Ўзбекистон | 09:56 / 22.02.2023
5701
4 дақиқада ўқилади

2022 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати ҳолатлари аниқланмаган

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон ижтимоий адолатни илгари суриш ва меҳнаткашлар ҳуқуқини таъминлашда юқори натижаларга эришаётганини эътироф этди. 

Фото: Олий Мажлис Сенати

21 феврал куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида муносиб меҳнатни тарғиб қилиш” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус резолюциясига мувофиқ, 2009 йилдан буён 20 феврал халқаро ҳамжамиятда “Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни” сифатида нишонланиб келмоқда. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Сенат раиси, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси, қатор халқаро ташкилотлардан 100 дан ортиқ соҳа бўйича мутахассислар, хориж мамлакатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Олий Мажлис палаталари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган.

Тадбирда Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакатда сўнгги йилларда меҳнат муносабатлари соҳасида фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро ҳамкор ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганини қайд этиб ўтган.

Мамлакатимиз меҳнат бозори минтақадаги энг жадал ривожланаётган бозорлардан биридир. Айни вақтда тез ўсиб бораётган ишчи кучини бандлигини таъминлашда хусусий сектор муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, халқаро меҳнат стандартларига риоя қилиш, ижтимоий ҳимояни таъминлаш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш, гендер тенглик ва инклюзивликка эришиш Ўзбекистон учун энг устувор йўналишлардан ҳисобланади. Бу борада келгусида сиз ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бардавом бўлишига умид қиламиз.

Ҳозирги шароитда ижтимоий ҳамкорликни, яъни ҳукумат, иш берувчилар, ишчилар ва фуқаролик жамияти вакилларининг фаолиятини янада уйғунлаштириш ва ҳамжиҳатлигини ошириш зарур. Ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги, айниқса хусусий секторда жамоавий шартнома муносабатларини такомиллаштириш бўйича янги чора-тадбирларни қабул қилиш талаб қилинади.

Қолаверса, олдимизда Меҳнат инспекцияси фаолиятини янада мустаҳкамлаш, унга янги ваколатлар бериш вазифаси турибди. Бандликка кўмаклашиш марказларини фаол жалб этган ҳолда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур”, — дея таъкидлаган Сенат раиси.

Маълум қилинишича, Миллий комиссия сўнгги йилларда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш юзасидан халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда тизимли чоралар ишлаб чиққан ҳамда аниқ натижаларга эришилган. Хусусан, Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суришда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2021 йилда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025-йилларга мўлжалланган янги мамлакат дастури қабул қилинган.

Бугун халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги ислоҳотларга юқори баҳо бермоқда, айниқса, бу борада меҳнат тизимидаги ўзгаришлар ўзининг натижадорлиги билан ажралиб туради”, – дея таъкидлаган тадбирда Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори Х.Коллер.

Тадбирда 2022 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича ўтказилган мустақил мониторинг натижалари хам эълон қилинган. Ушбу мониторинг Халқаро меҳнат ташкилоти методологияси асосида фуқаролик жамияти фаоллари томонидан ўтказилган. Мониторинг натижалари йиғим-терим ишларида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати ҳолатлари аниқланмаганини, шунингдек, унда иштирок этганларнинг 0,24 фоизи мажбурий меҳнат асосида жалб қилинган бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Бу кўрсаткич 2021 йилда 1 фоизни, мониторинг ишлари бошланган 2015 йилда эса 14 фоизни ташкил қилганди.

Мавзуга оид