Дам олиш кунлари об-ҳаво қандай бўлиши маълум қилинди
Бугун республикамизнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига ва кечга томон қолган ҳудудларга Россиянинг Европа ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво массаси кириб келади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида баъзи жойларда асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Бухоро ва Навоий вилоятларида кун давомида, қолган ҳудудларда кечга томон баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Кундузги ҳарорат 15-20 даража илиқни, шимолда 0-5 даража илиқни ташкил этади.
Шанба куни Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қор ёғади, вақти-вақти билан кучли бўлади. Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятларида кечаси ва эрталаб бироз қор ёғади Фақат Қорақалпоғистон Республикаси бўйича қуруқ об-ҳаво кузатилади. Ҳаво ҳарорати пасаяди ва ҳудудларда кечаси ва кундузи 0-5 даража илиқ, шимолда кечаси 5-10 даража совуқ, кундузи 0-5 даража илиқ атрофида бўлади.
Бугун ва эртага фронти кириб келишида республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
26 февраль куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича қуруқ ва кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республиканинг катта қисмида ҳарорат кечаси 2-5 даража совуққача пасаяди. Кундузи қуёш ҳисобига ҳаво ҳарорати 7-12 даража илиққача кўтарилади.
Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Ушбу кунларда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.
Пойтахтда бугун кечга томон бироз ёмғир ёғиши мумкин. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати 16-18 даража илиқ бўлади.
Шанба куни вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, туман тушиши мумкин. Шамол ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси ва эрталаб 3-5 даража илиқни ташкил этади, кундузи 0-2 даража илиққача пасаяди.
Якшанба кунига бориб, ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кечаси 2-4 даража совуқ, кундузи 8-10 даража илиқ бўлади.