Ўзбекистонда млн долларлаб пора олиш одат тусига кириб қолди. Kun.uz навбатдаги суҳбатда фаоллар билан тобора йириклашиб бораётган коррупция ва унинг оқибатларини таҳлил қилди. Суҳбатдошлар фикрича, муаммонинг кўлами катталашиб бориши давлатчиликка рахна солади, унга қарши курашишнинг ягона ва ишончли йўли – сиёсий ирода.

Ўзбекистонда мансабдорларнинг пора олиши кескин камайиб, бюджет маблағларини талон-торож қилиш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятлари кўпайган. Бу ҳақда октябр ўрталарида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маълумот берганди.

Аммо яқинда Чирчиқ, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида бўлган кейслар бунинг аксини кўрсатаётгандек. Хўш, аслида иқтисодий жиноятлар нима сабаб содир бўлади, уни тийиб туриш механизмлари қандай ва бу борада биз қандай хатолар қиляпмиз? Айни мавзуни муҳокама қилиш учун Kun.uz сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиқ ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди.

– Дастлаб суҳбатни Чирчиқ кейси билан бошламоқчиман. Хабарингиз бор, яқинда Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 млн долларни олаётган вақтда ушланиб, қамоққа олинди. Ва бу ҳолат кўпчиликда савол туғдирган бўлса керак. Яъни бошқарув вертикалида қуйироқ мансаб эгаларининг катта суммада пора талаб қилгани қанчалик ҳайратланарли? Бошқарув вертикалида шу схемани қандай кўрасизлар?

Абдураҳмон Ташанов: Мана кўрсатувни гапнинг индаллосидан бошладингиз, яъни журналист сифатида сизни поранинг миқдорлари қизиқтираётгани кўриниб турибди. Ҳозир сиз 1 млн доллар ҳақида гапирдингиз. Ҳақиқатан 1 млн доллар – жаҳон миқёсида олинганда ҳам каттагина маблағ. Бу нимага сарфланишидан қатъи назар, пора сифатида олинадими ёки инвестициями, бошқами – нима бўлган тақдирда ҳам 1 млн доллар каттагина сумма ҳисобланади.