Европа Иттифоқи Россияга қарши 10-санкция пакетининг мазмунини эълон қилди
Брюсселда бўлиб ўтган брифингда Россияга Украинага қарши уруш учун ҳафта охирида қабул қилинган ЕИнинг 10-санкция пакети мазмуни эълон қилинди.
Маълум бўлишича, ЕИ россиялик фуқароларга ЕИдаги муҳим инфратузилма корхоналари бошқарув органларида лавозимларни эгаллашни тақиқлайди, шунингдек, Россия компаниялари учун Европа Иттифоқи мамлакатларидаги газ омборларидан фойдаланишни ёпади, деб хабар беради DW мухбири.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи музлатилган активлар бўйича янги ҳисобот қоидаларини жорий қилади - энди улар нафақат хусусий, балки Россия Федерациясининг давлат активларига ҳам тегишли. Шу тариқа Брюссел уларнинг қаердалигини аниқлаш ниятида.
Шунингдек, ахборотнинг сизиб чиқиши натижасида санкциялар қўлланилишини кутган ҳолда активларни сотишга уринишлар тўғрисида хабар бериш мажбурияти ҳам жорий этилган. Унинг бузилиши жиноий оқибатларга олиб келиши мумкин, деди Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси Брюсселдаги брифингда.
Чартер компаниялари санкциялар остидаги россияликларнинг Европа Иттифоқига киришига йўл қўймаслик учун қўшимча маълумотларни тақдим этишлари керак бўлади. Икки томонлама мақсадли товарларнинг Россияга етиб боришига йўл қўймаслик учун Европа Иттифоқидан учинчи давлатларга транзит тақиқланади.
Россия битуми ва асфальтига, шунингдек, синтетик каучук маҳсулотига эмбарго жорий қилинган. Иккинчиси учун 16 ойлик ўтиш даври мавжуд, шунинг учун уни сотиб олаётган мамлакатлар аста-секин бошқа етказиб берувчилардан харидларга ўтишлари мумкин.
Тарғиботчилар орасида RT ва араб тилидаги Sputnik, Пригожиннинг «Патриот»и, «Роскомнадзор» аъзолари, шунингдек, айрим ОАВ ходимлари санкцияга тортилди, уларнинг исмлари ҳозирча ошкор этилмаган.
Бундан ташқари, жазо чоралари Украинада Россия армияси томонидан ишлатиладиган товарларни сотиб олган Эрон компанияларига, шунингдек, Дубайдаги «Совкомфлот»га тегишли компанияга таъсир кўрсатди.
Федерация Кенгаши аъзолари, Россия Мудофаа вазирлигининг 12 нафар юқори мартабали амалдорлари, Соледарга бостириб кирган «Вагнер» ХҲК қўмондонлари, украиналик болаларни депортация қилишда иштирок этган шахслар ва Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларидаги «ҳокимият вакиллари» санкциялар рўйхатига қўшилди.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53 / 13.11.2024