчиликнинг бошқа шакллари рўйхатга олинмайди, бундан қуйидагилар мустасно:

  • давлат органлари, муассасалар ва корхоналарнинг ижара ҳуқуқидан бошқа турдаги ҳуқуқ билан давлат рўйхатидан ўтказилган қишлоқ хўжалиги ерлари, шунингдек, ер фондининг бошқа тоифаларидаги қишлоқ хўжалиги ерлари;
  • 2021 йил 1 августга қадар якка тартибда уй-жой қуриш ҳуқуқи билан деҳқон хўжалиги ва томорқа хўжалигини юритиш учун ҳамда боғдорчилик ва узумчилик ширкатларига ажратилган ерлар.
  • 2027 йилнинг 1 январига қадар мулкдорлар ва фойдаланувчилар маҳаллий кенгашлар қарорлари асосида ижарага бериш ҳуқуқларини ўзгартириши мумкин. Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари учун ижара муддати 30 йил, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун 25 йил.

Мутасадди ташкилотларга жараённинг шаффофлигини таъминлаш, маълумотларни E-ijara тизимига ўз вақтида киритиш, доимий фойдаланишдаги ер участкаларини қайта тақсимлашни 2026 йил 1 январга қадар якунлаш ҳамда икки ой муддатда ижарага бериш бўйича янги нормаларни ҳисобга олган ҳолда ер қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни қайта кўриб чиқиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш юзасидан топшириқлар берилди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид