Саратон хавфи бор

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ва қизил гўшт истеъмоли саратон хавфини оширади.

ЖССТ бу маълумотни Саратонни тадқиқ қилиш халқаро агентлиги ўтказган тадқиқот асосида 2015 йилдаёқ эълон қилган. Тадқиқотда 10 та давлатдан 22 эксперт ўрганиш олиб борган. Ўрганиш натижасига кўра, қизил гўшт ва қайта ишланган гўшт маҳсулотлари саратонга мойилликни оширади, деб топилган.

Қизил гўшт, асосан, йўғон ичак саратонига сабаб бўлади, бундан ташқари, ошқозон ости бези ва простата саратонига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Лекин «айнан шундай» дейиш учун тадқиқот тўлалигича далил тўплай олмаган. Шунинг учун қизил гўшт саратонга сабаб бўлиши эҳтимоли бор, деган хулосага келади.

Қайта ишланган гўшт маҳсулотларининг эса йўғон ичак саратонига сабаб бўлиш хавфи юқори ва тадқиқот буни исботлаш учун етарлича далил тўплай олган.

Қизил гўшт — барча сут эмизувчилар: мол, қўй, эчки, от каби ҳайвон гўштлари.

Фото: Getty Images

Қайта ишланган гўшт маҳсулотлари эса таъмни яхшилаш учун тузлаш, турли ферментлар қўшиш ва бошқа усуллар билан ишлов берилган гўштдир. Булар — колбаса, сосиска, дудланган, консерваланган гўштлар, таркиби гўштдан иборат таъм берувчи зираворлар ва соуслар.

Фото: Getty Images

Хавф қанчалик?

Экспертлар хулосасига кўра, қайта ишланган гўштни кунига 50 г порцияда истеъмол қилиш йўғон ичак саратони хавфини 18 фоизга оширади. Гарчи қайта ишланган гўшт сабаб саратон келиб чиқиш хавфи ҳар бир инсон учун индивидуал олганда жуда юқори бўлмаса ҳам, лекин унинг истеъмоли ошиши билан хавф ҳам ошади. Қолаверса, бундай маҳсулотларни оммавий тарзда кўп истеъмол қилиш глобал саломатлик индексига ҳам салбий таъсир қилади.

Экспертлар бундай хулосага келгунча 20 йилликни ўз ичига оладиган 800 дан ортиқ тадқиқотларни ўрганиб чиқишган. Бу тадқиқотлар бир қанча давлатларнинг турли хил диеталарини ўз ичига олади.