Жаҳон | 11:03 / 27.02.2023
10228
2 дақиқада ўқилади

МРБ бошлиғи Хитой Россияга қурол бериши эҳтимоли ҳақида гапирди

Хитой раҳбарияти Россияга ёрдам кўрсатиш имкониятларини ўрганмоқда, деди АҚШ разведкаси раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Байден маъмурияти бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Фото: AP

Қўшма Штатлар Хитойнинг Украинага қарши уруш учун Россияга қуроллар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётганига, бироқ ҳали якуний қарор қабул қилинмаганига «ишончи комил». Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бернс 25 февраль, шанба куни CBS News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Биз Хитой раҳбарияти қурол (Россияга) бериш имкониятини кўриб чиқаётганига ишончимиз комил», — деди Бернс. Унинг сўзларига кўра, Хитой расмийлари ҳозирча ҳеч қандай қарорга келмаган ва АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Марказий разведка бошқармаси разведка маълумотлари билан бўлишиб, уларни бундай қадамдан огоҳлантиришга ҳаракат қилмоқда.

«Биз якуний қарор қабул қилинганини ва қуролларнинг ҳақиқий етказиб берилганига оид далилларни кўрмаяпмиз. Шунинг учун, менимча, котиб Блинкен ва президент бунинг оқибатлари қандай бўлишини аниқ тушунтиришни муҳим деб билишди», - деди Марказий разведка бошқармаси директори. Бернснинг қўшимча қилишича, Пекин Москвага қурол етказиб бериши «жуда хавфли ва оқилона бўлмаган ҳаракат» бўлади.

Марказий разведка бошқармаси директорининг сўзларига кўра, Хитой раҳбари Си Жинпинг айниқса «Владимир Путиннинг Украинадаги тажрибаси, уруш ривожи»ни диққат билан кузатмоқда. «Менимча, у кўп жиҳатдан кўрган нарсасидан тушкунликка тушди ва ҳушёр ҳолатга келди», деб хулоса қилди Бернс.

Ўтган ҳафта АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен CBS Face the Nation дастурига берган интервьюсида Хитой Россиянинг Украинага қарши урушида «ёрдамни кўриб чиқаётганини» айтди. Унинг қўшимча қилишича, бу ёрдам «ўқ-дорилардан тортиб қуролларгача» бўлиши мумкин.

Мавзуга оид