Жамият | 21:38 / 21.02.2023
18568
13 дақиқада ўқилади

“Шунча йил инсон ҳуқуқлари билан эмас, унинг тарғиботи билан шуғулландик” — фаоллар билан суҳбат

7 феврал кунги президент қарори билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди. Kun.uz соҳада қандай ўзгаришлар кутилаётгани, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бугунги вазият ва бу борадаги муаммолар ҳақида интервю ўтказди.

Интервю меҳмонлариИнсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, Швецияда жойлашган “Марказий Осиё уюшмаси” жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гулноз Мамарасулова ва адвокат Абдумалик Абдуллаев.

— Абдураҳмон ака, 7 феврал куни президент Мирзиёев имзолаган қарорни кўриб, бундан аввалги бир неча интервюларимизда айни шу масалани кўтарганимизни эсладим: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим.

Келинг, энг аввал ўша қарор билан таниш бўлмаганлар учун унда нималар кўзда тутилгани ва бу бизга, жамиятга нима бериши ҳақида қисқача гаплашсак.

Абдураҳмон Ташанов:

— Халқимизда тақиллатилган эшик очилмай қолмас, деган нақл бор. Ниманидир талаб қилсангиз, у етиб боради. Биз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масаласини жуда кўп марта гапирдик, ўзим ҳам ижтимоий тармоқларда кўп ёздим. Нега Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари университетлари йўқ, ҳатто ривожланган мамлакатларда ўрта мактаб дарсликларида ҳам бор, бизда нега бундай, деган катта чиқишлар қилдик. Ниҳоят 7 февралда президентнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида фундаментал таълимни ташкил қилиш бўйича қарори чиқди. Қарор бўйича мутасадди ташкилотлар йўналиш олиб, бу нарса Ўзбекистонда жорий этилади. Ва бу жудаям муҳим.

Нима учун муҳим? Масалан, 20-асрда қуролланиш юқори тенденцияга чиқди, кейинги йилларда бошқа бир соҳалар. Бугун, кейинги 10-15 йиллик даврда инсон ҳуқуқлари масаласи глобал муаммога айланади. Шу нуқтайи назардан бунинг фундаментал таълимини йўлга қўймасдан инсон ҳуқуқлари ҳақида гапириш мумкин эмас.

Сўнгги 30 йил давомида инсон ҳуқуқлари тарғиботи билан шуғулландик, лекин инсон ҳуқуқларининг ўзи билан шуғулланмадик. Ташкилотларни номигагина туздик, бирортаси инсон ҳуқуқлари бўйича жиддий тадқиқотлар олиб бормади. Масалан, омбудсман, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ кабилар томонидан кучли тадқиқот натижалари ёки аҳвол бўйича маълумотлар эшитмадик. Инсон ҳуқуқларига нисбатан жуда жиддий тажовуз бўлган пайтларда ҳам (қийноқлар билан ўлиш ҳолатлари) улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонида туриб, ҳолатларни яширишга ҳаракат қилишди. Ҳозирда сир жойи қолмади.

Шу масала бўйича кичик бир эълоним ҳам бор. Яқинда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти 2022 йил бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди. Бунда мамлакатимизда энг муҳим мавзулар бўлган сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, қийноқлар, маиший зўравонлик масалалари ўрин олган.

Биз инсон ҳуқуқлари билан шуғулланар эканмиз, биринчи навбатда тадқиқотларимиз бўлиши керак. Айтайлик, омбудсман, миллий марказ – уларнинг йиллик ҳисоботлари бўлиши ва уларда реал вазият акс этиши керак. Баландпарвоз гапларни айтиб юриш мумкин, лекин ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўяди. Масалан, Қўқондаги 15 ёшар бола ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қўлида ўлиши ёки қамоқхоналардаги қийноқ. Диний эркинлик, сўз эркинлиги билан боғлиқ масалалар бор. Буларнинг ҳаммаси ўша ҳисоботларда акс этиши керак.

— Инсон ҳуқуқлари ҳақида гаплашарканмиз, унинг Ўзбекистон учун оғриқли йўналишларидан бири гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган ёки қамоқ жазосини ўтаётган маҳбусларнинг ҳуқуқлари таъминланиши масаласи бўлиб қолмоқда.

Ўтган йил охирида кетма-кет даҳшатли ҳолатларга гувоҳ бўлдикки, нега бу муаммо бизда сақланиб қоляпти, унинг илдизи қаерда деган саволларни ўртага чиқаради. Хўш, сизлар нима дейсиз?

Гулноз Мамарасулова:

— Ўринли савол. Айнан қарорнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтиш керак. Тергов ҳибсхоналаридаги қийноқлар билан Ўзбекистоннинг узоқ йиллик «қора тарихи» мавжуд. Тергов ҳибсхоналари ёки қамоқхонадаги одамларга нисбатан турли қийноқлар, руҳий ва жисмоний босимлар бор. Бу нарса ҳақида халқаро ҳамжамият томонидан ва Ўзбекистоннинг ўзидаги мустақил фаолият юритувчи ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан доим гапириб келинади.

Бу каби босим ва тазйиқлар асосан терговчилар томонидан бўлаётганини таҳлил қилиш мумкин. Улардаги инсон ҳуқуқлари борасида маданият етишмаслиги – энг катта муаммо. Инсон ҳуқуқлари нима эканини, қандай соҳа эканини билмасликлари, тушунча йўқлиги оқибатида бундай ҳолатлар бўляпти. Агар қарор асосида тизимли стратегик тамойиллар ишлаб чиқарилса ва амалда жорий этилса, мана шу нохуш ҳолатлар бартараф бўлишини кузатишимиз мумкин.

Абдумалик Абдуллаев:

— Адвокатлик амалиётимда ҳам бу нарсага тез-тез дуч келаман. Инкор қилолмайман. Ва давом этяпти бундай ҳолатлар.

Сабаблари жуда кўп. Биринчи сабаб сифатида амалдаги айни шу муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик такомиллаштирилиши зарурияти. Бизга маълумки, Жиноят-процессуал кодекси ва Жиноят кодекси янги таҳрирда қабул қилиниши керак эди. Шунча вақт ўтди, лекин бу қонун лойиҳаси жамоатчиликка муҳокамага ҳам тақдим қилинмади ва қабул қилинмади. Айни шу соҳа муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик базасини такомиллаштириш зарурияти бор.

Иккинчидан, терговчиларнинг ўз устида ишлаши, у ёки бу жиноий таъқибни амалга оширишда жиноят иши қўзғатишдан маъно-мақсад нима эканини билиш кераклиги масаласи бор. Ва ўз навбатида терговчиларнинг мустақил эмаслиги. Шу кунгача амалиётимда бирор бир терговчи ўзидан юқори турувчи бошлиқлари устидан шикоят қилганини кузатмаганман. Чунки шикоят қилса, бир кунда ишдан кетиб қолиши мумкин.

Яна бир сабаб: терговчи терговини қилиш керак, ортиқча юклама бериш керакмас унга. Айтмоқчиманки, терговчи жиноят ишини олдими, уни қўзғатишдан маъно-мақсадни яхши англаб, тергов режасини сифатли тузиб, ўз навбатида олиб борилаётган тергов ҳаракатларга мутаносиб тарзда режасини ўзгартириб, охирда жиноят иши бўйича қонуний қарор қабул қилишни таъминлаши керак. Терговчилар наздида ишни судга чиқарсам, суд уни оқламайдими, нима қилсам экан, деб бўлим бошлиғига боради, прокурорга боради, судгаям боради. Суд қонунчилик талабидан келиб чиқиб фикрини айтади. Суд айтди-ку, деган фикр билан жиноят ишида айбловни илгари суриб, эртага оқлов ҳукми чиқмаслигига ишонч ҳосил қилиб, судга айблов хулосаси билан бериши мумкин. Бундай амалиёт ҳам сақланиб қоляпти.

Бундан ташқари, адвокатларга айрим ваколатлар етишмаяпти. Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ фақатгина маъмурий жавобгарлик бор. Адвокатнинг ўз мижози ёнига кира олмаслиги ҳам бор. Ҳимоячи ордер олдими, ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак. Гумондор шахс қаерда сақланаётган бўлишидан қатъи назар, адвокат билан ҳеч қандай монеликларсиз учрашиши керак. Шундай шароит яратилиши лозим. Ҳозир эса бу борада муаммолар бор. Ўтган йили сентябрь ойида Учтепа туманида мижозим олдига кириш учун 3 соатдан ортиқ кутдим.

Абдураҳмон Ташанов:

— Бу нарсалар ҳақида биз жуда кўп гапириб келяпмиз. Ўн йиллардан бери гапирилаётган гаплар амалга ошгани йўқ. Жазони ижро этиш тизими адлия идоралари бошқарувига ўтиши керак деган гапни 15-20 йилдан бери айтамиз. Қиламиз дейишади-ю, лекин барибир қилишмайди.

Ҳатто Россиядек тоталитар давлатда ҳам мустақил тергов қўмитаси бор. Бу терговчига ортиқча юкламалар ёки босимлар бўлмаслиги учун муҳим.

Яна бошқа муаммолар ҳам бор. Адвокатнинг жамиятдаги обрўси жуда паст бизда. Аввалбошдан адвокатлик билан шуғулланиб келаётганлар жуда кам. Қачонки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида муваффақиятсизликка учраса ёки бошқа ҳолатда адвокатликни танлашади. Чунки жамиятда мавқейи паст. Бу бизда узоқ йиллардан бери давом этаётган сиёсат билан боғлиқ. Давлат тизимларида ўзгартиришлар вақти келди. Маъмурий ислоҳотлар ҳақида гапирганимизда бир-иккита вазирлик аччиқ баёнотлар билан чиқди. Ҳозир велосипедни қайта кашф қилиш керак эмас, барча ривожланган мамлакатлар қилган ишни қилиш керак. Биринчи навбатда давлат тузилмаларини жойига қўйиб олиш керак. Ундан кейин ҳам муаммолар бўлади, ҳал бўлиб кетмайди. Муҳими тўғри йўлни танлаб олишимиз керак.

Давлатни бўлиш, тийиб туриш механизмларини жорий қилиш лозим. Аммо йилдан йилга орқага сурилиб келяпти. Суд тизимининг мустақиллиги масаласи ҳам бор. Олий суд раиси ўринбосари буйруғи билан шаҳар, туман, вилоят судларига хотин-қизлар борасидаги қайсидир масалалар билан шуғулланиш айтиляпти. Бу – қонунга тажовуз. Судьяларга нисбатан бундай дейиш мумкин эмас, шармандалик.

— Инсон ҳуқуқлари ҳақида гаплашяпмиз ва бу борадаги энг муҳим ҳуқуқлардан бири бу сўз, фикр эркинлиги ҳуқуқи. Биз бугун агар шу мавзуда журналистлар билан гаплашганимизда улар Ўзбекистонда ҳукумат алмашаркан, сўз, матбуот эркинлиги соҳасида сезиларли эркинлашув бўлгани, лекин яқин бир неча йил ичида берилган ўша эркинлик қандайдир депсиниш ҳолатига тушиб қолганини айтган бўларди.

Лекин бугун интервюда, сизлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўтирибсиз. Хўш, сизлар Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигига қандай баҳо берасиз ва журналистлар айтадиган ўша депсинишни қандай таҳлил қиласизлар?

Гулноз Мамарасулова:

— Мустақил фуқаролик жамиятининг миллий кенгаши деган ўз кенгашимиз ва барча вилоятда ўз вакилларимиз бор. Улар орқали инсон ҳуқуқларига оид муаммоларни ўрганиб борамиз. Доимий равишда вакилларимизга нисбатан сўз эркинлиги қандай бўляпти, муаммолар ёритилишига қўйишяптими ёки акси, деган саволларни қўямиз. Жавоблар эса ҳудудларда ҳар хил. Қайсидир вилоятда фаол ишлашяпти, қайсидирларида муттасил босимлар, тез-тез идораларга чақирилиб «тушунтиришлар» бўлади.

Журналистларга нисбатан бўлаётган ҳолат бизга, яъни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан ҳам бўляпти. Қайсидир соҳага индамаслик, қайсидирига мумкин, деган қолиплар қўйилади.

Абдураҳмон Ташанов:

— Сўз эркинлигининг бир нечта фундаментал асослари мавжуд. Биринчи навбатда ҳуқуқий асосларга бориб тақалади. Сўз эркинлиги жамиятга ҳам боғлиқ, фақат қонунга эмас. Бизда 14 та қонун бор сўз эркинлигини таъминловчи, бир-бирига мос келмайди ёки такрорлайди. Шундай давлатлар борки, қайсидир қонун сўз эркинлигини чеклаб қўйиши мумкин, деган фикр билан ўша қонун қабул қилинмаган. Ҳуқуқий асос бўлмаган ҳолатдаям сўз эркинлиги таъминланади яъни.

Сўз эркинлиги, матбуот – бошқарилаётган давлатнинг юзи. Журналист, блогерларда қўрқув бўлмаса, бу сўз эркинлиги таъминланганини билдиради. Сўз эркинлиги берилгани каби муаммолар келиб чиқаверади, худди тиббиётдаги каби. Муаммолар кўплиги сўз эркинлиги ривожланмаяпти дегани эмас. Аввалгига нисбатан эркинлик бор. Бу ҳолат ортга қайтмайдиган жараён деяпти президент. Лекин кўз олдимизда блогерлар жаримага тортиляпти, қамаляпти. Сўнгги вақтларда идораларга журналистларни, жамоат фаолларини чақиришяпти деган хабарларни кўряпмиз.

— Абдураҳмон ака, кўп бўлмади Ўзбекистонда Human.uz сайти бош муҳаррири ва яна бир неча журналист, блогерлар “Компромат иши” дея айтилаётган иш доирасида терговга жалб қилинган. Ва айни шу кунларда ҳам бу иш доирасида яна қатор фаоллар тергов бермоқда. Бу масалани айримлар соф товламачилик, шантаж сифатида тушунмоқда, яна айримлар эса Ўзбекистонда сўз эркинлигига қарши ҳаракат сифатида ҳам баҳоламоқда. Сиз ҳолатни қандай кузатяпсиз?

Абдураҳмон Ташанов:

— Бу масала бўйича фақат субъектив фикрлар айтишим мумкин. Бизга маълумига кўра, бу иш бўйича 3 нафар журналист ва яна бир киши ҳибсга олинган. Абдуқодир Мўминов билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат бор. Юқорида айтганимдек, масаланинг икки тарафи бўлади доим. Журналистлар ҳам, блогерлар ҳам жиноят қилиш, ҳуқуқбузарлик қилиш эҳтимолидан холи эмас. Сиз ҳам, мен ҳам қонунни бузишимиз мумкин ва бунга жазо муқаррар. Масаланинг иккинчи томони шундаки, қайсидир журналист, блогер жавобгарликка тортилса, унинг кузатувчилари, яхши кўрган инсонлар, ҳамкасблари қўрқувга тушади. Кимдир қонунни бузса, жавоб бериши керак, албатта. Лекин бунинг оқибатлари ҳам бўлади. Шунинг учун икки тарафлама қараш керак бу масалага.

Матбуот ривожлангани учунми, жамиятимиз жуда жиззаки бўлиб қолди. Ўз ҳамкасбингга шубҳа қиляпсанми, дейишлари мумкин. Йўқ, биз доим умид қиламиз, шубҳа эмас. Лекин кимдир қонунни бузган бўлса, жавоб бериши керак.

·       Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид